Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Харри Реднапп: «Англия терма жамоаси ЖЧда қатнашиши шарт»

Баҳо:
+1 | -

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй етакчилигидаги ҳукумат раҳбарлари (Ташқи ишлар вазири Борис Жонсон, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Майкл Гоув, ЕИдан чиқиш ҳаракатига масъул Дэвид Дэвис), Россия Разведка бошқармаси собиқ хизматчиси Сергей Скрипалнинг заҳарланиши баҳонасида ЖЧ-2018га нисбатан «бойкот» эълон қилиш масаласини ўртага ташлашди.

Оддий айтганда, сиёсатчиларнинг хулосаларига кўра, Англия терма жамоаси Россия мундиалида иштирок этишдан бош тортиши керак.

Қизиқ, футбол жамоатчилиги бунга қандай муносабат билдирмоқда? Россиялик журналистлар шу масала юзасидан таниқли мураббий Харри Реднаппни суҳбатга тортишди.

- Жаноб Реднапп, эълон қилиниши эҳтимоли бор «бойкот» ҳақида эшитгандирсиз...

- Ҳа, эшитдим, бир кишининг заҳарлангани хусусида ҳам ўқидим. Лекин можаронинг икир-чикирларига тўхталишни истамайман. Ҳар қанча уринмайлик, воқеанинг тўлиқ тафсилотларини билолмаймиз. Унинг қандай юз бергани номаълум, газеталарда эса истаганларича ёзишлари мумкин.

- Буюк Британия ҳукумати ва қироллик оиласи Россия сафаридан воз кечди. Наҳотки, сиёсатчилар энди Англия терма жамоасини ҳам ЖЧга юбормаса...

- ЖЧга нисбатан «бойкот» эълон қилиш ноўрин, менимча. Зеро, Англия термаси йўлланмани кураш орқали қўлга киритди ва энди мусобақада қатнашиши шарт. Шахсан мен расмий «бойкот» бўлишига ишонмайман.

- Бундай ишонч асоси нима?

- Ҳозир ажабтовур вазият юзага келгани рост. Масаланинг туб моҳиятини тушунмаяпман. Авваллари, дейлик, урушлар пайти Россия, Буюк Британия ва АҚШ иттифоқчи мамлакатлар бўлганини яхши биламан. Энди-чи? Очиғи, бу саволга жавобим йўқ.

- Тасаввур қилинг, терма жамоа бош мураббийисиз ва раҳбарлар ЖЧга боришни тақиқлашса, қандай йўл тутардингиз?

- Ҳукумат рухсат бермаса, табиийки, илож қолмайди. Аммо барчаси шу даражага бормаса керак. Ахир англиялик мухлислар жамоанинг ЖЧда иштирок этишини истайдилар, боз устига, чипталар харид қилинган, ёзги режалар аниқ.

Тақиқ амалда тасдиқланса, футболчилар ҳам кучли маънавий зарба остида қоладилар. Ахир улар турнирга узоқ тайёргарлик кўришди, саралаш босқичи машаққатларини енгиб ўтишди. Хуллас, Англия термасининг ЖЧдан бош тортишини ҳаттоки, тасаввур ҳам қилолмайман.

- Британия матбуоти ЖЧ-2018 ташкилотчилиги бўйича қандайдир камчилик қидиришдан чарчамаяпти. Гўёки, инглизлар Россиянинг мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритганидан қаттиқ норозилар. Сиз-чи, хафа эмасмисиз?

- Бундай фикрлардан йироқман. Россия мундиали аъло даражада ўтишига ишонаман. Мухлислар билан ишлаш ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳам қандайдир муаммо юзага келмаса керак. Ахир ЖЧнинг аъло даражада ўтишидан энг аввало, мезбон мамлакат манфаатдор.

Хуллас, Россия ҳукумати барча ишларни юксак савияда йўлга қўйиш учун зарур чора-тадбирлар қўллаши тайин. Шахсан ўзимга келсак, афсуски, боролмайман. Чунки ҳеч ким мени таклиф қилмади. Шундай экан, мундиал ўйинларини уйда, ТВ орқали кўраман. Эҳтимол, қайсидир телеканалда эксперт сифатида кўриниш ҳам берарман.

- Нима деб ўйлайсиз, айни пайт спорт сиёсатдан холими?

- Спорт сиёсатга алоқадор эмас, албатта. Фақат сиёсатчилар муаммоларни футболга боғламасалар, бас. Яъни қайсидир масалани ҳал қилишда футболдан фойдаланмасликлари керак. Хусусан, Англия терма жамоасининг ЖЧдан четда қолиши бутун футбол олами учун чинакам фалокат саналади.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 19:29, 25.03.2018.
Ўқилди: 2498 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.