Хорватиянинг «Марсония» клуби футболчиси Бруно Бобан кўкрагига тўп текканидан сўнг, ҳушидан кетиб, оламдан ўтган эди.
Index нашри хабарига кўра, тиббий таҳлиллар натижасида, Бобан юрак хуружидан сўнг вафот этгани аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, фожиа Хорватиянинг нуфузи жиҳатдан учинчи лигаси саналган чемпионат доирасидаги «Марсония» ва «Славония» жамоалари ўртасидаги учрашув вақтида рўй берди. Ўйиннинг 25-дақиқасида Бруно Бобаннинг кўкрагига тўп келиб тегди, у бироз вақт ўтиб майдонда чўккалаб қолди ва ҳушини йўқотди.
Клуб шифокори дарҳол биринчи ёрдамни кўрсатган, бироз ўтиб стадионга етиб келган тез ёрдам машинаси уни шифохонага олиб борган. Бироқ кўрсатилган ёрдамлар фойда бермаган ва футболчи ҳаётдан кўз юмган. Бугун, 26 март куни уни дафн қилиш маросими ўтказилди.