Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Абдумавлон Абдужалилов: «Ҳаддан ортиғини сўраш ношукурлик бўлади»

Баҳо:
+ | -

ФИФА кунлари сабаб Ўзбекистон Суперлигасида кичик танаффус юзага келди. Жамоалар ўтказилган 3та турдан сўнг бироз тин олиб, кейинги ўйинларга тайёргарликни давом эттиришяпти.

Эътиборингизга «Нефтчи» жамоаси дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов билан уюштирган суҳбатимизни ҳавола қиламиз. Учта ўйиндан иккитасида дуранг қайд этган фарғоналиклар ҳали рақиб дарвозаси томон йўл топа олишмади.

- Абдумавлон, Суперлиганинг 3та тури ҳам ортда қолди. Шахсий кузатишларингиз асносида ўтказилган ўйинлар ҳақида нималар деган бўлардингиз?

- Албатта, таассуротлар ижобий. Ўйинлар жуда яхши савияда ташкил этиляпти, деярли барчаси муросасиз курашлар остида кечяпти. Ҳар турда камида битта ёки иккита кутилмаган натижа кузатилмоқда. Мухлисларнинг стадионларга ташрифи ҳам анчагина ошди.

Айниқса, Фарғона, Наманган, Қарши ва Бухородаги ареналар мухлислар билан тўляпти. Миллионлар ўйини ихлосмандлари футболни соғиниб қолишган экан. Кучли жамоаларнинг ҳаммаси 3-турга келибоқ очко йўқотди.

«Локомотив» дуранг ва мағлубият қайд этди, «Насаф» ва «Бунёдкор» ҳам икки очкодан маҳрум бўлди, «Пахтакор» ютқазди. Ишончим комил, қолган тур ўйинлари шиддат бобида шу кунгача ўтказилган учрашувлардан қолишмайди.

- Ҳакамликка ҳам деярли эътирозлар бўлмаяпти...

- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Ҳакамларга ҳозирча эътироз йўқ. Охиригача шундай бўлиб қолсин. Масалан, «Нефтчи» иштирокидаги учала ўйинда ҳам ҳакамлар иши бўйича баҳсли ҳолат кузатилмади.

- «Нефтчи»нинг иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Жамоамиз ўйинларида шиддат яққол кўзга ташланяпти. Йигитлар майдонда кўзлари ёниб ҳаракат қилишмоқда. Фақат ҳозирча бироз омадимиз келмаяпти. Кейинги учрашувларда ўзимизга келиб олишимизга ишонаман.

- Жамоавий ўйин масаласида муаммо йўқми? Футболчилар бир-бирларини тушуниб ҳаракат қилишяптими?

- Фикримча, 1-2 ойда йиғилган жамоа учун дастлабки учта турда кўрсатилган натижа ёмон эмас. Футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилишлари учун эса бироз вақт керак бўлади. Турдан-турга жамоавий ўйин шаклланиб боряпти.

- «Нефтчи» аввалги шонли давридаги даражасига қайта оладими?

- Албатта, қайтади. Бу ҳозирда «Нефтчи»да ишлаётган ҳар бир кишининг олий мақсади ҳисобланади. Фикримча, бунга босқичма-босқич эришилади. Замонавий футбол кундан-кунга ўзгариб боряпти. Озгина ҳаракат қилмасангиз, ишлашдан тўхтасангиз, қолганлар сиздан ўзиб кетишади.

- Жамоа раҳбарияти бу борада қандай иш олиб боряпти?

- Клубимиз мутасаддилари ҳозирги замон футболи қўйган талабларни бажариш йўлида меҳнат қилишмоқда. Футболчиларнинг ҳеч нарсани ўйламай, фақат мазмунли ўйин намойиш этиш ва ғалаба қозонишлари учун шароитлар етарлича.

Хоҳ моддий, хоҳ маънавий томондан бўлсин, раҳбарларимиз бизни қўллаб-қувватлаб туришибди. Фикримча, футболчи учун бундан ортиғини сўраш ношукрлик бўлади. Олдин шунга лойиқ ўйин кўрсатиш керак.

- Суперлига ўз номига муносиб ўтяптими?

- Менимча, бу масалада ҳозирча бирор хулоса чиқаришга эрта бўлса керак. Чунки чемпионат энди бошланди. Агар ҳаммаси ҳозиргидек давом этса, у ҳолда Суперлига ўз номига муносиб тарзда ўтказилаётган бўлади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам аввалги йиллар билан таққослаганда, барибир, фарқ кўзга ташланяпти. Ҳар бир жамоа кучли олтиликка киришга интилмоқда.

- «Нефтчи» 3та ўйиндан бери рақиб дарвозасини ишғол қила олмаяпти. Бу нимадан дарак? Қачон нохуш анъанага чек қўйилади?

- Тўғри, ҳозирча бизга гол уриш насиб қилмаяпти. Озгина омад ва маҳорат бобида етишмовчилик бор. Машғулотларда астойдил ҳаракат қилиб, бу нохуш анъанага тез орада барҳам берамиз, деб ўйлайман. Энг муҳими, рақиб дарвозасини ишғол қилиш йўлида қулай вазиятлар яратиляпти.

- «Бунёдкор» билан ўйинда жамоа мағлубиятга ло-йиқмиди? Ютқазиш сабаблари муҳокама қилиндими?

- «Бунёдкор»га қарши кечган учрашувдан сўнг жамоага қисқа таътил берилди. Ишончим комил, ана шу танаффус чоғида ҳар бир футболчи ўз ўйинини таҳлил қилмоқда. Таркиб тўлиқ йиғилганидан сўнг бу мавзуга яна қайтилади

. Бевосита учрашувнинг ўзига келсак, ғалабага лойиқ ўйин кўрсатмадик, ўз навбатида, мағлубиятга ҳам муносиб эмасдик. Иккинчи бўлимда дарвозамиз олдида деярли хавфли вазиятлар содир этилмади. Шунчаки, меҳмонлар маҳорат эвазига камсонли ҳужумлардан бирини голга айлантиришди.

- Жамоада рақобат етарлими?

- Албатта, рақобат бор. Захирадаги футболчилар ҳам майдонга тушиб, ўзларини кўрсатишга тайёрлар.

- Дарвозабонлар орасида-чи?

- Бу чизиқда ҳам худди шундай. Бизнинг вазифамиз - ҳар бир ўйинга тайёр бўлиш, қолганини мураббий ҳал қилади.

- Вазиятга реал нигоҳ билан қарасак, «Нефтчи» биринчи босқич якунларига кўра, кучли олтиликка кира оладими?

- Бу осон эмас. Агар барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, ушбу вазифани уддаласак бўлади. Жамоамизниниг олдида бошқа йўл ҳам йўқ. Фақат шу тариқа «Нефтчи»нинг аввалги обрўсини тиклаш мумкин.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 13:12, 30.03.2018.
Ўқилди: 2389 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.