“Насаф” – “Металлург” учрашуви якунига етгач, учрашув якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Металлург” жамоаси бош мураббийи Андрей Шипилов ва учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Сухроб Нуруллоев иштирок этишди.
Андрей Шипилов: — Авваламбор, “Насаф” клуби раҳбариятига бизни яхши кутиб олишгани, бизга нисбатан кўрсатилган ҳурмат ва яратиб берилган шароит учун катта ташаккур изҳор этаман. Бу миннатдорчилигимни ўйин қандай натижа билан тугаган тақдирда ҳам айтган бўлар эдим. Чунки бизга меҳмон сифтатида катта эҳтиром кўрсатилди. Бу ердаги шароитлар аъло даражада. Энди ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам. Биз бугун қандай рақиб билан ўйнашимизни олдиндан тасаввур қилган эдик. “Насаф”да ажойиб мураббийлар, кучли ва таниқли футболчилар бор. Жамоанинг аксарият ўйинчилари турли терма жамоаларда тўп тепишади. Биз бугун кучли рақиб билан ўйнадик. Бу жамоа билан очиқ футбол ўйнаш жуда хавфли. Бугунги дуранг биз учун ғалабага тенг бўлди.
Суҳроб Нуруллоев: - Авваламбор, бугунги учрашувда бизга далда бўлган мухлисларимизга ўз ташаккуримни билдираман. Биз бугун кучли рақибдан очко олишга эришдик. Бугун жамоадошларимиз жуда аҳил ўйин кўрсатишди. Кейинги ўйинларда ҳам ижобий натижаларни қўлга киритиб, мухлисларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз.
Андрей Шипилов: - Бугунги учрашувнинг дастлабки бўлимида бизда ўз кучимизга бўлган ишонч етишмади. Дастлабки дақиқаларда яхши ҳимояландик. Тўғриси, биз Ғаниев ва Ҳамробековдан жуда хавфсираган эдик. Кутганимиз бўлди, Ғаниев дарвозамизга гол уришга эришди. Бу футболчи жуда мазмунли ўйин кўрсатади. У усталик билан бугун гол урди. Ҳаттоки бу голда посбонимизни айблаш ноўрин бўлади. Ғаниевнинг маҳоратига тан бермасдан иложимиз йўқ. Иккинчи бўлимни мазмунлироқ ўтказдик, чунки танаффусда футболчиларимизга керакли кўрсатмаларни бердган эдик. Тўғри, рақибимиз бугун бизга нисбатан кучли ўйнади. Биз ҳам бехато ҳимояландик, кўп вазиятларда дарвозабонимиз маҳоратини намойиш этди.
Сухроб Нуруллоев “Пахтакор”да қўлимда шуғулланган. Мен бу ўйинчини келажагига ишонаман. Шунинг учун унга ишонч билдираяпман. У аввалги клубида рақобат кучли бўлгани учун захирада қолиб кетаётган эди.