"Бавария" клуби директорлар кенгаши раиси Карл-Хайнц Румменигге "Боруссия"нинг собиқ устози Томас Тухелнинг мюнхенликларнинг таклифини рад этганини маълум қилди.
"Мен янги бош мураббий номини апрель ойи охиригача эълон қилиш устида ишлаяпман. Аммо биз хотиржаммиз, ҳеч қаерга шошаётганимиз йўқ. Мавсумолди тайёргарликка бир ҳафта қолганида мураббий ёллаган вақтлармиз ҳам бўлган. Асосий талаб: мураббий немис тилида гаплаша олиши керак.
Спорт директоримиз Ҳасан Салиҳамиджич мураббийлар билан музокаралар олиб бормоқда, улар орасида Тухель ҳам бор эди. Ўтган жума куни у бизга бошқа клуб билан келишиб қўйганини маълум қилди. Буни қабул қилдик, бу биз учун муаммо эмас", - дейди Румменигге.
Аввалроқ Тухель номзодини "ПСЖ" ва "Арсенал" билан боғлаган эдилар. "Бавария"ни вақтинча бошқариб турган Юпп Ҳайнкес ёзда вазифасидан кетади.