Ямайкалик афсонавий спринтер Дортмунд клубининг машғулотида тўлақонли иштирок этди. Кўпчилик билади, енгил атлетика қироли (8 карра Олимпиада ва 11 карра жаҳон чемпиони) профессионал футболчи сифатида ҳам ўзини кўрсатмоқчи.
Ямайка фахри бу орзу йўлида аллақачон жиддий ҳаракатга киришган ҳам. Қизиқ, у футболчилар орасида қандай кўринди?
«СЭ» нашри Болтнинг айнан «Боруссия»даги машғулотига тўхталиш баробарида унинг атрофида юз бераётган ва кузатилиши кутилаётган воқеаларга эътибор қаратди.
НИМА БЎЛДИ?
100 ва 200 метр масофага югуриш бўйича 31 ёшли жаҳон рекордчиси «Боруссия» машғулотига қўшилган пайт ҳаво анча совуқ эди - чамаси минус 5 даража. 2017 йилги жаҳон чемпионатидан сўнг енгил атлетика билан хайрлашган спортчи умумий гуруҳда тўлақонли ишлади. Яъни унга ҳеч қандай имтиёз берилгани йўқ.
Болт хусусан, чигалёзди машқларидан сўнг ўтказилган икки томонлама ўйинда ҳам қатнашди. Тўғри, у майдонда гоҳо спринтерлик қобилиятини кўз-кўз қилишдан тийилмади. Яъни ҳаракатларида футболга хос усуллардан кўра, енгил атлетика «қурол»лари яққолроқ сезилди.
Муҳими, Усейн «Боруссия» футболчиларидан ажралиб қолмади. Мисол учун, ҳамма қатори йиғма дарвозани кўтариб, белгиланган жойга ўрнатди, пенальти тепишда маҳорати чакки эмаслигини кўрсатди.
Битта фарқи шуки, машғулотдан сўнг футболчилар дарҳол тарқалишди, Болт эса мажбурият юзасидан журналистлар билан гаплашишга вақт ажратди.
Айтиш жоиз, Дортмунд клуби раҳбарияти қарорига кўра, машғулот жараёни очиқ бўлди ва ямайкалик спортчининг футболчилар даврасидаги ишини чамаси 1500 мухлис бевосита кузатиб борди.
БУНГАЧА НИМА БЎЛГАНДИ?
Кўпчиликка маълум, Болт енгил атлетика ичида «қайнаётган» паллаларда ҳам ўз салоҳиятини катта футболда синаб кўриш орзусини яширмаган, бу борада такрор-такрор гапирган. «Манчестер Юнайтед»га ошуфта собиқ спринтер нега айнан «Боруссия»да юрибди? Гап шундаки, Дортмунд ва Манчестер жамоалари ягона техник ҳомийга эга.
Болт енгил атлетика бўйича охирги жаҳон чемпионатида бироз «оқсади». Яъни 2017 йилнинг августида Лондонда ташкиллаштирилган мусобақанинг 100 метр масофага югуриш йўналишида атиги бронза медалини қўлга киритди. Ваҳоланки, бу масофа унинг учун энг қулайи ҳисобланарди.
Боз устига, Усейн 4х100 метрга югуриш эстафетасининг финал босқичида жароҳатга йўлиқди. Ямайкалик спортчи шундан сўнг тикланиш жараёнига анча вақт сарфлади ва қишда яна футболчилик орзуси ҳақида гапира бошлади. Бу сафар гаплари анча жиддий эди.
Хуллас, йил аввалида март ойигача сабр қилиши ва ке-йин Дортмундга йўл олишини айтган Болт футболга режа бўйича қадам ташламоқда. Тўғри, унинг келажаги, хусусан, «МЮ»да ўйнаш-ўйнамаслиги аниқ эмас - барчаси машғулотлар жараёнига боғлиқ. Айтишларича, спорт юлдузини шахсан сэр Алекс Фергюсон қўллаб-қувватламоқда.
Дарвоқе, Усейн февралда ижтимоий тармоқ орқали профессионал футбол клуби билан расман шартнома тузгани ҳақида хабар бериб, чинакам шов-шув кўтарганди. Боз устига, у Чемпионлар Лигаси даражасидаги жамоа сафига қўшилганини қўшимча қилганди. Натижада ҳамма Болтга ўз эшигини очган клуб номини топишга уринди.
Кўпчилик «Боруссия» Д. ва «МЮ»ни тилга олгани тушунарли, шунингдек, ЖАРнинг «Мамелоди Сандаунз» жамоаси варианти ҳам муҳокама қилинди. Кейинроқ Болтнинг 23 мартдан «Боруссия» машғулотларига киришиши ва 10 июнь куни «Олд Траффорд»да ташкиллаштириладиган хайрия ўйи-нида иштирок этиши расман тасдиқланди.
Айтганча, ямайкалик спортчи «Боруссия» машғулотларига қўшилишдан 2 кунча олдин Швейцарияда бўлиб, Диего Марадона ва Жозе Моуриньо жамоалари ўртасидаги шоу учрашувида майдонга тушди.
Ушбу тижорат ўйини мини майдонда ўтказилди ва унда Алексей Смертин, Марко Матерацци, Эрнан Креспо, Роберто Карлос, Давид Трезеге, Марсель Десайи, Патрик Клюйверт, Дэмьен Дафф каби собиқ футболчилар қатори ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам тўп сурди.
ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.