Янги форматда ташкил этилаётган Про-лиганинг дастлабки тур учрашувларига 6 апрель куни старт берилишидан хабарингиз бор. Шу куни «Андижон» жамоаси ўз майдонида «Машъал» клубини қабул қилади.
Про-лиганинг 1-тур жуфтликлари орасида айнан «Андижон» ҳамда «Машъал» жамоалари ўртасидаги қарама-қаршилик турнинг марказий ўйини сифатида эътироф этилмоқда. Боиси иккала клуб ҳам Про-лиганинг фаворитлари ҳисобланадилар ва шунга мос равишда Суперлигага йўлланмани қўлга киритиш учун ҳам асосий даъвогарлар эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Мухлислар мазкур ўйинни интиқлик билан кутишмоқда. Шунга яраша муҳим беллашув олдидан «Андижон» жамоаси ҳам «Машъал»га қарши астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Жамоа аъзолари бутун мавсум учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишди ва эндиликда 1-тур ўйини учун алоҳида шуғулланилмоқда.
Бош мураббий Элдор Сакаев «Машъал»га қарши ўйин учун алоҳида тактик услубларни қўллаши кутилмоқда. ги бўлиб ўтган машғулотда ҳам футболчилар «Машъал»га қарши ўйин учун махсус тактик услублар устида ишладилар. Кўриниб турибдики, «Андижон» клуби устозининг ушбу ўйин учун алоҳида ўйлаб қўйган режаси бор. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, футболчилар машғулотларда катта иштиёқ билан шуғулланмоқдалар. Ҳар бири фақат ғалаба ҳақида ўйламоқда ва кайфият ҳам шунга яраша юқори даражада.
Эслатиб ўтамиз, «Андижон» - «Машъал» ўртасидаги ўйин 6 апрель куни «Соғлом авлод» стадионида соат 18:00 да бошланади.
«Андижон» матбуот хизмати.