Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Зоҳир Қўзибоев: "Динамо"га Суперлигага чиқиш учун келдим"

Баҳо:
+ | -

Ушбу ҳафтада старт оладиган Про-Лига мавсуми олдидан “Динамо” жамоаси таркибни тажрибали футболчилар билан кучайтирди. Суперлигага чиқишни мақсад қилган Самарқанд клубининг сўнгги трансфери “Машъал” ҳужумчиси Зоҳир Қўзибоевнинг “Динамо”га ўтиши бўлди. Янги мавсум олдидан тажрибали ҳужумчи «Динамо» клуби матбуот хизматига интервью берди.

- Зоҳир, аввало “Машъал” жамоасини тарк этишингиз ҳақида тўхталсангиз. Ҳар ҳолда айнан Муборак клубида танилгангиз...

- Чинданам, айнан “Машъал”даги фаолиятим орқали мухлисларга танилдим, ўсишга эришдим, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳам чақирилдим. Муборак клубдаги фаолиятимни унутмайман. Бу жамоадаги раҳбарият ва мураббийлардан миннатдорман. Жамоани тарк этишимга сабаб, ҳар бир футболчи фаолиятида бўлгани каби менда ҳам сўнгги мавсумда омадим унча юришмади, ўз ўйинимдан ҳам қониқмадим. Шу боис муҳитни янгилаш вақти келди деб ҳисобладим ва жамоани тарк этдим. “Машъал”ни тажрибали футболчилар тарк этишди, таркиб анча янгиланди. Умуман олганда, “Машъал” ва “Динамо”нинг Суперлигадан чиқарилиб, Про-Лигага туширилиши кутилмаган қарор бўлди.

- Мавсумлар оралиғида бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлганмиди?

- “Машъал”ни тарк этганимдан кейин Суперлигада иштирок этиши маълум бўлган Фарғонанинг “Нефтчи” клубидан таклиф бўлди. Жамоа йиғинида иштирок этдим, аммо якунда жамоада қолмадим. Сўнг бир муддат Ғузорнинг “Шўртан” клубидан таклиф олиб, жамоа билан бирга шуғулландим. Ўшанда Про-Лига клубларидан “Андижон” ва “Динамо”дан ҳам таклиф тушганди. Самарқанд Қашқадарёга яқинлиги ва жиддий мақсад қўйганлиги боис “Динамо”га келдим.

- “Динамо”га ўтишингиз қандай кечди?

- Клуб бош менежери Илҳом ака Шарипов мени жамоага таклиф этдилар. Бир ҳафта олдин клуб билан бир йиллик шартнома имзоладим. Очиғини айтсам, Суперлигага қайтиш учун “Динамо”га келдим. Бу жамоа Самарқанд вилоятининг бош жамоаси эканлиги боис, ўз олдига Про-Лига ғолиблиги ва Суперлигага чиқишни мақсад қилган. Бу вазифани амалга ошириш учун бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қиламиз.

- Жамоа таркиби билан танишишга улгурдингиз. “Динамо”нинг Суперлигага чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Бир ҳафтадан буён “Динамо” билан Самарқандда сўнгги тайёргарликларни олиб бораяпмиз. Жамоага келган биринчи кунимдан буён кўраяпманки, анча кучли таркиб сараланган ва энг асосийси жамоадаги ўзаро муносабат аъло даражада. Барча ўзини ушбу катта оиланинг бир аъзосидек ҳис қилади. “Динамо”да “у маҳаллий, у бошқа жойдан келиб ўйнаяпти” деган гаплар умуман йўқ. Коллектив жуда зўр, ҳеч ким бир-биридан ёрдамини аямайди, жуда яхши муносабатда бўлади. Коллектив энг аввало, мана шундай дўстона бўлса, натижа ҳам яхши бўлади деб ўйлайман.

- Таркиб борасида қандай фикрдасиз?

- Айтишим мумкинки, ҳозирги таркибдаги футболчиларнинг тенг ярими билан аввалдан ака-укадекмиз. Жамоада Илҳом Юнусов, Акмал Бозоров, Жасур Азимов, Амиржон Сафаров, Муйдин Мамазулунов ва бир қатор Олий Лигада ўзини кўрсатиб юрган футболчилар йиғилган. Марадона Сафаров, Муйдин Мамазулуновлар билан “Машъал” сафида бирга тўп сурганмиз. Умуман олганда, жамоада тажриба ва ёш иқтидорли футболчилар уйғунлигини кўриш мумкин.

- Яна қайси жамоалар Суперлигага чиқиш учун кураш олиб боради деб ўйлайсиз?

- Шубҳасизки, чемпионат курашларга бой ўтади. “Динамо”дан ташқари, “Машъал”, “Сурхон”, “Андижон”, “Истиқлол” клублари ҳам кураш олиб боришса керак. Айтайлик, собиқ жамоа “Машъал”ни олсак, улар ўтган йилги таркибни ярмини сақлаб қолишди ва янги футболчилар билан Суперлигага чиқишни мақсад қилишган. “Сурхон” ҳам таркибини янгилаб, тажрибали футболчилар билан чемпионлик учун курашади. «Шўртан» йил асосан кейинги йил учун пойдевор яратса керак. “Андижон”га ҳам чақиришганди, Элдор Сакаев бошқарувида жамоа Суперлигага чиқишни мақсад қилган. Ҳаттоки Фарғонадан “Истиқлол” ҳам яхши таркиб йиғиб, Про-Лигадан элитага чиқмоқчи.

- Янги форматдаги тақвим эълон қилинди. “Динамо” 1-турда Наманганда “Норин” билан ўйнаса, 2-турда дам олиб, 3-турда Самарқандда собиқ жамоангиз, асосий рақобатчиси “Машъал”га қарши саф тортади...

- ПФЛ томонидан жамоаларнинг иккига тақсимланиб, “А” ва “В” гуруҳига бўлиниши чемпионатни янада қизиқарли ўтишини таъминласа керак. Энди ҳар бир ғалаба ва очколар олтинга тенг бўлади. “Норин”га қарши дастлабки тур баҳси осон кечмайди. “Машъал” билан ўйинимиз эса ҳар икки жамоа учун мавсумдаги энг муҳим баҳслардан бири бўлса керак. Умуман олганда, “А” гуруҳида барчада бир хил имконият бўлиб, 9 жамоа ўзаро рақобатчига айланади. Кўп гувоҳ бўлганман, самарқандлик мухлислар ҳар доим “Динамо”ни тинмай қўллаб-қувватлашади. Шу руҳда давом этишса, биз футболчилар ҳам “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқиш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.

Манба: fcdinamo.uz
Киритилди: 12:56, 05.04.2018.
Ўқилди: 2266 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.