Ўзбекистон Суперлигаси клублари директорлари малака ошириш учун Англияга учиб кетишгани тўғрисида хабар берилган эди. Бугун клублар директорлари Англия Премьер-Лигаси вакили “Эвертон” клуби академиясига ташриф буюришди.
Ушбу ташриф давомида Суперлига клублари директорлари клуб инфратузилмаси, менежменти, академияси фаолияти, маркетинг, клуб тизими ва скаутинг каби масалаларда иш ўрганишди.
Таъкидлаш лозим, клуб директорларини “Эвертон” клуби директори Стив Уолш кутиб олди ва меҳмонларга ташриф давомида малака оширишлари учун шароит яратиб берди. Шунингдек, директорларга бир қанча вақт давомида Англиянинг “Лестер” клубига мураббийлик қилган Крейг Шекспир клуб қандай тарзда машғулот олиб бориши, машғулотлар жараёни ҳақида сўзлади. Ташриф давомида, клуб инфратузилмаси, академияси фаолият ҳам ўрганилди.
Суперлига клублари директорлари, шунингдек, клуб машғулотлар майдонига ташрифи чоғида, клуб футболчилари билан кўришиб, уларнинг машғулотлар жараёнини кузатиб боришди. Машғулотлар пайтида “Эвертон” клуби футболчилари, Фил Ягиелка, Том Дэвис, Тео Уоллкот, Ллейтон Бэйнс каби футболчилар ўзбекистонлик меҳмонлар билан машғулотлар жараёни борасида суҳбатлашишди. Таъкидлаш лозим, Суперлига клублари директорлари учун ушбу учрашув юқори савияда ташкил этилди ва икки томон келгусида ҳам бу каби учрашувларни ташкил этиш бўйича ўзаро келишувга эришди. Маълумот учун, Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ҳамда Англия Футбол Ассоциациясининг ўзаро ҳамкорлик келишувига кўра бу каби учрашувлар Англиянинг бошқа клублари билан ҳам ўтказилиши режалаштирилган.