Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

14 йил бадалига 12та клуб ёхуд қиёси йўқ машҳурлик оғирлик қилган футболчи

Баҳо:
+ | -

Замонавий футболда имконияти энг бўрттириб кўрсатилган ўйинчи ким? Уни кўпчилик билади. Хусусан, футбол симуляторлари ва Америкадаги ўйинларни оз-моз кузатганлар.

Зеро, Фредди Аду 14 ёшидаёқ MLS танловида ғолиб чиқиб, бутун АҚШга овоза бўлган, алоҳида «фигура» сифатида гавдаланган эди. Фредди кейинчалик ҳисоби йўқ аванс ва рекламаларга эга бўлди, аммо фақат профессионал клубларни тез-тез алмаштириши билангина эсда қолди, холос.

Аду биргина «Бенфика» ихтиёрида кўпроқ муддат ушланиб турди, аммо Лиссабон клуби ҳам уни асосан доимий ижара келишувлари воситасида «уйғотиш»га уринди.

Аммо барчаси беҳуда - АҚШ футболи умида ҳаттоки, Португалияда ҳам ҳеч нарса қилолмади. Аду ҳозир 28 ёшда ва бутсаларини ҳали михга илмоқчи эмас.

********

«Лас-Вегас Лайтс» клуби USLдаги дебют мавсуми олдидан ўз сафини Фредди Аду билан бойитди. Бу жамоа даража бўйича MLSдан кейинги ўринда турувчи лигада муносиб иштирок этишни мақсад қилган. Аду эса 2016 йилдан буён профессионал футболда кўриниш бермаётганди.

Тўғри, у бу орада турли хайрия ўйинларида қатнашиб, голлар урди. Эҳтимол, норасмий учрашувлардаги мазмунли ҳаракатлар таъсирида ўз салоҳиятига ишонч ҳиссини қайтаргандир. Мана, Фредди 2 ҳафтадан буён янги жамоаси машғулотларида қатнашмоқда. Ваҳоланки, унинг кўрикка чақирилгани негадир сир тутилди.

Кейин Аду кутилмаганда, ўзининг биринчи собиқ клуби - «Ди Си Юнайтед»га қарши кечган ўртоқлик ўйини қайдномасига киритилди. Кўринишидан, футболчининг бу галги уриниши жиддийдек. Ҳар ҳолда, «Лас-Вегас Лайтс» Америка футболида катта шов-шув кўтаришга бел боғлаган ва уни ноодатий ҳамда истиқболли клуб сифатида қабул қилишмоқда.

********

Адунинг ўзи профессионал доирага қайтиши ҳақида январда сўз очганди. У ўшанда ижтимоий тармоқларда футболни ҳамон яхши кўришию, ҳали узоқ вақт ўйнашни хоҳлашини ёзганди. «Лас-Вегас Лайтс»га келсак, бу жамоа дарҳақиқат, ўзгача йўлдан бормоқда ва истиқболи ҳам чакки кўринмаяпти.

Бироқ Аду одатда доимо қандайдир тушунарсиз ҳолатга тушиб қолаверади негадир. Мисол учун, 2017 йилнинг августида қизиқ воқелик кузатилганди. Польшанинг «Сандецья» клуби раҳбарияти Фредди Адуни йиғинга таклиф этади, аммо бош мураббий Радослав Мрочковски бундан бехабар қолади.

Тушунарлики, бу фақат маркетинг манфаатини кўзлаб чиқарилган қарор эди. Табиийки, раҳбарларнинг ўзбилармонликлари Мрочковскига асло ёқмаган ва у эътироз билдиришда ўта «нордон» иборалардан фойдаланганди:

«Жамоага бундай футболчини таклиф этишдан маъно нима? Маркетинг? Унда польшалик фристайлчини ҳам таркибга қўшиб олаверайлик...». Келишмовчиликнинг якуний натижаси шу бўлдики, Адуни Польша клубига қабул қилишмади.

********

Энг муҳими, «Ди Си Юнайтед» жабрдийда футболчини қўллаб-қувватлади. Ҳар ҳолда, Аду профессионал фао-лиятини айни шу клубда бошлаганди.

Умуман, Фредди ишлари асло юришмаган вақт доимо шу жамоа вакилларидан ёрдам сўрайди. Хусусан, охирги мурожаатдан сўнг «Ди Си Юнайтед»нинг собиқ фитнес-мураббийи Аду билан алоҳида учрашди ва унинг спорт формасини тиклашига бевосита кўмаклашди. Натижада Фредди ўтган йилнинг октябрь ойида ўтказилган «Афсоналар ўйини» шоусида ҳаттоки, гол урди.

Бироқ тез орада «радар»лар нигоҳидан яна йўқолиб қолди. Айтишларича, Аду ҳимояланиш масаласида мутлақо ношуд, аммо ҳужум ҳаракатларида ҳамон қандайдир ҳайратланарли «ҳунар»лар кўрсатишга қодир.

********

Умуман, Аду бутун футболчилик фаолияти давомида кўплаб воқеалар марказига тушган. Дейлик, 2014 йили «Ягодина» сафига қўшилди, аммо бирор марта майдонга тушмай туриб, ижтимоий тармоқларда Вашингтондаги тунги клублардан бирини роса реклама қилди. Аду жуда эрта келган машҳурлик босимини кўтаролмади.

«Машғулотлардан сўнг бутун жамоа бўлиб, автобусда Фреддини ярим соатча кутиб ўтирардик. У бу вақтда бамайлихотир дастхат улашарди. Йигитчани айни шундай муносабат бутунлай «ғарқ» қилди», - деганди Аду билан АҚШ ёшлар терма жамоасида бирга ишлаган мураббий Томас Ронген. Ҳа, биргина машҳурлик эвазига муваффақиятли фао-лият олиб боришнинг имкони йўқ...

Аду 14 йиллик фаолияти давомида нақ 12та клуб либосини кийишга улгурди.

Жами статистикаси: 198та ўйин, 27та гол.

2004—2006: «Ди Си Юнайтед» (АҚШ) - 87та ўйин, 11та гол

2006—2007: «Реал Солт-Лейк» (АҚШ) - 11та ўйин, 2та гол

2007—2011: «Бенфика» (Португалия) - 11та ўйин, 2та гол

2008—2009: «Монако» (Франция) - 9та ўйин

2009: «Белененсиш» (Португалия) - 3та ўйин

2010: «Арис» (Греция) - 9та ўйин, 1та гол

2011: «Ризеспор» (Туркия) - 11та ўйин, 4та гол

2011—2013: «Филадельфия Юнион» (АҚШ) - 35та ўйин, 7та гол

2013: «Баия» (Бразилия) - 5та ўйин

2014: «Ягодина» (Сербия) - 0

2015: «КуПС» (Финляндия) - 5та ўйин

2015—2016: «Тампа-Бэй Раудис» (АҚШ) - 12та ўйин

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 17:08, 08.04.2018.
Ўқилди: 8391 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.