Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

“Барселона” инқирози: Вальверденинг 3 та хатоси

Баҳо:
+3 | -

Куни кеча Римда чинакам футбол спектакли бўлиб ўтди. Ҳамма “Барселона”нинг ярим финалга чиқишига тўлиқ кафолат бериб турган бир пайтда “бўрилар” кутилмаган шиддат билан келишди-ю, Каталония кемасини ғажиб, чўктириб юборишди. Ҳеч нарса тасодифий бўлмайди, албатта. Хусусан, “Рома”нинг ғалабаси ҳам тасодифий эмас, бу римликларнинг шижоати ва албатта “Барселона”нинг қўпол хатолари эвазига содир бўлди.

БИРИНЧИ ХАТО — РУҲИЙ ТУШКУНЛИК

Билмадим, негадир ўйин бошида “Барселона” футболчиларида руҳий тушкунлик кузатилди. Буни сиз ҳам сезган бўлсангиз керак. Каталония клуби вакилларида шижоат сезилмади, бу, албатта, Вальверденинг хатоси. Биринчидан, Вальверде жавоб ўйинидан олдин шунақа интервьюлар бердики, у худди “Рома”дан чўчиётгандек туйилди, бу бир томондан камтарликка ўхшади, бироқ бошқа томондан мураббийнинг рақибга юқори баҳо бериши футболчиларга салбий таъсир қилганга ўхшади. Боиси, Римдаги ўйинда “Камп Ноу”даги “Барселона”дан асар ҳам йўқ эди.

ИККИНЧИ ХАТО — НОТЎҒРИ МАҚСАД

“Барселона”нинг энг катта хатоси — ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнагани бўлди. Ана шу ерда, барибир, Вальверденинг катта клубларни бошқармагани, қайсидир маънода “Барселона” даражасига мос келмаслиги сезилиб қолгандек бўлди. Биринчи ўйиндаги 4:1 ҳисобига ишонган мутахассис худди биз каби “Рома”нинг 3 та гол уришига ишонмаганди. Бироқ у мутахассис, футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини эсидан чиқармаслиги лозим. Қолаверса, “Энг яхши ҳимоя — ҳужум” деган нақл бор. Иккинчидан, рақиб, аслида, “Барселона”нинг даражаси билан тенг эмасди (бу “Рома”га нисбатан ҳурматсизлик эмас), яъни Вальверде бемалол ҳужумкор тактикани танласа ҳам бўларди. Эҳтимол, “тики-така” усулини мукаммалроқ қўллаганида “Рома” тўпсиз қолар ва 3 та гол ура олмаслиги мумкин эди. Шу боис ҳимоявий ўйин кўрсатиш доим ҳам омад келтиравермайди.

УЧИНЧИ ХАТО — ТАКТИКА

Вальверде ўйин бошида 4-4-2 схемасини қўллади. Бироқ ҳали “Барселона” бу тактикага мослашиб улгурмаган. Тўғри, Ла Лигадаги рақибларни шу тактика асосида мағлубиятга учратгани бор гап. Аммо ЕЧЛ — умуман бошқа муҳит. ЕЧЛ чорак финалида исталган рақиб жиддий қаршилик кўрсатиш учун ўзида куч топа олади. Шу боис Вальверде 4-3-3 схемасини танлаши керак эди. Сабаби, “Барселона” шу тактика асосида ўйнаб ўрганган, каталонияликлар айнан ана шу тактикага суяниб кўплаб совринларни қўлга киритишган. Қолаверса, клубда шу тактика асосида ўйнайдиган футболчилар бор эди, Усмон Дембелени асосий таркибда туширса ҳам бўларди.

Жавоб ўйинига қадар “Барселона” футболчилари ва бош мураббий ўртасида можаро келиб чиққанга ўхшади. Боиси, испанлар жон куйдириб ўйнашмади, уларда қандайдир шижоат кўринмади, ҳатто “Рома” иккинчи ва учинчи голини урганидан кейин ҳам “Барселона” ҳужумкор ўйин кўрсатишга эриша олмади, бунинг учун футболчиларда хоҳиш ва журъат етишмади.

“Рома”нинг ютуғини ёзиб ўтирмадик. Боиси, “бўрилар”нинг шундоқ ҳам нималар қилиб ташлашганини ҳамма кўрди. Чинакам жасорат эътирофга муҳтож эмас. “Рома” мухлисларини табриклаймиз ва клубнинг финалга чиқишини тилаб қоламиз.

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 09:37, 11.04.2018.
Ўқилди: 26270 марта.
Фикрлар: 18 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.