"Локомотив" – "Зоб Аҳан" учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида "темирйўлчилар" жамоаси устози Андрей Микляев ҳамда ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган Ислом Тўхтахўжаев иштирок этишди.
- Учрашув осон ўтмади. Рақибни кейинги босқичга йўл олгани билан табриклайман. Чемпионлар Лигаси – шундай жиддий мусобақа. Унда ҳар бир очко қимматли. Агар "Дуҳайл" билан ўйинда сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб мағлуб бўлмаганимизда балким ҳозир вазият буткул бошқача бўлиши мумкин эди. Нима ҳам дея оламан, бу йилги мусобақада йигитларимиз катта тажриба тўплашди. Жамоада муҳит ёмон эмас. Йигитлар қўлдан келганча ҳаракат қилишмоқда. Ким учрашувга тайёр бўлса, машғулотларда ўзини кўрсатса, ўша футболчи майдонга тушади. Чо Сук Жэ ўзини у қадар кўрсата олмаяпти. Шерзод Каримов эса машғулотларда янада қаттиқроқ ишлаши лозим, - деди тажрибали мутахассис.
- Бизга сўнгги пайтларда балким омад, балки маҳорат етишмаяпти. Буни қайд этаётган натижаларимиз кўрсатиб турибди. Бугун ҳам йигитлар имкон борича ўйнашди. Умид қиламанки, ҳаммаси ҳали ўз ўрнига тушиб кетади. Зеро биз ҳали ички майдонда чемпионлик учун курашни давом эттирамиз. Жамоамиз муҳит яхши. Янги келганларга тўлиқ ўзини кўрсатиш учун бироз вақт талаб этилади. Ҳали Чо, Каримов ва Рашидов ҳам ўзларининг ажойиб ўйинларини кўрсатишига аминман, - деди жамоа сардори.