Жорий мавсум якунида «Барселона»нинг франциялик ҳимоячиси Самюэль Юмтити хусусидаги гап-сўзлар тобора авжига чиқмоқда.Тўғри, футболчи ўз вазифасини талаб даражасида адо этмоқда. Шу билан бирга ўзининг молиявий ҳолатидан мамнун эмаслигини яширмаяпти.
2012 йил қишда жароҳат туфайли икки марказий ҳимоячилари - Ловрен ва Крисдан жудо бўлган «Лион»да кескин вазият юзага келганди.
«Жамоа янги марказий ҳимоячини излаётган, скаутлар эса турли вариантларни таклиф эта бошлаган паллада мен келажаги порлоқ Юмтитини тилга олдим», - дейди жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Реми Гард. Айнан шу мутахассиснинг ташаббуси билан икки ой муқаддам 18 ёшини қаршилаган иқтидор соҳиби асосий таркибдан жой олди.
Гард унга худди ўз ўғлидек ишонч билдирди. Бу бежиз эмасди, албатта - Сэм ҳимоянинг сўл қанотида ҳам, марказда ҳам рисоладагидек тўп сурарди.
Ана шу фазилат ёш футболчига «Янги Абидаль» тахаллусини совға қилди. Бўйи унчалик баланд бўлмаган (182 см.) ҳимоячи атлетизм эвазига бу камчиликни бартараф этади. Фаолиятининг дастлабки босқичида Сэм тез-тез позициясини йўқотиб қўйиш каби камчиликлардан холи эмасди. Аммо ҳозирда бу «хасталик»лардан батамом фориғ бўлган.
Барселонага эса ҳимоячи «Лион»даги 4,5 йиллик малака оширишдан сўнг йўл олди. Ўшанда 22 ёшли футболчи француз клубининг асосий таркибида 150 мартадан кўпроқ майдонга тушганди. Эътиборлиси, Евро-2016да Дидье Дешам Юмтитини таркибга киритмаганди.
Бироқ Сэм йирик мусобақа шукуҳидан тўлиқ баҳраманд бўлди. Матьё асосий таркибдан тушиб қолганида, унинг ўрнини Рами тўлдирди. Лекин Варан жароҳат олганидан кейин Дешам айнан Юмтитини таклиф этди. Бунгача Сэм терма сафида бирор марта ҳам майдонга тушмаганди.
Шунга қарамай, дебютни ўта муваффақиятли нишонлади - Исландия билан бўлган чорак финал баҳсида унинг ижросидаги 75та узатманинг барчаси жамоадошларига аниқ етиб борганди.
Аслида «Барселона» Юмтити ортидан қувмади, у Маркиньос-Лапорт-Стоунз учлигидан бир ҳимоячини харид қилиш ниятида эди. Бироқ бу режа амалга ошмади. Шундан кейин Сэм 25 млн. эвазига Каталонияга йўл олди.
Жорий мавсумда марказий ҳимоячи ҳар бир ўйинда ўртача 70та узатмани амалга оширмоқда. Уларнинг аниқлик фоизи - 91 фоиз. Таъкидлаш жоизки, шунчаки вақтни «ўлдириш» мақсадида ҳимоя чизиғидаги шерикларига оширилган тўплар бу кўрсаткичда акс этирилмаган.
Хуллас, Ла Лигада ишончли тўп суришда давом этмоқда. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек - бир йўла бир нечта совринга даъвогарлик қилаётган номдор жамоа сафида ўйнаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бироқ ёш ҳимоячи ҳозирдан бошлаб футболчиликдан кейинги ҳаёти фаровонлигини таъминлаш хусусида қайғура бошлади.
Ўйин савиясига нисбатан трансфер баҳосининг арзонлиги (60 млн.) бошқа жамоаларнинг франциялик футболчига қизиқишини оширди. Сэм эса «Камп Ноу»ни тарк этиш ниятида бўлмаса ҳам бу вазиятдан унумли фойдаланиш йўлини ахтара бошлади. Манба хабарларига кўра, Юмтити йилига 5-6 млн. атрофида иш ҳақи олиб, бу борада Суарес ва Иньестага яқинлашиб олиш ниятида.
«Каталонияликлар азалдан ўзгача қадриятларни илгари суриб келадилар - «Барса» таркибида тўп суришнинг ўзи улкан шараф! Месси, Иньеста, Хави, Пуйоль ва Пике каби юлдузлар шундай руҳда тарбияланишган:
«Сен майдонда шундай тўп сурки, мутасаддилар сени иложи борича кўпроқ «Камп Ноу»да олиб қолиш пайида бўлишсин. Моддий манфаатдорликни уларга қўйиб бер. Ҳаммаси ўйинингга боғлиқ».
Юмтити эса ўзи ёки агент вазифасини бажараётган акаси Янникнинг ташаббуси билан бироз шошқалоқлика йўл қўйди. Оқибатда кўпчиликни ўзига қарши қилиб қўйди.
Бундан ташқари, Сэм баъзан тилига эрк бериб юборади. Масалан, Каталонияга келганига ҳеч қанча бўлмай туриб жамоанинг аввалги услубини танқид остига олди: «Барса»нинг Райкаард давридаги услуби менга ёқарди. Пеп келганидан кейин ўйиннинг жозибаси пасайди. Унинг услубига кўра, жамоа тўпни узоқ ушлаб турадиган бўлди. Бу жуда зерикарли».
Қизиғи шундаки, арзон баҳодаги моҳир ҳимоячига талабгорлар орасида Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си ҳам бор. Шунингдек, «МЮ»нинг йилига 9 млн.лик маош беришга тайёрлиги ҳақида ҳам хабарлар йўқ эмас. Айрим гап-сўзларга кўра, ёзда Юмтитини ўз сафида олиб қолиш «Барселона»га осон бўлмайди.
Агарда Сэм «Камп Ноу»да қолса, ҳимоя чизиғининг ҳукмдорига айланади. Жамоа эса бир-икки йилдан кейин Жерар Пике ўрнига муносиб шерик топиш пайига тушади.
Мабодо томонлар келиша олишмаса, Эрнесто Вальверде учун қўшимча бош оғриғи пайдо бўлади. Францияликнинг кетишини кутаётганлар ҳам йўқ эмас - Дайо Упамекано («РБ Лейпциг»), Тило Керера («Шальке») ва Клеман Лангле («Севилья») каби мутасаддилар учун «Барселона» билан манфаатли келишувга йўл очилади. Бироқ бу ҳозирча тахминлар, холос.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.