"Ювентус" бош мураббийи Массимилиано Аллегри Италия чемпионатининг 34-турида "Наполи"дан учралган мағлубият (0:1) ҳақида фикр билдирди.
"Бу ҳар икки жамоа томонидан намойиш этилган ёмон ўйин бўлди. Дарвозаларга деярли зарба берилмади. Биз қийинчиликни бошдан кечирдик. Ўйин охирида "Юве" эҳтиёткорроқ бўлиши керак эди, аммо стандартдан гол қўйиб юборди. Бу чемпионлик учун курашаётган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви бўлди. Энди бир кун дам оламиз ва "Интер"га қарши назаримда ҳал қилувчи ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
Биз ҳамон жадвалда етакчимиз. Олдинда 4 ўйин бор, кўрамиз, нима бўлар экан. "Наполи" мақтовга муносиб, аммо бу ўйинда ҳеч қандай голли вазиятлар содир бўлмади. Неаполликларга ғалаба керак эди. Бизга ҳам ғалаба ёки ютқазмаслик керак эди", - дейди Аллегри.