Бугун, 1 май куни Рио 2016 Олимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Машҳур боксчимиз ушбу ташрифи давомида Умид Аҳмаджонов қабулида бўлди. Учрашув давомида МОҚ раҳбари Шаҳрамни 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида кўрмоқчи эканлиги ҳақида гапирди.
«Шаҳрам, сени бекорга океан ортига, узоқ Америкага қўйиб юборганимиз йўқ. Чунки, сен ҳаваскор боксчи қўлга киритиши мумкин бўлган деярли барча совринни юта олдинг. Бугунги кунда ўз вазн тоифангда юртимиздаги энг кучли боксчисан. Мамлакатимизда сенга тенг келадиган рақиб йўқ. Энди АҚШда кучли боксчиларга қарши жангларда маҳорат ошириб, 2020 йилги Токио Олимпиадасида терма жамоа сафида бўлишинг шарт. Сени айнан шу ниятда у ерга қўйиб юборганмиз. Шуни билгинки, Миллий олимпия қўмитаси сени ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Жаҳоннинг энг йирик ареналарида зафар қучиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришинг учун барча шароитни яратиб берамиз», – деди Умид Аҳмаджонов.
Ўз навбатида Шаҳрам Ғиёсов ушбу эътибордан хурсанд эканлиги ҳақида гапирди.
«Менга билдирилаётган ишончни оқлаш учун қўлдан келганича ҳаракат қиламан. Сизнинг, қолаверса Миллий олимпия қўмитасининг ушбу эътиборидан хурсанд бўлдим. Ўз натижаларим билан Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришда, юртимиз довруғини дунёга танитишда қўлимдан келган барча ишни қиламан», – деди Шаҳрам Ғиёсов.
Учрашув якунлангач Шаҳрам Ғиёсов Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтига эксклюзив интервью берди.
-Айни пайтда Ўзбекистонда спортчиларга эътибор кучайган. Биз учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Ўз навбатида менга ҳам зарур шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканликларини маълум қилишди. Раҳбарият спортчиларимизни янги даражага кўтариш ниятида. Бундан биз жуда хурсандмиз. Чунки, бундай эътибор ҳар доим ҳам бўлавермаган. Энди биз шунга яраша меҳнат қиламиз. Ортимизда бутун ўзбек халқи турганини сезиб турамиз. Бу бизга қўшимча куч бағишлайди. Учрашув давомида Умид Маҳамаджонович рағбат ҳақида гапириб ўтдилар. Энди натижа қай даражада юқори бўлса, рағбат ҳам шунга яраша бўлар экан.
-Одатда боксчилар профессионал рингга ўтганидан сўнг кўпчиликни назаридан четда қоладиганидек тасаввур уйғонади. Масалан, ҳаваскор боксда Олимпия ўйинлари ёки жаҳон чемпионатларида муваффақиятга эришган спортчилар доимо мутахассислар, мухлислар, матбуот диққат марказда туради. Барча уларни қўллаб-қувватлайди. Аммо, профессионал боксга ўтганидан сўнг омма фикрича, «у кўпроқ пул топиш мақсадида хорижга жўнаб кетди» деган тасаввур уйғонарди. Бугун Умид Маҳамаджонович билан учрашгандан сўнг бу борада қарашлар ўзгарганини сездингизми?
-Ўзгаришлар катта. Биз профессионал боксга ўтдик. Биласиз, барча жойда даража, савия турлича. Масалан, мен Жаҳон ва Осиё чемпиони бўлдим, Олимпиадада кумуш медаль соҳибига айландим. Худога шукр, ҳаваскор боксда қўлга киритилиши мумкин бўлган деярли барча медалларга сазовор бўлдим. Ўз мақсадимга эришганимдан сўнг менга янги чақирувлар, янги марралар керак эди.
Бунгача профессионал боксда Ўзбекистондан мутлоқ жаҳон чемпиони чиқмаган. Мен айнан шуни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Шукрки, ўз олдимга қўйган мақсадларимга бирма-бир эришиб келяпман. Навбатдаги мақсадим – профессионал боксда Ўзбекистонимиз байроғини кўтариб, мутлоқ жаҳон чемпиони бўлиш.
Авваллари, хорижий мамлакатларда Ўзбекистонни Покистон, Афғонистон каби мамлакатлар билан адаштиришарди. Ҳозир эса АҚШда ўзбек эканлигимни кўриб, менга қараб «Рио де-Жанейро?» дейишяпти. Мен ҳам буни тасдиқлайман. Риодаги натижаларимиз сабаб бизни шу тарзда таний бошлашди. Энди Ўзбекистон деганда кучли-кучли спортчилар, мутлоқ жаҳон чемпионлари бор мамлакатни билишсин.
-Бугунги учрашувда, МОҚ раҳбари сизни Токиодаги Олимпия ўйинларига таклиф қилди. Шаҳсан ўзингизда яна бир маротаба Олимпиадада иштирок этиб, энди кумуш эмас, олтин медалга эга чиқиш орзуси борми? Умуман бу таклифга қандай муносабат билдирасиз?
-Ростини айтсам Олимпия ўйинларидан сўнг дарҳол профессионал боксга ўтиш ниятим бор эди. Риода кумуш медални қўлга киритганимдан кейин, «Мен мағлуб бўлдим, энди жаҳон чемпионатида олтин медаль олишим керак, кейин проф рингга ўтсам бўлади» деган қарорга келдим. Навбатма-навбат Осиё, кейин Жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳибига айландим. Умид ака билан гаплашиб, менда ўзимга бўлган ишонч янада ортди, далда, ният пайдо бўлди. У киши мени қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Энди мен АҚШда маҳоратимни ошираман. Бу таклиф мен учун бахт десам ҳам бўлади. Риодаги Олимпия ўйинларидан сўнг Тошкентга етиб келганимизда юзага келган муҳитни эсласам, яна бир маротаба Олимпиадада иштирок этиш нияти пайдо бўлмоқда (кулади). Бундан жуда хурсанд бўлдим ва албатта таклифни бажонидил қабул қиламан.
-Бу промоутерлик компанияси билан тузилган шартномангизга мос келадими?
-Мен Ўзбекистондан кетишимдан олдин, МОҚ ва бокс федерациясида Олимпия ўйинларида мендан яна медаль кутишларини айтишди. Шу сабабли, профессионал шартномамга Олимпия ўйинларида иштирок этиш бандини киритдим. Осиё ва Жаҳон чемпионатида қатнаша олмайман. Аммо, Олимпиаданинг лицензион мусобақасида рингга чиқиб, йўлланма қўлга кирита оладиган бўлсам, Токиога бориш имконияти менда бор.
-Навбатдаги режаларингиз қандай?
-Энди 25 май куни АҚШга жўнаб кетаман. 3,5 йилга виза олиб, июль ойида навбатдаги жангимни ўтказаман. Ҳозирча рақибим номаълум. Промоутер, менежерларим билан навбатдаги рақибларни кўриб чиқяпмиз. Бизда танлаш имконияти бор. Менга мос келадиган рақиб изланмоқда.
-Муроджон Аҳмадалиев билан бир жамоадамисизлар?
-Ҳа, иккимизнинг менежеримиз ҳам, промоутеримиз ҳам бир. Унинг ҳисобида ҳам айни пайтда иккита жангдан сўнг иккита ғалаба бор. Таклифлар ҳам кўп. Учинчи жангимиз ҳам бир кунда ўтказилади.
-Шаҳрам, сизни Миллий олимпия қўмитасида кўриб хурсанд бўлдик. Фаолиятингизда сизга омад, ғалаба ва зафарлар тилаб қоламиз. Албатта, ўзингиз юқорида айтиб ўтган ниятларингиз амалга ошишига тилакдошмиз. Соғ бўлинг!