Такрорланмас «камбэк» орқали ЧЛ-2017|2018 ярим финалчилари орасига суқулиб кирган Рим «бўриси» финал йўлидаги илк тўқнашувда «Ливерпул»нинг шиддатли ҳужумларига дош беролмади, лекин охирги дақиқаларда 2та гол уриб, навбатдаги жасоратга замин ҳозирлади, гўё.
Диққатга сазовор томони, «Рома» президенти Жеймс Паллотта айнан Англия сафари арафасида клуб Qatar Airways авиакомпанияси билан шартнома тузганини расман эълон қилди.
Мавсум-2020|2021 якунига қадар мўлжалланган келишувга кўра, Қатар гиганти Рим жамоаси титул ҳомийси сифатида гавдаланади.
Хуллас, итальянлар «Ливерпул»га қарши биринчи ўйинда илк марта Qatar Airways ёзуви туширилган футболкаларда ҳаракатланишди.
Охирги мавсумларда «Рома» иштирокидаги ўйинларни кузатиб борган мухлислар битта антиқа фактдан хабардор бўлишса керак: клуб 5 йилдан буён титул ҳомий кўмагига эҳтиёж сезмаётганди.
Умуман, «Рома» жорий мавсум «А» сериясида ортиқча логотипи йўқ формадан фойдаланаётган 2та жамоадан бири эди (энди «Сампдория» бу борада ягона бўлиб қолди). «Бўрилар» хусусан, қудратли «Барселона»га ҳам «ёзув-чизув»сиз либосларда сабоқ беришганди.
Qatar Airways Италия пойтахти шарафини ҳимоя қилувчи жамоанинг 90 йиллик тарихидаги 7-титул ҳомийга айланди. «Рома»нинг бундан олдинги бизнес ҳамкори ролини Италиянинг Wind телекоммуникацион компанияси бажарганди. Жамоанинг эски соҳиблари томонидан тузилган шартнома 2013 йилгача амалда бўлди.
Wind унга кўра, «Рома»га ҳар йили 6 миллион евро берди. 2011 йилга келиб, жамоани америкалик сармоядорлар сотиб олишди ва кейинги мавсум Жеймс Паллотта президент лавозимини эгаллади. Бироқ у титул ҳомий масаласига қизиқмадими ёки муносиб ҳамкор топишга қийналдими, ҳар ҳолда, «Рома» 5 йил қўшимча даромадсиз кун кўрди.
Тахмин қилинишича, бунга янги раҳбариятнинг ўта юқори талаблари ва нотўғри стратегияси сабаб экан. Яъни Палотта жамоа ва унинг янги стадионига ягона бақувват ҳомий топишни истаган.
Аммо арена қурилиши масаласида бирин-кетин муаммолар туғилди, ишлар ортга сурилаверди. Маълумотларга асосан айтсак, янги стадион лойиҳаси аллақачон тайёр бўлган, бироқ қурилиш ишларини энди бошлашади. Ҳаммаси режа асосида кетган тақдирда ҳам, «Рома» янги аренага 2020 йилдан олдин кўчиб ўтолмайди.
Қолаверса, Паллотта «Рома» формасида ўз логотипини акс эттиришни истаган компаниялардан 15-20 миллион евро талаб қилди, аммо ҳеч ким шунча беришни истамади. Хусусан, 2015 йили Turkish Airlinesнинг 7,5 «лимон»лик таклифи рад этилди.
Qatar Airways билан келишувнинг молиявий жиҳатлари эса ҳозирча ошкор қилингани йўқ. Лекин бу «Рома» тарихидаги рекорд шартнома эканлиги аниқ. Умуман, Италия футболи бўйича ҳам энг йирик келишувлардан бири бўлса, ажабмас.
«Рома»ни диққат билан кузатган мухлислар охирги мавсумларда жамоа футболкаларида тез-тез турли реклама ёзувлари пайдо бўлганига ҳам эътибор қаратишгандир. Бу рост, аммо ҳаммаси хайрия ишлари доирасидаги ёзувлар эди.
Дейлик, «бўрилар» Roma Cares ёзуви бор футболкаларда кўп бора майдонга тушишди. Бу - таълимот лойиҳалари билан шуғулланувчи хайрия ташкилоти номи.
Roma Cares айнан «Рома»нинг ўзига тегишли эканлигини ҳам айтиш ўринли. Жамоанинг яна бир махсус футболкаси Telethon хайрия жамғармасини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган. Бу ташкилот илмий тадқиқотлар ҳамда генетик хасталикларга қарши курашиш учун маблағ йиғади.
«Жорий йил қурилиши бошланадиган янги стадион ва 34 йиллик танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиққан жамоа - «Рома» мухлисига айланиш учун ажойиб вақт» - Паллотта омма эътиборини ўз клубига қаратишга уринмоқда.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.