Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Санъат Шихов. Ҳужумчидан ҳимоя чизиғига қадар босиб ўтилган йўл

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, шу йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Уругвай терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Ана шу сафар олдидан биз терма жамоадан биринчи марта чақирув олган "Бухоро" клуби аъзоси Санъат Шихов билан суҳбатлашдик.

– Сиз Ўзбекистон ёшлар ҳамда олимпия терма жамоаларида бир қатор турнирларда, жумладан, Миср давлатида бўлиб ўтган Ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этгансиз. Миллий терма жамоа сафига эса биринчи марта жалб қилинмоқдасиз. Миллий терма жамоадан чақирув олганингизда нималарни ҳис қилдингиз?


– “Қўқон 1912” – “Бухоро” ўйинидан қайтаётганимизда мураббийим Улуғбек Бақоев мени терма жамоага чақиришаётганини айтганда тўғриси ишонмадим, мураббийимиз ҳазиллашяпти, деб ўйладим. Кейин бу ҳазил эмас, рост эканини билганимда, жудаям ҳаяжонландим, бу воқеа мен учун кутилмаган хабар бўлди. Ўша пайтда қандай ҳис-туйғуларни бошдан кечирганимни сўз билан таърифлаш қийин. Мураббийларимиз менга шунчалик ишонч билдириб миллий терма жамоага чақиришган экан, бор куч-ғайратимни сарфлаб ушбу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

– “Бухоро” клуби Суперлигада бу йил анча самарали ўйин кўрсатмоқда ва албатта бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Биз биламизки Сиз авваллари ҳужум чизиғида ўйнар эдингиз, ҳозир эса клубингизда ҳимоячи амплуасида тўп сурмоқдасиз. Ҳужум чизиғидан ҳимоя чизиғига ўтишингизга нима сабаб бўлди?


– Ўтган йилги мавсумда мураббийим Улуғбек Бақоев мени чап қанот ҳимоясида синаб кўрмоқчилигини айтиб менинг бунга муносабатимни сўради. Мен мураббийнинг ҳар бир қарорини ҳурмат қилишимни ҳамда қайси чизиқда жамоага кўпроқ фойдам тегса, ўша чизиқда тўп суришга рози эканлигимни маълум қилдим. Шундан сўнг “Металлург” жамоасига қарши ўйинда ҳимоядаги дебютимни ўтказдим. Мураббийларга ўйиним маъқул келгани сабаб шу кунга қадар ушбу чизиқда тўп сурмоқдаман.

– Ҳимоядаги ўйинларда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Сизга ноқулайлик туғдирмаяптими?


– Тўғрисини айтсам мураббийимизнинг ушбу тажрибаси ўзимга ҳам маъқул келди. Ҳеч қандай қийинчиликлар ва муаммоларсиз ҳимоя чизиғида тўп суряпман. Ҳозирги замонавий футбол жуда ҳам тезлашиб кетгани сабаб ҳимоячи бўлсамда, ҳужумларга ўтиш учун имконият ҳар бир ўйинда вужудга келмоқда. Шу сабаб фақат ҳимояда эмас, ҳужумларда ҳам иштирок этяпман ва бу “Бухоро” клубининг ҳужумкор ўйин кўрсатишига озгина бўлсада ёрдам беряпти, деб ўйлайман.

– Маълумки, Ўзбекистон футбол ассоциациясига янги раҳбарият келганидан кейин жаҳон даражасидаги бир қатор терма жамоалар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилмоқда. Июнь ойида терма жамоамиз Уругвай терма жамоасига қарши тўп суради. Бундай кучли рақибларга қарши ўртоқлик ўйинлари футболчилар учун қанчалик муҳим деб ўйлайсиз?


– Авваллари миллий терма жамоамиз ҳар доим Таиланд, Иордания каби жамоалар билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушар эди. Кучли жамоаларга қарши ҳеч қандай тажрибага эга эмаслигимиз халқаро мусобақаларда панд бериб қўярди. Футбол ассоциациясига янги раҳбарият келгач, бир қатор савияси кучли терма жамоалар билан ўйинлар ташкил қилиняпти. Биз футболчилардан бу ўйинларда натижа талаб қилинмасдан, халқаро тажрибамизни оширишга урғу берилмоқда. Раҳбариятнинг ушбу танлаган йўлини барча футболчилар тўғри деб ҳисоблайди ва бу тез кунларда албатта ўзининг ижобий натижасини бериши аниқ.

– Миллий терма жамоанинг чап қанот ҳимояси энг рақобатли чизиқлардан бири ҳисобланади. Виталий Денисов каби тажрибали футболчилар билан рақобатлашишга ўзингизни қай даражада тайёр деб ҳисоблайсиз?


– Авваламбор айтиб ўтишим керакки, миллий терма жамоа бу Ватанимизнинг бош жамоаси. Биринчи ўринда миллий терма жамоага чақирилганимда фахр туйғусини ҳис қилдим. Мен ҳеч қачон соғлом рақобатдан чўчимаганман. Шу сабаб ушбу чизиқда ким муносиб бўлса, ўша майдонга тушишини ҳамда Ватани учун борини ва жонини бериб ўйин кўрсатишини истайман. Ортингизда Ватанингиз, ота-онангиз ҳамда бутун бошли халқнинг шаъни турган экан, бор иштиёқ билан меҳнат қилиб тўп сурмаслик нотўғри иш бўлади менинг наздимда.

– Сизга яхши маълумки, Миллий терма жамоамиз 2019 йили Бирлашган араб амирликларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу мусобақада Ўзбекистон ўрин олган гуруҳ ҳақида сизнинг фикрингиз мухлисларимизни қизиқтириши табиий.


– Гуруҳимизда Япония, Уммон ва Туркманистон жамоалари Ўзбекистонга қаршилик қилишидан мухлисларимизнинг хабарлари бор албатта. Ўзбекистон терма жамоаси бу рақиблар билан тенгма-тенг ўйнай олади. Биз олдимизга гуруҳдан чиқишни эмас, гуруҳ учрашувларидан кейинги ўйинларда ғалаба қозонишни асосий мақсад қилиб қўйганмиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти Умид Аҳмаджонов томонларидан футболчиларимизга берилаётган юксак эътибор, тайёргарлик учун яратилаётган юқори даражадаги имкониятлардан кейин терма жамоамиз олдига минимум финалга чиқиш вазифаси қўйилишини мантиқан тўғри деб ҳисоблайман.

Финалдан паст натижа ўзбекистонлик футбол мухлисларини ҳам мураббий ва раҳбарларимизни ҳам қониқтирмаслиги аниқ. Барча-барча жамоамизнинг ғалабали ўйинларини соғинган ва биз Осиё кубогида бунинг уддасидан чиқишимизга ишонаман.

 

 

Манба: the-uff.com
Киритилди: 13:37, 29.05.2018.
Ўқилди: 2019 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.