Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Финалдаги рамзий ишоралар

Баҳо:
+ | -1

«Реал»ни шон-шуҳратга буркаб, ЕЧЛнинг навбатдаги финали ҳам тарихга айланди. Бутун футбол олами Роналду ва Салоҳ «дуэл»ини сабрсизлик билан кутганди. Ҳамма-ҳамма чемпионлик масаласини шу икки футболчидан бири ҳал қилишига ишонаётганди.

Амалда эса бошқача бўлиб чиқди. АПЛдаги кескин яккакурашларда зиён-заҳмат топмаган Муҳаммад Салоҳ бақувват Серхио Рамос билан тўқнашувда аламли тарзда жароҳатланди.

«Ливерпул»нинг мисрлик футболчиси воқеалар ривожи бундай тус олишини хаёлига ҳам келтирмагани аниқ. Англия элит лигаси зарбаларига бардош берган «кўза»ни Серхио Рамос бир бўлимга етказмай синдирди-қўйди.

«Кўза»нинг Киевда синиши - тақдир ҳукми. ЧЛ ғолиби бўлиш орзусида ҳаттоки, рўзасидан вақтинча воз кечган Муҳаммад Салоҳни тақдир шундай «сийлади». Бу ҳолатда на Рамос, на Салоҳ айбдор, фикримизча. Тақдир ёзуғи шу!

Айни шу сабабга кўра, Юрген Клопп ишонган футболчи финал баҳсида ўз сўзини айтолмади. Уни тушунса бўлади. Бироқ Роналду нима учун финалда ўзини яққол намоён этолмади? Нима сабабдан фақат унга ярашадиган феномен голни захирадан майдонга тушган Гарет Бэйл урди?

«Югурганники эмас - буюрганники!» деганлари шу экан-да. Қаранг, финал ижобий маънода Гарет Бэйлга, салбий маънода эса Лорис Кариусга аталди. Ҳолбуки, ўйин арафасида «шалпангқулоқ» кубок тақдирини шу икки футболчи кутилмаган ҳаракатлари билан ҳал қилиши айтилса, биров ишонмасди.

Ҳарқалай, Кариуснинг умрида футбол ўйнамаган бола каби хатога йўл қўйиши - ақл бовар қилмас ҳодиса! «Қандай қилиб, шундай хатога йўл қўйиш мумкин? Яна финалда-я...». Бунга жавоб йўқ. «Сотқинлик», «асабийлик», «ҳаяжон» каби тушунчалар билан изоҳлаб бўлмайди бу ҳолни.

Кариуснинг «сотилиши»га, асабийлик ёки ҳаяжон таъсиридагина тўпни Карим Бензема оёқлари остига отишига «Ливерпул»нинг бирор мухлиси ишонмаса керак. У ҳаяжону асабийликни шу  баҳсдагина бошдан кечирибдими? Йўқ, албатта!

Қисқаси, Кариус мисолида футбол дунёси ақлдан ташқари, мантиқ доирасига сиғмайдиган ҳолатга гувоҳ бўлди. Бу - тақдир истаги! Тақдир шуни истади ва у беихтиёр тўпни отиб юборди. Бўлди! Шу, холос!

Хўш, «Ливерпул»нинг мағлубияти Юрген Клопп қарорлари билан боғлиқми? Бу саволга «Ҳа» ёки «Йўқ» қабил дангал жавоб бериш мушкул. Ярим финалнинг икки учрашувида Кариус 6та гол қўйиб юборди.

ЕЧЛ ярим финали учун бу анча кўп. Лекин Клопп салбий статистика хусусида ўйлаб ўтирмади, чоғи. Балки ҳужумчилар яна битта ортиқча гол уришларига ишонгандир... Бўлиши мумкин! Аммо вазиятлар унинг қарорларига бўйсунмади. Бўйсунганда эди, Гарет Бэйл фантастик гол урмасди.

У тепган тўп юқоридан ўтиб кетарди. Уэльслик футболчига шундай зарба йўллаш имкони берилдими ва уриниши голга айландими, демак, бу ўринда футболдан ҳам устун тақдир ҳукми бор! Бу ҳукм қошида фақат бош эгилади. Бошқа чора йўқ!

«Реал» билан кетма-кет 3 марта ЕЧЛда ғолиб чиқиш ЖЧ-2006 финалида забунликка юз тутган Зиданга насиб этган экан! Ўша бахтсиз финал ажрини у ЕЧЛ орқали олди. Буюклар учун буюк марҳаматлар ҳамиша мавжуд!

Кези келганида, мухлисларда савол туғилиши табиий: ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам «Реал»гами? Юрген Клопп ақлли, шу сафар ғолибликка арзирдику?! Мазкур саволларга қарши бошқалари ўртага тушади: Андрес Иньестадек футболчи «Олтин тўп»га лойиқ кўрилдими?

Ҳаттоки, ЖЧ-2010дан кейин ҳам футбол дунёси бу тўғрида ўйламади. Чунки унинг кўзларини Месси пардаси тўсганди. Мессидан бошқасини кўролмасди ўша дамда футбол дунёси. «Реал» ва Зидан билан ҳам шу каби ҳолат кузатилмоқда.

Балки шунинг учун ҳам, ЕЧЛнинг бу йилги финалини Роналду ёки Салоҳ истеъдоди эмас, балки Кариус қўли ва Бэйл оёғи воситасида тақдир бошқарди. Тақдир кулиб боқса, бас, ҳаммаси жуда осон ҳал бўлади. Тақдир машинаси равон юрмаса, омад оти манзил сари дадил чопмаса, маҳорат ва истеъдод, иштиёқ ва истак нари сурилади.

Инсон омили бу жараёнга таъсир ўтказолмайди. Футбол осмонида рўй бераётган ажабтовур воқеалар фақат ўша юксаклик мезонлари билан баҳоланади. Улуғ Чўлпон таъбирича, қоронғу кечада кўкка тикилиб, ёруғ юлдузлардан шуни билишга интиламиз футбол заминида туриб...

Юқоридаги мулоҳазаларни қоғозга туширар эканмиз, миллий терма жамоамиз пешонасига гўзал тақдирлар битилишини истадик. Зеро, тақдир сийлаганда, бош жамоамиз шу вақтгача, ҳеч бўлмаса, икки марта мундиал йўлланмасини қўлга киритарди.

Кимларнидир доимо омадсизлик таъқиб этиб юради ва «Мана, манзилга етдим» деганда, бирдан вазият ўзгаради, яъни «Камбағални туя-нинг устида ҳам ит қопади». Футболимиз тараққиёти ҳақида бош қотириш чоғи, масаланинг бу жиҳатига ҳам эътибор қаратишимиз зарур, назаримизда.

Факт шуки, «Челси» бирор машҳур мураббий билан эмас, балки Роберто ди Маттео раҳбарлигида ЕЧЛ шоҳсупасига кўтарилган. «Реал» ҳам мураббийлик стажи кам Зидан билан шон-шарафнинг янги манзиллари сари одимлади. Тажрибали мураббийлар ҳарчанд исташмасин ва уринишмасин, бу ишни уддалашолмади.

Демоқчимизки, қайсидир бир мураббий ёки футболчига истеъдоди ва маҳоратидан қатъий назар, катта вазифаларни топшириб бўлмайди. Футболимизнинг собиқ мутасаддилари узоқ йиллар шу оддий ҳақиқатни тан олишни исташмади. Ислоҳотларга астойдил бел боғланган бир паллада бу муҳим омилга ҳам эътибор қаратилишидан умидвормиз.

Таркиби билан бошқа жамоа мураббийлари ҳавасини келтирадиган «Локомотив»даги депсиниш ёки Миржалол Қосимов ва Виктор Кумиковни ҳайратлантирган «Навбаҳор» стадионидаги қудратли магия ҳар биримизни ўзгачароқ мулоҳаза юритишга чорлайди.

Муваффақият - мустаҳкам уйғунликда. Шу маънода футболчиларимизнинг илк бор жаҳон чемпиони бўлган терма жамоа билан куч синашишларида рамзий ишора яшириндек...

Муҳаммад Вали

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 16:12, 29.05.2018.
Ўқилди: 18433 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.