ФИФА рейтинги нисбий кўрсаткичдан бошқа нарса эмас. Ўзбекистон термасининг айни вақтда 95-ўринда тургани, унинг ўзидан олдинда турган жамоалардан кучсизлигини билдирмайди.
Ўзбекистон миллий термаси 2017 йилнинг 5 сентябрь санасидан буён расмий ўйинда иштирок этгани йўқ. Ундан олдинга ўтиб олган термалар эса Осиё Кубоги учун саралашни давом эттиришга мажбур бўлганди. Ўша ўйинларда қўлга киритилган очколаргина айни пайтдаги рейтингга сабаб бўлди.
ЎФА ўз принципларидан чекинмайди ва ўртоқлик ўйинларини сифатли ташкил қилиш учун ҳаракатни давом эттиради. Яъни, кучсизроқ рақибларни енгиб, жадвалда кўтарилиб олиш ҳақида ўйламайди. 2019 йилнинг январь ойида бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги эса ҳамма масалага ойдинлик киритиб беради.
Осиё Кубогига қуръа ташланишида ФИФА рейтинги инобатга олинмади. ЖЧ—2022 саралашига қуръа эса Осиё Кубогидан кейин бўлиб ўтади. Қитъа чемпионатидаги натижа Ўзбекистон термасини рейтингда юқорига олиб чиқиши мумкин.
Маълумот учун, ЎФА раҳбариятида ўзгариш юз берганидан кейин Ўзбекистон термаси бирорта ҳам расмий ўйинда иштирок этганича йўқ. ФИФА рейтинги сўнгги 4 йиллик натижаларидан келиб чиқиб тузилади. Демак, айни вақтдаги ҳолат учун жавобгарлик кимларнинг зиммасида экани барчага маълум.