Кириш Регистрация

Мундиаллар жозибаси

Баҳо:
+ | -

Ҳа, биз бу кунни тўрт йил кутдик. Футбол фанатлари учун ҳақиқий байрамга айланиб кетадиган мундиал ўйинлари чиндан ҳам жозибали. Аслидаку Европа чемпионати, Чемпионлар лигаси ўйинлари ҳам бир жаҳон чемпионатидаги ўйинлардан кам эмас. Аммо бу турнирда муҳит ўзгача. Бу ерда турли қитъалардан келган жамоаларнинг ўйинларини томоша қиласиз. Улар ўзларидаги бор иқтидорларини ўртага ташлайдилар. Ким айтади Осиё жамоаларини энг кучсиз деб? Улар ўз вақтида ўша мақталган Европа жамоаларини ер тишлатишган пайтлари ҳам бўлди.

ЖЧ-1994да Осиё номидан иштирок этган Саудия Арабистони ва Жанубий Кореяни эсланг. Ўшанда араблар Марокаш ва Бельгия каби кучли жамоаларни енгиб нимчоракфиналга йўл олишган бўлишса, корейслар Германия ва Испаниядек грандларни қийнаб қўйишди. Қолаверса, жаҳон чемпиони деган шарафли номга эришиш ҳар бир жамоанинг, ҳар бир футболчининг, ҳар бир мамлакатнинг орзуси.

Ана шунинг учун бу жойда кураш анча қизғин кечади. 5 тадан «Олтин тўп»ни нақд қилиб қўйган Месси ва Роналду турибди бу ерда. Бразилия терма жамоаси 6-чемпионлигини нишонламоқчи. Германия ЖЧни кетма-кет ютмоқчи. Хуллас, ана шундай гаплар. Ана шунинг учун ҳам мундиал ҳаммамиз учун севимли.

Ўзи менинг футболга қизиқишим ғалати бўлган. Ёшлигимда футболни умуман ёқтирмасдим. Синфдошларимиз билан футбол ўйнасак, ютқазган томон жанжални бошлаб юборарди. Шу ҳам ўйинми дердим, нуқул жанжалга сабаб бўладиган. 5-синфлигимизда жисмоний тарбия дарсида параллел синфимиз билан қиз-ўғил аралаш футбол ўйнаганимизда бизнинг синф 2:0 ҳисобида ютди. Натижада жанжал келиб чиқди. Кейин рус тили фани ўқитувчимиз ҳаммамизни савалади. Футболдан тамоман кўнглим қолди.

Бироқ вақти келиб ҳаммаси ўзгариб кетди. Футбол менинг ҳаётим мазмунига айланди. 1990 йилдан буён футбол менинг ҳамроҳим, футболчилар эса яқин дўстларимга айланди. Ўша йили Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Собиқ Иттифоқ чемпионати Олий лигасига чиқди. «Пахтакор»нинг ўйинларини қолдирмай томоша қилдим. Футболга қизиқишим тобора ошиб борди.

Ўша пайтларда менинг жамоам битта — «Пахтакор» эди. Аста-секин дунё футболига ҳам қизиқиб бордим. Қизиқиб бордим эмас, бутунлай бу жозибали ўйинга шўнғиб кетдим. Футболчиларнинг номлари билан катта-катта умумий дафтарларни тўлдирдим. Жаҳон ва Европа чемпионатларини, Еврокубок ўйинларини битта қолдирмай кўриб бордим. ЖЧ-1990 ўйинларини кўрмаганман, гарчи футболга қизиқишни 1990 йилдан бошлаган бўлсам-да. Мен мундиалларни кузатишни 1994 йилги ЖЧдан бошладим. Ўшанда 15 ёшда эдим. Чемпионатдаги биринчи ўйин — Германия-Боливия учрашувидан мундианлни кузатишни бошладим. Кутилганидек, ўйинда немислар зафар қозонишди. «Рекорд 420» русумли телевизоримиз бўларди. Мен мундиални ана шу телевизоримиздан кузатдим.

Чемипионатнинг энг қизғин палласида, аниқроғи, чорак финалдаги Швеция-Руминия ўйини пайти телевизор бузилиб қолди. Шу бузилганича қайтиб созланмади. Чемпионатнинг қолган ўйинларини қўшнимизникидан томоша қилдим.

ЖЧ-1998 ўйинлари пайти Қарши Давлат Университети «Ўзбек филологияси» факультетининг биринчи курс талабаси эдим. Ўйинларни Университет ётоқхонасидаги телевизордан томоша қилдик. Финалда Бразилия билан Франция баҳслашди. Кўпчилик Роналдо бошлиқ Бразилиянинг ғалабасини башорат қилди. Аммо Зидан бошлиқ Франция кучли рақибни йирик ҳисобда енгди —3:0. Зиданнинг «Олтин боши» 2 марта аниқ зарба бериб французларни чемпионга айлантирди.

2002 йилда Осиё майдонларида ўтган мундиалда финалда жаҳон чемпионатлари тарихидаги 2 кучли жамоа — Бразилия ва Германия беллашди. Бу ўйинда пентакампеонлар 4 йил бурунги шармандали мағлубият аламини Германиядан олишди — 2:0. Ўйинда уларнинг етакчиси Роналдо «дубл» қайд этди.

2006 йилда эса финални бир дўстим билан томоша қилдим. У Италияга мухлис, мен эса Францияга. Ўша куни Зинеддин Зиданнинг «олтин боши» яна саккиз йил бурунгидек зарба берди. Бу зарбалардан бирини итальянларнинг маҳоратли дарвозабони Буффон қайтарган бўлса, иккинчиси Марко Матератстсининг кўкрагига берилди. Матерацци ўшанда Зиданни мусулмон кишисининг нафсониятига тегадиган қилиб сўкканди. Зидан шу кетганича кетди, бошқа футбол ўйнамади. Унинг «олтин бош»ини узоқ йиллар эслаб юрдик. Вақти келиб бу «олтин бош» маънавий томонга ҳам ижобий ишлади. Зидан бошчилигидаги Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳеч ким уддалай олмаган ишни қилди — Чемпионлар лигасини кетма-кет уч марта ютди. Зидан Чемпионлар лигасини уч марта ютиб, «Реал»нинг ўтган асрнинг 50-йиллардаги мураббийи Луис Карнилянинг рекордини такрорлади.

ЖЧ-2010да мундиал баҳслари илк марта Африка қитъасида ташкил этилди. Унда чиройли ўйин кўрсатган Испания, Голландия, Германия ва Уругвай ярим финалгача етиб келишди. Бу чемпионатда вувузелаларнинг қулоқни қоматга келтирувчи овози ҳар бир ўйинда эшитилиб турди. Кейин эса Паул исмли саккизоёқ эмишки, ўйинлардан олдин башоратгўйлик қилганмиш. Шахсан мен бу фикрга умуман қўшилмадим. Финалда эса голландлар ҳужумчиси Арьен Роббеннинг дарвозабон билан яккама-якка вазиятни уролмагани, кейин Иньестанинг олтин голи барчасини ҳал қилди. Испанлар жаҳон чемпиони бўлишди. Лекин, назаримда, ЖАРдаги мусобақанинг энг ёдда қолган лаҳзаси — ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовнинг очилиш баҳсини бошқаргани ва айниқса, ўйиннинг 39-дақиқасидаги вазият... Эсладингиз-а?!

ЖЧ-2014 Бразилияда ташкил этилди. Барча жаҳон чемпионатларининг қироли бўлган карнаваллар юрти жамоаси ўз майдонида ёмон шарманда бўлди. Ярим финалда Германия терма жамоаси Пеле ватандошларини шармандали 7:1 ҳисоби билан таслим этди. Ўзи Бразилия нимчоракфиналда Чилига қарши ўйинда шарманда бўларди. Ўшанда сўнгги дақиқаларда чилилик Маурицио Пинилянинг зарбаси тўсинга тегиб қайтди. Финалда Германия терма жамоаси Лионел Месси етакчилгидаги Аргентина билан учрашди. Қизиқ томони, Жанубий Америка жамоалари шу пайтга қадар бирор марта ҳам ўз қитъаларида чемпионликни бой беришмаганди. Бу анъанани Йоахим Лёв бошчилигидаги Германия терма жамоаси бузди. ЖЧ-2018 баҳсларида тарих, статистика ва анъаналар Бразилия чемпион бўлишини тасдиқлаб турибди.

Дарҳақиқат, «пентакампеонлар»нинг таркиби жуда кучли. Марсело ва Каземиро «Реал» билан ақлбоварқилмас ишларни бажариб юборишди. Коутиньонинг юксак иқтидори ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Қолаверса, таркибда Алиссон Бекер, Габриел Жезус, Маркиньос, Тьяго Силва, Фирмино каби юксак иқтидор эгалари бор. Жамоа етакчиси Неймар айтганидек, жаҳон кубогини Бразилияга қайтариш вақти келди. Аммо бошқалар ҳам кучсиз эмас. Ит йилида Бразилия ёки Италия чемпион бўлиши азалдан анъанага айланиб келган. Шунга ишониб, кўпчилик башоратгўйлар Бразилия чемпион бўлишини айтмоқда. Аммо ҳар қандай анъана бир кун келиб барҳам топишини олдинги чемпионат кўрсатиб берди. Мундиалда, Россияда кўришгунча.

Сафарали Сиддиқов

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:44, 14.06.2018.
Ўқилди: 7383 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.