Про-лига 15-турида «Хоразм» клуби Урганчда Ҳаққулободнинг «Норин» клубини қабул қилди.
Биринчи бўлим мезбонларнинг катта ташаббуси остида ўтди. Ҳисоб 29-дақиқада Темур Исмоилов томонидан очилди очилди. Унинг узоқ масофадан йўллаган зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўридан жой олди. Орадан 9 дақиқа ўтгач, ҳимоячи Ойбек Нурбоев жарима майдонига ёриб кириб, дарвозабонни доғда қолдирди.
«Норин» камдан-кам ҳужумга ўтса-да, 1-бўлим охирида ҳисобни қисқартиришга эришди. Муртазоев бир неча ҳимоячини алдаб ўтиб, жарима майдонига кириб борди ва аниқ зарба йўллади.
Иккинчи бўлим мезбонларнинг ҳужумлари билан бошланди. 55-дақиқада Темур Исмоилов яна бир гол уриб, «дубль» соҳиби бўлди. Аммо, орадан бироз ўтгач, «Норин» яна ҳисобни қисқартирди. Тожиддинов дарвозабон қайтарган тўпга ҳаммадан биринчи бўлиб етиб келиб, уни тўрга киритди - 3:2.
Ҳисоб яна қалтис кўринишга келганидан сўнг, бош мураббий Александр Ежов таркибда бир неча ўзгаришларни амалга оширди. Бу эса ўз самарасини берди. 75-дақиқада Сардор Матмуратов, 88-дақиқада Темур Бекчанов ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Сарвар Жуманиязов томонидан урилган голлар ҳисобни йирик кўринишга келтирди.
Бу натижадан сўнг, «Хоразм» 16 очко билан мусобақа жадвалидаги 5-ўринни сақлаб қолди. «Норин» 10 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди.
Ўйиндан сўнг, «Хоразм» клуби бош мураббийи Александр Ежов «Хоразм ФК мухлислари»га интервью берди.
«Норин»га қарши ўйин қийин кечди. Бу жамоанинг Нукусдаги ўйинини кўрган эдик, 1:3 ҳисобида ютқазиб туриб, 3:3 ҳисобида дурангга эришганди. Шу туфайли, бугунги ўйинда ҳам кескинлик сақланиб турди.
Биринчи бўлимда кўплаб вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, ҳисоб йирикроқ бўлиши, биз эса хотиржам ўйнашимиз мумкин эди. Аммо охирда гол ўтказиб юбордик, натижада ҳисоб қисқарди.
Танаффусда йигитларга хотиржамликка берилмасликни, охиригача курашиш лозимлигини тушунтирдим. Иккинчи бўлимда диққат-эътиборни кучайтириб, ижобий натижага эришдик. Йигитлардан миннатдорман, жамоамиз жуда аҳил.
Ўз уйимиздаги ўйинларда 12-ўйинчимиз ҳам бор, булар - мухлисларимиз. Албатта, йигитлар баъзан хатога йўл қўяди, гоҳида гол ўтказади. Аммо, мухлислар ҳар доим бизни олдинга чорлаб туради. Биз бундай мухлисликдан хурсандмиз, ҳатто танаффус пайтида, кийиниш хонасида ҳам ҳамма мухлислар учун ўйнаш лозимлигини, уларни хурсанд қилишимиз шартлигини бир-биримизга эслатамиз, уқтирамиз. Бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларга катта раҳмат айтамиз, улардан миннатдормиз» - деди Ежов.
Про-лига, 15-тур
17 июнь, Урганч, «Ёшлик» спорт мажмуаси, 950 томошабин
ХОРАЗМ (Урганч) - НОРИН (Ҳаққулобод) - 6:2
Голлар: Темур Исмоилов (29,55), Ойбек Нурбоев (38), Сардор Матмуратов (75), Темур Бекчанов (88), Сарвар Жуманиязов (90+1) - Муртазоев (45), Тожиддинов (63)