Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Хорхе Сампаоли: «Жамоадаги камчиликлар Мессини «ўлдирмоқда»

Баҳо:
+ | -

Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Хорхе Сампаоли хорватлардан қабул қилинган хунук мағлубият (0:3)да аввало, ўзини айблади.

Бошқа йўли ҳам йўқ-да. Ахир туппа-тузук таркиб ва Лионель Мессидек мегаюлдузга эга фаворит жамоанинг гуруҳ босқичидан ўтиши сўроқ остида турибди.

- 40 миллион аргентиналикнинг фикрича, Кабальеро хатоси учун сиз жавоб беришингиз керак, негаки, унга ортиқча ишонч билдиргансиз. Чиндан ҳам, шундайми?

- Ҳа, ҳамма ҳақ - якуний қарорни қабул қиладиган инсонман. Демак, мағлубиятимиз сабаби касбий масъулиятим билан чамбарчас боғлиқ. Мураббий сифатида ғалабани таъминлайдиган режа ишлаб чиқишим шарт.

Афсуски, бу сафар лойиҳам иш бермади. Лекин ўз ўрнида Хорватия термасининг жанговар руҳиятини ҳам таъкидлаш жоиз. Тушунарлики, руҳий ҳолат масаласида мураккаб вазиятга тушиб қолдик.

Натижада майдонда воқеалар ривожини ўзгартиришга қурбимиз етмади. Шунингдек, айрим йигитлар ўйин услубига тўла мослашолмадилар.

- Натижа шармандали эканлигини ҳис этяпсизми? Лойиҳангиз ниҳоясига етдими ёки...?

- Иш бермаган лойиҳа хусусида гапирганимда, муайян учрашувни назарда тутдим. Бошқа гап йўқ.

- Тактик ўзгаришлар футболчиларни саросимага солиб қўймадимикан?

- Биринчи бўлимда рақибни зарарсизлантириш вазифасини уддаладик. Лекин кейинчалик тўпни Леога етказиб бериш қийинлашиб қолди. Гол қўйиб юборгач эса, жамоа ўзини йўқотиб қўйди.

- Шогирдларингиз бу сафар ҳам тўпни эгаллаб олишгач, асосан Мессини қидиришди...

- У жамоа сардори ва чин етакчи! Афсуски, Мессининг услубига мос қулай вазиятлар яратолмадик. Бу борадаги ҳаракатларимизни йўққа чиқарган рақибга ҳам тан бериш керак.

- Аргентина терма жамоаси бош мураббийи ролида 13-учрашувни ўтказдингиз. Бироқ бирор марта кетма-кет 2та ўйинда бир хил бошланғич таркибга таянмадингиз. Нима учун?

- Доимо шогирдларим учун мукаммалроқ позициялар кашф этишга уринаман. Аммо самара келтирадиган идеал бўғинларни ҳали шакллантиролмадим.

- Омадсизлик масъулиятини зиммангизга оляпсиз. 3 нафар ҳимоячи билан ўйнаш хато бўлганини тан оласизми?

- Ҳимоячилар учлиги дарвозамиз олдидаги кескинликни камайтиришига умид боғлагандик. Бунда қанот ҳимоячиларидан кўмак кутгандик. Чунки Хорватия термасининг позицион ўйинидан хабардор эдик. Танаффусдан кейин ташаббусни ўз томонимизга оғдириш ниятида схемани ўзгартирдик.

Аммо бу ҳам наф бергани йўқ. Боз устига, кутилмаганда рақибга гол совға қилингани жамоа учун кучли зарба бўлди. Албатта, ҳали таҳлил орқали ўйиндаги камчиликларни аниқлаб оламиз. Ҳозир фақат шуни айтишим мумкинки, дастлабки гол бизни ҳалокатга етаклади. Ҳар ҳолда, иккинчи бўлимни исландларга қарши ўйиндаги каби ўтказолмадик.

Ўша учрашув тўлиқ назоратимиз остида кечганди. Яна бир гап - ҳозир ҳам имконсиз вазиятда эмасмиз. Лекин энди кичик имкониятдан унумли фойдаланишимиз талаб этилади.

- Роналду 2та учрашувда 4та гол уриб, барча замонларнинг энг буюк футболчиси эканлигини бот-бот таъкидламоқда. Бунга муносабатингиз қандай? Месси ҳақида нима дея оласиз?

- Албатта, Роналдунинг ажойиб ўйинчи эканлигини унинг шахсий натижалари тасдиқлаб турибди. Лекин ҳозир бу икки футболчини таққослашдан маъно йўқ. Чунки Аргентина терма жамоаси Леонинг барча фазилатларини намойиш этишига шароит яратиб беролмаяпти.

Бошқача айтсак, жамоадаги камчиликлар Мессига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақиқатни айниқса, биз - мураббийлар яхши ҳис этишимиз лозим. Уюшқоқликнинг талаб даражасида эмаслигига аввало, мен жавобгарман. Терма жамоанинг шундай омадсизликка учраганидан қайғудаман.

- Йирик ҳисобли мағлубиятдан кейин шогирдларингиз ўзларини қандай ҳис этишмоқда? Чунончи, оз бўлсада, ҳали имконият бор...

- Табиийки, ўйинчилар кайфияти тушиб кетди. Ваҳоланки, учрашув бошланиши арафасида улар тетик ва хушчақчақ эдилар. Бу ерга гуруҳда 1-ўринни эгаллаш ниятида келгандик. Бироқ...

Ҳа, оғир дамларни бошдан ўтказяпмиз. Шогирдларимни юксак қадрлайман. Аслида жамоа мақтовларга лойиқ. Аммо афсуски, уюш-қоқлик ва аҳилликни талаб даражасига кўтаролмадик.

- Аргентиналик мухлисларга нима дея оласиз?

- Биринчи навбатда, узримни қабул қилишларини сўрайман. Чунки натижа учун мен жавоб бераман. Юз берган омадсизлик аввало, ўзимни ранжитди. Энди бутун диққат-эътиборимизни Нигерия термаси билан бўладиган ҳал қилувчи учрашувга қаратишдан ўзга иложимиз йўқ.

InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 18:55, 26.06.2018.
Ўқилди: 5024 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.