Бугун пойтахтимиздаги «Бўзсув» каналида «Ёшлар куни»га бағишланган тадбир ташкил этилди. Ушбу кўргазмали чиқишларда Миллий олимпия қўмитаси ҳамда "Rowing and Canoe" федерацияси, мураббийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Ниёзхўжа Тешабоев, параканоэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи: «Бугун ўтказилган тадбирда спортчилар ўз кўникма ва маҳоратларини намойиш этишди. Бизнинг спорт туримизда йигитлар ўз имкониятларини намойиш этиш учун сув керак бўлади. Бундай тадбирлар нафақат Тошкентда, энди бошқа вилоятларда ҳам ташкил қилинади. Кўргазмали чиқишлар ёшлар орасида ушбу спортни оммалаштириш учун ажойиб имконият ҳисобланади. Бу борада биз Миллий олимпия қўмитаси билан иш олиб боряпмиз. Бугун томошабинлар байдарка ва каноэ ҳамда слаломда эшкак эшиш бўйича чиқишларни томоша қилдилар. Мусобақалар сабаб академик эшкак эшиш бўйича қайиқларимизни олиб келишга улгурмадик. Аммо, шунда ҳам тадбиримиз ажойиб ўтди».
Денис Ануфриев, 2017 йилги Осиё чемпиони, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби: «Спортнинг ушбу тури билан 7 йилдан буён шуғулланаман.Айни пайтда Болгарияда бўлиб ўтадиган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўряпмиз. Бугунги тадбир ҳақида гапирадиган бўлсак, унда биз турли кўргазмали чиқишларни намойиш этдик. Умид қиламанки, спортнинг ушбу ажойиб тури келажакда янада оммалашади, бундай спорт тадбирлари эса янги номларни кашф этишда муҳим роль ўйнайди».