Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Чемпион ҳикоялари: Ромелу Лукаку антиқа сут рецепти, Тьерри Анри ва бошқалар ҳақида

Баҳо:
+3 | -

Бельгия терма жамоаси Россиядаги жаҳон чемпионатида жуда ёрқин ўйин намойиш этмоқда ва ғолиблик учун энг асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Ушбу терма жамоанинг етакчиси ҳақида гап борганда, кўпчилик сардор Эден Азарни ёки Англиянинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бири Кевин де Брюйнени тилга олади. Аммо агар эътибор бераётган бўлсангиз, футболчиларни илҳомлантириш, таъсирли сўзлар билан олға бошлаш кўпроқ Ромелу Лукаку томонидан амалга оширилаётганини кўрасиз. Танаффус пайтида ҳам, ечиниш хонасида ҳам шериклари айнан Ромелунинг оташин нутқларини тинглашмоқда.

Хўш, Ромелу уларга нималарни айтиши мумкин? Бу қоронғу. Лекин унинг машҳур ThePlayersTribune порталидаги ҳикоясини ўқисангиз, кўп нарсага амин бўласиз. Бу материални эътиборсиз қолдира олмадик.

Мен ўша кунни жуда яхши эслайман. Ҳозир ҳам ўша, музлатгич олдида турган онамнинг синиқ юзини кўз олдимга келтира оламан.

Олти ёш эдим чамаси. Ҳар доимгидек, тушлик қилиб олгани мактабдан уйга чопдим. Меню ҳар доим бир хил бўларди – нон ва сут. Болаликда бунга эътибор бермайсан, лекин кейинчалик ўйлашимча, бизнинг фақат шунга қурбимиз етарди. Бу сафар ҳам қўлида сут коробкасини ушлаб олган онамни кўрдим. У бу сафар сутга ниманидир аралаштирарди. Нима эди бу, биласанми? Ҳеч нарсани тушунмаётгандим, у сутни олдимга келтирди ва худди ажойиб ихтирони амалга оширгандек жилмайди. У сутга сув аралаштирганди. Энди биз янада камбағаллашган, ҳар ҳафта сут ичиш учун пулимиз етмасди.

Отам профессионал футболчи бўлган, аммо у ўз фаолиятини тугатгач, пулимиз қолмади. Энг аввало, кабел телевидениемизни узиб кетишди – энди футбол йўқ. Энди футбол томоша қила олмасдик, тамом. Бир куни уйга келсам, газни ҳам узишибди, ҳафтада икки-уч марта электр токисиз қоладиган бўлдик. Ваннада чўмилмоқчи бўлсам, энди иссиқ сув ҳам муаммо эди. Онам кичик идишда сув иситар, мен ваннада турволиб, оддий чашкада бошимдан сув қуйиб ювинардим.

Биз ўша кунгача курашиб келдик. Аммо онам сутга сув аралаштираётганини кўрганимда, ҳаммаси тамом бўлгандек туюлди. Шу бизнинг ҳаётимиз эди.

Индамай тушлик қилдим. Онамнинг яна бу ҳақида сўз очишини истамадим. Аммо Худо ҳаққи, айнан ўша куни ўзимга ўзим сўз бергандим, гўёки нимадир мени уйқудан уйғотгандек – энди нима қилишни ва нима қилмоқчи бўлаётганимни аниқ билиб турардим. Мен онамнинг бундай яшашига қараб тура олмайман. Йўқ, йўқ, йўқ. Бу мен учун оғир.

«Ойи, ҳаммаси бошқача бўлади. Кўрасан. Мен «Андерлеҳт»да ўйнайман. Шу кун албатта келади. Биз яхши яшаймиз. Хавотир олма!»

Мен ўшанда олти ёшда эдим.

Дадамдан сўрайман – «Ҳақиқий футбол неча ёшдан бошланади?»

«Ўн олти ёшдан»

«ОК, ўн олти бўлса, ўн олти»

Биласизми, ўзим қатнашган ҳар бир ўйин мен учун финалга тенг. Паркда дўстларим билан ўйнаяпманми, бу ҳам финал. Болалар боғчасидаги танаффусда тўп тепяпманми, бу финал. Мен майдонда ўлардим. Мен учун футбол шунчаки ўйин бўлмаган. Ҳеч қандай ФИФА симулятори ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, менда Playstation йўқ эди. Мен ўйнамасдим, мен майдонда жанг қилардим.

Тенгқурларимга нисбатан гавдам жуда катта эди. Шунинг учун кўпчилик ҳайрон бўлар, мен баъзида асл ёшимни исботлашимга тўғри келарди. 11 ёшлигимда болалар жамоасида ўйнашим керак бўлганида, рақиб жамоадаги болаларнинг ота-оналари мени майдонга тушишимга қаттиқ қаршилик қилишгани ҳам эсимда.

«Бу бола неча ёш? Қаердан келиб қолди? I.D ҳужжати қани?» деб тўполон қилишганди.

«Қаердан  бўлардим, Бельгияданман. Антверпенда туғилганман», – деб ўйлардим ичимда.

Машинамиз йўқлиги туфайли, сафардаги ўйинларимга отам бормас, кўпинча ўзимни-ўзим ҳимоя қилишимга тўғри келарди. Сумкамдан ҳужжатларимни олиб келиб кўрсатар, ўша пайтда қоним бадтар жўшиб, «ҳали майдонда ўғлингизга кўрсатиб қўяман» деган фикрлар кечарди хаёлимдан.

Мен Бельгия футбол тарихида энг зўр футболчи бўлишни орзу қилардим. Мақсадим шу эди. Яхши футболчи эмас, энг зўр бўлишни. Мени бу мақсад сари етаклайдиган, жаҳлимни чиқарадиган омиллар етарли эди – масалан, уйимизда югуриб юрадиган каламушлар... ёки кабелга пулимиз йўқлиги туфайли Чемпионлар Лигаси ўйинларини кўра олмаганим... бошқа болаларнинг ота-оналари қандайдир жирканиш ва қўрқув билан менга боқишлари... 

12 ёшимда 34 ўйинда 76 гол урдим. Мен бу голларни отамнинг бутсасида урганман. У пайтга келиб, бизнинг оёқ ўлчамларимиз деярли тенг бўлиб қолган, алмашиб кияверардик.

Бир куни бобомга, онамнинг отасига телефон қилдим. У менинг ҳаётимдаги энг муҳим инсонлардан бири бўлган. Мени ота-онамнинг ватани бўлмиш Конго билан боғлаб турадиган одам ҳам айнан у эди. «Бува, ҳаммаси яхши, мен 76 гол урдим, лигада чемпион бўлдик. Катта клублар менга эътибор қаратишяпти», – дедим унга телефон орқали гаплашганимизда.

У ҳар доим мендан футболдаги эришганларим, янгиликлар ҳақида қизиқиб сўрарди, аммо бу сафар сал бошқача кайфиятда эди.

«Ҳа, Ром, бу ҳаммаси яхши. Лекин мен учун бир нарса қила оласанми?»

«Албатта, нима қилишим керак?» – деб сўрадим мен.

«Менинг қизимга ғамхўрлик қилишингизни, унга яхши қарашингизни истайман, илтимос»

Очиғи, бироз уялдим. Нега бобом бундай деяпти?

«Онамни айтяпсизми? Ҳаммаси жойида, биз яхшимиз»

«Йўқ, менга ваъда бер» – деб гапимни бўлди у, - «менга ваъда бера оласанми? Шунчаки, унга яхши қара, мен учун шундай қил, бўптими?»

«Албатта, буважон. Тушундим. Ваъда бераман» – дедим мен.

Беш кундан кейин у вафот этди. Ўшандагина, нега бувам бундай деганини тушундим.

Қани эди, яна тўрт йил яшаганда, менинг «Андерлеҳт»да ўйнаганимни кўрганида, биз билан, қизи билан ҳаммаси яхши эканини кўрганида, деб ўйлайман доим.

***

Мен онамга ўн олти ёшимда «Андерлеҳт»да ўйнайман деб ваъда берган эдим. 11 кунга кеч қолдим.

2009 йил. 24 май. Ҳаётимдаги энг ажойи кун. Плей-офф босқичининг финалида «Андерлеҳт» «Льеж»га қарши ўйнаши керак эди.

Бу ҳақида кейинроқ. Сал сабр қилинг. Чунки ўша мавсум бошида мен ҳатто «Андерлеҳт»нинг ёшлар жамоасида ҳам захирада ўтиргандим. Ўн олтига тўламан яқинда. Ахир бу туришда, U-19 захирасида ўтириб, қандай қилиб клуб билан профессионал шартнома имзолашим мумкин? Шунинг учун мураббийнинг олдига бордим.

«Жаноб, мени асосий таркибга қўйинг, декабргача 25 гол уришга ваъда бераман»

У кулиб юборди. Ўйлашимча, менинг устимдан кулаётганди.

«Келинг гаров бойлаймиз», – бўш келмадим.

«Хўп, агар декабргача 25 гол ура олмасанг, захирага ўтирасан» – деди у.

«Розиман, лекин агар ваъдамнинг устидан чиқсам, сиз клубдаги барча автобусларни тозалаб чиқасиз» - мени энди тўхтатиб бўлмасди.   

«Яна, бизга ҳар куни блинчик пишириб берасиз». У яна рози бўлди.

Декабрь эмас, ноябргача 25 гол урдим. Ана, сизга дарс бўлсин ўртоқ мураббий, ҳеч қачон қорни оч бола билан баҳслашманг!

16 ёшга тўлган куним, «Андерлеҳт» билан профессионал шартнома имзоладим, шу куниёқ ўзимга плейстешион ва кабел телевидение жиҳозларини сотиб олдим. Ўша мавсум жуда кескин ўтган, «Андерлеҳт» ва «Стандарт» (Льеж) бир хил очко тўплаганди. Шунинг учун соврин эгаси уй-сафардаги икки ўйин орқали аниқланадиган бўлди.

Биринчи ўйинни уйда, телевизорда кўрдим. Иккинчи ўйин арафасида эса, менга захира таркиби мураббийи телефон қилди.

«Салом, Ром, нима қиляпсан?»

«Шу, паркка футбол ўйнагани чиқмоқчи бўлиб турувдим»

«Йўқ, йўқ, нарсаларингни йиғиштир, ҳозироқ!»

«Нега, нима бўлди?»

«Ҳозир стадионга боришимиз керак. Асосий таркиб мураббийлари сени кўришмоқчи»

«Қайси мураббийлар? Қаерда?»

«Андерлеҳт», тентак, «Андерлеҳт!»

Стадионга борсам, мураббийлардан бири мендан сўради – «болакай, сенга қайси рақам ёқади?»

«Майли, 10-рақам ёқади»

«Ҳа, сенга қайси рақамни берайлик?» – саволини ўзгартириб сўради у.

«10»

У кулиб юборди. Мен ҳам қўшилишиб кулдим. Истиҳола қиладиган ёшга етганим йўқ эди ахир.

«Академиядаги болалар 30дан юқорисини олишлари керак» – деди у бироз ўйлаб туриб.

«Хўп, олтига учни қўшса, тўққиз бўлади, менга жуда ёқади, бўпти, 36ни беринг» 

Уёғини айтгани уяламан – ўша куни кечқурун, овқат пайтида, асосий таркиб ўйинчилари менга қўшиқ айттиришганди. Шунчалик бошим айлангандики, қайси қўшиқни танлаганимни эслай ҳам олмайман. 

Эртасига эрталаб, «Ром ўйнагани чиқадими?» деб эшигимни тақиллатган дўстимга онам жиддий туриб, «йўқ, у ўйнайди» деб жавоб бергани...

«Қаерда ўйнайди?»

«Финалда!»

***

Автобусдан тушар эканман, бутун телекамералар мени менга қаратилганини ҳис қилдим. Костюмда ўзимни ноқулай ҳис қилдим, ҳеч қиси йўқ, ечиниш хонасигача узоғи билан 300 метр, уч дақиқада етиб оламиз. Ишонасизми, хонага кириб келишим билан телефоним тинмай жиринглай бошлади, смсларга тўлиб кетди. Телевизорда автобусдан тушиб келаётганимни кўрсатишган, албатта, ҳеч нарсадан хабари йўқ дўстларим ҳайрон бўлиб қолишган. Бир дақиқада 25та смс келганди – «Сен ўйинда нима қиляпсан?», «Ром, нима бўляпти, нега сени телевизорда кўрсатишяпти?»

Энг яқин дўстимга жавоб ёзиб юбордим – «Бро, ўйнайманми, йўқми билмайман. Нима бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман, телевизор кўришда давом эт».

63-дақиқада мураббий мени майдонга туширди. 16 ёшга тўлганимдан роппа-роса 11 кун ўтиб, онамга ва бувамга берган ваъдамни бажараётгандим. Ўша куни биз ютқаздик, лекин мен осмонларда учиб юрардим. Эндигина ҳаммаси яхши бўлишига тўлиқ амин бўлдим.

Келаси йили мен ҳали ҳам ўрта мактабда ўқир, шу билан бирга Европа Лигасида ўйнардим. Бельгия чемпионатида ғолиб чиқдик, мен эса, энг яхши африкалик футболчилар ичида иккинчи бўлдим. Тўғриси, ҳаммаси бунчалик тез бўлишини кутмагандим. Бирданига мен ҳақимда ёза бошлашди ва менинг келажагим борасида, айниқса, терма жамоада менга умид қилишлари ҳақида фикрлар ўқий бошладим. Қани, Ром, бўш келма!

Қизиғи, агар ҳаммаси зўр кетса, мени бельгиялик ҳужумчи Ромелу Лукаку деб аташар, агар ўйиним қовушмаса, асл келиб чиқишим конголик эканига урғу беришарди. Бу мени жуда хафа қиларди. Ўйиним ёқадими, ёқмайдими, мен шу ерда туғилганман, Антверпенда, Льежда, Брюсселда улғайдим. «Андерлеҳт»да ўйнашни орзу қилиб вояга етдим. Катта бўлсам, Венсан Компани бўламан, дердим. Мен бельгияликман, тамом.

Ҳаммамиз бельгияликмиз.  

Шунинг учун нега баъзи юртдошларим менга муваффақиятсизлик тилашини тушуна олмайман. «Челси»га бориб, у ерда майдонга туша олмаётган кезларимда устимдан кулишди. «Вест Бромвич»га ижарага бериб юборилганимда қарсак ҳам чалишди.

Ахир бу одамлар биз сутга сув қўшиб ичаётганимизда ёнимизда эдиларми? Агар ундай бўлмаса, улар мени ҳеч қачон тушуна олмайдилар, мени ҳис қила олмайдилар, тўғрими?

Энг кулгилиси нима айтайми? Мен болалигимда 10 йил Чемпионлар Лигасини кўра олмаганман. Бизнинг бунга қурбимиз етмасди. Мактабга келганимда ўртоқларимнинг финал ўйини ҳақида бир-бирларига гапириб бераётганликларини кўрсам, ўзимни эшитмаганга олар ёки худди мен ҳам ўзимни ҳаммасини кўргандек тутардим.

2002 йилги финалдан кейин, бир-бирларига ҳаводан берилган зарба ва ажойиб гол ҳақида айтиб беришарди. Сир бой бермадим, фақат икки ҳафта ўтибгина, синфдошларимдан бири интернетдан тортиб олинган Зиданнинг голини кўрсатгандагина, аслида гап нимада эканини тушунгандим.

Ўша йили мен шу ўртоғимнинг уйига бориб, Роналдонинг финалдаги голларини кўрсатишини сўрадим. Жаҳон чемпионатидан қолган тасвир мен учун шу холос, қолган барчаси танишларимнинг айтиб берган ҳикоялари холос.

Ҳа, яна туфлимда катта тешик бўлганини ҳам эслайман. Катта тешик.

***

Ўн икки йил ўтиб эса, мен жаҳон чемпионатида майдонга тушдим. Энди эса, иккинчи жаҳон чемпионатидаман.

Дўстим, мени тингла, болалигимда мен ҳатто Тьерри Анрини телевизорда кўришга ҳам зор эдим, кўра олмасдим. Энди эса, терма жамоада ҳар куни у билан биргаман. Мен тирик афсонанинг ёнида тураман ва унинг ҳикояларини тинглайман,  ҳар кун ундан ниманидир ўрганмоқчи бўламан. Биласизми, Тьерри мендан ҳам кўп футбол томоша қиладиган дунёдаги ягона инсон бўлса керак. Биз доим футбол ҳақида баҳслашамиз. Масалан, биз ўтириб, бемалол Германия иккинчи дивизионидаги ўйинни муҳокама қилишимиз мумкин.

«Тьерри, «Фортуна» ва «Дюсселдорф»нинг кечаги ўйинини кўрдингми?» – дейман мен.

«Саволни қара, албатта кўрдим», – дейди у.

Бу дунёда мен учун энг зўр ҳиссиёт.

Лекин мен бу ишларга бобом ҳам гувоҳ бўлишини жуда истардим. Йўқ, Премьер Лига ҳақида айтмаяпман. «Манчестер Юнайтед» ҳақида ҳам айтмаяпман. Чемпионлар Лигаси ҳам эмас. Жаҳон чемпионати ҳақида ҳам эмас гап.

Мен буларни назарда тутмаяпман. Мен шунчаки, ҳаётимиз яхшиланган, изига тушган бир пайтда бобом ёнимизда бўлишини истардим. Қанийди, у билан яна бир марта телефонда гаплашсам-у, унга айтиб берсам:

«Кўрдингми? Айтгандимку! Қизингдан хавотир олма, унда ҳаммаси яхши. Энди уйда каламушлар йўқ, биз полда ухламаяпмиз, сутга сув қўшмаяпмиз. Қизинг сиқилмаяпти, унинг кайфияти жойида. Биз яхшимиз, бува...

... Энди биздан  I.D сўрашмаяпти. Бизни танийдилар...»

Ромелу Лукаку

Манба: www.tribuna.uz
Киритилди: 09:53, 04.07.2018.
Ўқилди: 3747 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.