“Daryo.uz” шарҳловчиси Бахтиёр Насимов россиялик спорт шарҳловчилари Александр Елагин ва Денис Казанский билан UzReport-TV телестудиясида эксклюзив учрашув уюштирди.
Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— Сўнгги вақтларда футбол шарҳловчиларининг иши қанчалик қийинлашди?
Александр Елагин: - Табиийки, футбол тезлашди. Тактик янгиликлар кўпайди ва мураббийларнинг тактик фикрлаш ривожини кузатиб бориш зарур. Учта ҳимоячи, тўртта ҳимоячи, бешта ҳимоячи билан ўйнашлари мумкин. Шу билан бирга ўйин давомида жамоа ўйинида тактик ўзгаришлар бир неча марта юз бериши мумкин. Барча тактик ўзгаришлардан хабардор бўлиш ҳам керак.
Футбол ўзгарди, мухлислар ўзгарди, демакки, шарҳловчи ҳам ўзгариши, футбол билан бирга қадам-бақадам ўсиши талаб этилади. Ўзимдан келиб чиқиб айта оламанки, ҳар бир ўйин томошабин олдидаги мисоли бир имтиҳон.
Денис Казанский: - Ҳамма гап ахборот майдонида нималар бўлаётганида. Мен ҳозир кела туриб Бразилия терма жамоаси мураббийси Тите ҳақида каттагина материални ўқидим, унда айтилишича, у болалигида футбол ўйинлари тўғрисидаги репортажларни радио орқали тинглаган экан. Энди ҳамма нарса ўзгарди: коптоклар, пойабзал, майдонлар, стадионлар. Шу жумладан, телевидение ҳам. Вақт ўзгарди. Ижтимоий тармоқлар, сайтлар, телеканаллар пайдо бўлди ва футбол ўйинини кўришнинг имкони бўлмаган жойнинг ўзи қолмади.
Ҳаёт ўзгармоқда. Ахир 60-йиллардаги автомобилларни XXI аср машиналари билан солиштириб бўладими? У пайтлардаги самолётлар қанақа эди-ю, ҳозиргилари қандай? Эски мактаб шарҳловчиларига янги анъаналарга мослашиш қийин эканлигини кўриб турибман. Ишончим комил, ўн йилдан кейин бизга янада қийин бўлади. Чунки ҳамкасбим Елагин айтганидек, кўп нарса тактикага боғлиқ.
— Томошабинлар сизни кўпинча нималарда айблашади?
Александр Елагин: - Ҳар бир томошабиннинг ўз қаҳрамони бор. Кимгадир эмоционал шарҳлаш тарзи ёқса, кимдир буни ёқтирмайди.
Денис Казанский: - Энг кўп учрайдиган айблов – бу менинг “Спартак”, ЦСКА, “Манчестер Юнайтед”нинг мухлиси эканлигим ёки аксинча. Лекин бирор бир аниқ нарсада айблашмайди. Ҳамкасбларнинг фикри анчагина муҳим. Агар бирор бир нарса кўнгилдагидек чиқмаса, ёки қандайдир ғализлик бўлса, Юрий Лозанов шартта айтиб қўя қолади. Ва сен буни тузатишга ҳаракат қиласан.
— Ўйинга тайёргарлик кўришга қанча вақтингиз кетади?
Александр Елагин: Футболчилар ва мураббийлар ҳаётида нималар рўй бераётганлигидан хабардор бўлиш зарур. Спортнинг ичида бўлмоғимиз даркор. Мана айтайлик, Владимир Маслаченко ўйинга деярли тайёргарлик кўрмас эди. Нима учун? Чунки у мусиқачи нотани ўқигани сингари ўйинни ҳам ўқир эди. Унинг учун ўйин худди очиқ китоб каби эди.
Денис Казанский: - Шарҳловчилар мавзуга бошлари билан шўнғишлари керак ва ўзгаришларга тез жавоб қайтаришлари лозим. Ҳозир эски усуллар билан ишлаб бўлмайди. Шарҳловчининг аввалдан тайёрлаб қўйган материаллари 20-30 фоизи шлатилади. Шунақаси ҳам бўладики, 120 дақиқа давомида ўйинда деярли ҳеч нарса рўй бермайди, бироқ шарҳловчи шу вақт ичида томошабинларни зериктирмасдан шарҳлашни давом эттиришига тўғри келади.
— UzReport-TV ФИФАдан Россиядаги Жаҳон чемпионати ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олди. Бироқ ҳамма ҳам буни ижобий қабул қилмади.
Александр Елагин: - Ўзбек мухлисларига қилинган бундай ҳадя учун UzReport-TVга миннатдорчилик билдириш керак деб ҳисоблайман. Инглиз премьер-лигаси, Европа кубоги, 2016 йилги Европа чемпионати, 2018 йилги Жаҳон чемпионати. Бундан яхши бўлиши мумкинми? Танқидчилар ва норозиларга келадиган бўлсак, улар доимо бўлишган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Мени кечиринг-у, лекин мен уларни ҳасадгўйлар деб ҳисоблайман. UzReport-TV каби компаниянинг эса ҳасадгўйлари бўлиши табиий. Бу жуда яхши. Демак, ҳасад қилишга арзигулик нарсалар бор, демак UzReport-TV ўсаяпти ва ривожланаяпти. UzReport-TVда ёмон ўйинлар бўлмайди.
Денис Казанский: - Бу катта иш, бироқ чемпионат бошлангунга қадар мухлислар орасида тушунтириш ишлари олиб бориш керак эди, бунинг учун етарлича вақт ҳам бор эди. Бу ерда UzReport-TVнинг ўзи ҳам айбдор. Улар олдиндан кенг миқёсдаги кампания ўтказишлари, телетомошабинларга нималар бўлаётганлигини айтиб беришлари керак эди, бу дабдурустдан, чақмоқ сингари бирданига бўлмаслиги керак эди. Ахир бу мутлақо тўғри йўл. Ҳозирда бутун дунёда ўғринча транляция қилиш тезда ошкор бўлмоқда, МДҲ давлатларидан бирида шундай нохуш воқеа бўлиб ўтганлигидан хабарим бор. Энди ўғринча трансляция ўтмайди. Бундан нарсалар ҳақида олдиндан хабар бериш керак. Эфирда ўзбек ёки рус тилида шарҳлаш ва шарҳловчини танлаш имкониятини беришнинг ўзи катта иш, бундай танловга бутун дунё интилади.
— Мен, тўғрисини айтсам, Россия терма жамоаси гуруҳдан чиқмайди деб ўйлагандим.
Александр Елагин: - Мен ҳам шундай деб ўйлагандим.
Денис Казанский: - Сизнинг фикрингизга қўшиламан, кўпчилик буни кутмаганди. Жамоа олдига гуруҳдан ғолиб бўлиб чиқиш вазифаси қўйилган эди, у буни шараф билан уддалади.
— Энди буёғи жуда қизиқ, жамоа яна нималарга эришаркин? Россия ярим финалда ва ҳаттоки финалда ўйнаса ҳам ҳайрон бўлмайман.
Александр Елагин: - Бу ерда ҳайрон қоларли жойи йўқ. Россия Испаниядан енгилишига 100 фоиз ишончим комил эди. Чунки мен Россия терма жамоасига қанчалик мухлислик қилмай, шундай объектив омиллар борки, улар испанларнинг россиялик футболчилардан анча юқорилигини кўрсатиб туради. Ҳаммасига испанларнинг ўзи айбдор. Бутун ўйин давомида Акинфеевнинг дарвозаси олдида атиги бир марта хавфли вазиятни юзага келтиришди, холос. Жарима тўпи атрофида тентирашди-тентирашди, тўпни қўлдан чиқаришмади, 80 фоиз вақт давомида тўпга эгалик қилишди. Ажойиб узатмалар, 1026 та узатма. Бу зўр, албатта, бироқ бундан нима наф? Россияликлар эса тишларини тишларига қўйиб, пенальтигача этиб келишди. Буни футбол дейдилар.
Денис Казанский: - Менга Испания кучли ўзгарадиган жамоа бўлиб туюлганди. Масалан, Францияни олайлик, гуруҳ ичида жуда ёмон ўйнашди, бироқ кейин Аргентина билан бўлган ўйинда ҳаммасини қойилмақом қилишди. Испания жуда ёмон ўйнади, Россия эса мудофаа учун ўйнайдиган жамоа сифатида аъло ўйин кўрсатди. Шу сабабли Хорватия билан ҳам худди шундай бўлади, бироқ бу сафар ўйин анчагина шиддатли кечади. Ҳеч қандай ҳолатда ҳам Хорватияга босим ўтказмаслик керак. Ўзини хотиржам тутиш керак. Ўйиннинг чиройли ўтиши бизни умуман қизиқтирмайди. Бизга натижа керак. Агар бу сафар ҳам ўн киши ҳимояга турса ва қандайдир қулай вазият бўлиб қолишини кутишса, бу иш бериши мумкин. Агар хорватларнинг жаҳлини чиқарсак, оқибати ёмон бўлади.
— Ким чемпион бўлади?
Александр Елагин: - Бу Россия бўлиши ҳам мумкин! 2004 йилда, мураббий Oттo Рехагель Греция жамоасига мураббийлик қилганида ҳам ҳеч ким уларга ишонмаганди. Ўшанда улар ҳамма ишонган Чехияни доғда қолдиришган эди. Чехия жамоа таркиби зўр эди – Поборский, Росицкий, Недвед, Коллер, Барош. Финалда эса греклар турнир эгаси бўлмиш португалларни енгиб, Европа чемпиони бўлишганди. Ўшанда ким ҳам Грецияни ғолиб бўлади деб ким ўйлабди, дейсиз?
Ҳазилни четга суриб, жиддий гапирадиган бўлсак, битта даъвогар қолди.
Бразилия. Улар қандай шиддат билан ўйнаётганлари кўриниб турибди. Бельгияликлар, менинг фикримча, инглизлар сингари чемпион бўла олмайдилар. Уларни тўхтатиб қолишади. Уларнинг асосий муаммоси – руҳиятида. Афсуски, уларда ғалаба анъанаси йўқ, бу эса ғалабага эришиш учун жуда муҳим. Бу эрда бирорта янги гап айтолмайман.
Асосий умидлар пучга чиқди. Германия, Испания, Аргентина, Португалия ўйиндан чиқди.
Денис Казанский: - Уларнинг ўйиндан чиқишининг сабаби турлича. Германиянинг гуруҳдан чиқа олмаганлигининг сабаби – Йоахим Лёв, у Конфедерация кубогидан сўнг эсини йўқотиб қўйди ва бир қанча ҳайратланарли қарорларни қабул қилиб, жамоада кўп нарсаларни ишдан чиқарди. Нойер бир йиллик танаффусдан сўнг дарвозани эгаллади. Лерой Сане чемпионатга олинмади. Ҳаттоки, бир йил олдинги таркибдаги жамоа ҳам йўқ ҳозир.
Аргентинанинг ютқазишига асосий айбдор уларнинг мураббийси - Хорхе Сампаоли. Мураббий билан Месси ўртасида бўлиб ўтган воқеа эса алоҳида ҳикоя. Улар ютқазган жамоа ҳам анойи эмасди. Французлар бу чемпионатда ярим финалгача боришлари мумкин деб ўйлайман.
— Равшан Эрматов ҳақида нималар дея оласиз?
Александр Елагин: - Эрматов финал ўйинини бошқариши керак. Бу унинг учун учинчи Жаҳон чемпионати. Уни УЕФА ва ФИФА ҳакамлар корпуси раҳбарлари Перлуижи Коллина ва Массимо Бузаккалар ҳам ҳурмат қилишади. Эрматов ўйинни бехато бошқаради. Ҳеч бир қоидабузарликни ўтказиб юбормайди. Балки унинг ўйинни бошқариш тарзи ўзига хос, юмшоқроқдир. Бунинг устига у ўзбекистонлик. Европаликлар ҳакамлик қила олмайди, чунки сўнгги иккита финалга улар ҳакамлик қилишди. Кетма-кет учта финални бошқаришни европаликларга беришмайди. Демак, ҳакам бошқа минтақадан бўлади. Жанубий америкаликлар ҳакамлик қилишган. Унинг рақиби эронлик ҳакам Алириза Фегани. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам малакали арбитрлар, Осиё конфедерацияси вакиллари ва уларнинг жамоалари ўйнамаяпти.
— Эрматов шубҳасиз ҳакамликка асосий даъвогар.
Денис Казанский: - У ҳозирча аъло натижаларни кўрсатмоқда. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, Равшан Эрматов финал ўйинини бошқаради ва бу чиройли ўйин бўлиши аниқ. Биз ҳаммамиз ўтган сафарги чемпионатда Эрматовни финал ўйини ҳаками этиб тайинланишини кутгандик, бироқ бундай бўлмади. Энди эса у кўрсатган даражани ҳисобга олиб ва чемпионат Россияда ўтказилаётганлигидан келиб чиқилса, менимча, шундай бўлиши керак.
— Илгари, ҳар бир чемпионатда бирорта янгилик бўларди. Мисол учун голландларнинг ўша “оммавий футболи”. Бу чемпионатда ҳам янгиликлар борми?
Денис Казанский: - Албатта, ушбу Жаҳон чемпионатида биз янги анъаналарга дуч келмоқдамиз. Ён ҳимоячиларга жуда кам эътибор берилаётир. Ўтган галги чемпионатда, аксинча, унга катта эътибор қаратилганди. Клубларда ҳам. “Реал”даги Марсело ва Карвахални олинг, “Манчестер Сити”даги Гвардиола ҳам худди шулар жумласидан. У келиши биланоқ, иккита шундай ҳимоячини сотиб олди ва Кайл Уокер ақл бовар қилмайдиган мавсумни ўтказди. Ушбу Жаҳон чемпионатида биз чеккадаги ҳимоячиларни кўрмаяпмиз. Улар бўлса ҳам, бу ҳар бир жамоа учун муаммоли зона бўлиб қолмоқда. Биз клуб футболларида кўрадиган чуқур плеймейкер ўйинлари ҳам бу эрда ўтмаяпти. Бирор бир чуқур ўйинни кўрмадик. Жамоаларда “ўнинчилар”нинг бошқаларга таъсири клуб ўйинлари даражасидан бироз юқори. Модрич, Погба – 10-рақамнинг ёрқин икки намояндаси. Бельгияда бунақаси йўқ, уларда мажбуриятлар Азар ва де Брёйне ўртасида тақсимланган.
Яна энг муҳим анъаналардан бири – стандартлар. Бурчак тўплари, пенальтилар. VAR-видео такрорлашлар тизими. Жаҳон чемпионатларида ҳеч қачон бунча кўп пенальти бўлмаганди. Видеоёзувларни кўргандан сўнг тайинланадиган ва бекор қилинадиган пенальтилардан ташқари яна бир янги омил пайдо бўлди. Энди ҳар бир ҳимоячи яхши билади: унинг ҳеч бир “киши билмас” қоидабузарликлари жазосиз қолмайди.
Инглизлар, испанлар ва уругвайликларнинг стандарт ҳолати ўйинларидан сўнг нечта гол урилганлигини кўриб турибмиз.