Ўзбекистон чемпионатининг 14-турнинг қолдирилган ўйини доирасида "Қўқон-1912" ўз майдонида "Металлург"ни қабул қилди.
Бугунги ўйинда фақат ғалаба қозониш мақсадида майдонга тушган қўқонликлар илк дақиқалардан ҳужумкорликка зўр беришди. Дастлабки дақиқаларда рақиб дарвозаси олдида босим ўтказган мезбонлар тезкор гол кирита олишмади. 17-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасановнинг зарбаси голга айланишига бир бахя қолди. Ушбу вазиятда омад меҳмонларга кулиб боқди.
25-дақиқадаги «Қўқон-1912» ҳужумини меҳмонлар посбони катта қийинчилик билан бартараф этиб, жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди. 35-дақиқада Мурод Холмуҳаммедовнинг жаримадан оширган тўпини рақиблар қийинчилик билан қайтариб қолишди.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар ҳисобни очишга жуда яқин келишганди. Бироқ сўнгги паллада Акбар Исматуллаев меҳмонларни яққол голдан сақлаб қолди.
Иккинчи бўлимни ҳам майдон эгалари шиддатли ҳужумлар остида бошлашди. Меҳмонлар эса қарши ҳужумга таяниб ҳаракат қилишди. 64-дақиқада Жасур Ҳакимовда яхши имконият вужудга келганди. Бироқ унинг боши билан берган зарбаси ноаниқ кўриниш олди. 68-дақиқада захирадан майдонга тушган Суҳроб Бердиев ўйинни анча кучайтирди. Унинг чалқанча усулда тепган тўпи ноаниқ бўлди.
69-дақиқада меҳмонлар ҳисобни очишди. Гол муаллифи Зоҳид Абдуллаев бўлди. Меҳмонлар қарши ҳужумдан самарали фойдаланишди.
75-дақиқада бекободликлар ўз жарима майдончалари ичида қўполлик ишлатишди. Бош ҳакам пенальти белгилади. Мурод Холмуҳаммедов доимгидек пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди.
Голдан кейин «Қўқон-1912»да яна бир қатор вазиятлар вужудга келди. Натижада ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Нўъмон Ҳасанов шогирдлари иккинчи голни уриб, ғалабани илиб кетишди. Гол муаллифи захирадан майдонга тушган Беҳруз Саъдиллоев бўлди.
Pepsi Суперлига, 14-тур
“Қўқон-1912” – “Металлург” – 2:1 (0:0)
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов – 75 (пен), Бехруз Сайдиллоев – 90+5. - Зоҳид Абдуллаев – 69.
“Қўқон-1912”: 1. Ўткир Юсупов, 4. Баҳодир Акрамов (11. Фирдавс Асадов-72), 5. Ғиёс Комилов, 10. Жавоҳир Сидиқов, 15. 17. Қувондиқ Рўзиев (78. Бехруз Садиллоев-85), 22. Мурод Холмуҳаммедов, 23. Александр Мерзляков, 65. Марко Милич, 70. Жасур Ҳакимов, 96. Муҳаммаданас Ҳасанов (19. Суҳроб Бердиев-57).
“Металлург”: 35. Жавоҳир Илёсов, 5. Аббос Отахонов, 9. Забихулло Ўринбоев, 10. Ислом Исоқжонов, 15. Зоҳид Абдуллаев (92. Отабек Зокиров-92), 28. Станислав Андреев, 55. Акбар Исматуллаев, 87. Баҳодир Пардаев (7. Суҳроб Нуруллоев-59), 88. Аброр Ҳусинов, 90. Зафар Тўраев (77. Муҳаммад Исаев-65), 91. Павел Смоляченко.
Ҳакамлар: Виктор Серазетдинов, Шавкат Файзиев, Бахтиёр Шавкатов, Шавкат Насибуллаев.
Назоратчи: Бахтиёр Тоғаев.
Комиссар: Бахтиёр Номозов.