«Челси» «Реал» раҳбариятига бельгиялик ҳужумчиси Эден Азарни 170 миллион фунтга ҳам (190 миллион евро) сотмаслигини маълум қилган. Бу ҳақда Mirror нашри хабар бермоқда.
Бундан аввалроқ ОАВда лондонликлар клуби раҳбарияти ушбу футболчисини 190 миллион евро эвазига қўйиб юборишга рози бўлгани ҳақида хабар тарқалганди.
Бу қарор жамоанинг янги бош мураббийи Маурисио Сарри Азарни жамоа етакчиси сифатида кўраётгани туфайли қабул қилинган. Футболчининг ўзи бироз аввалроқ янги чақириқларга тайёр эканини айтиб, «Реал»га ўтмоқчилигига ишора қилганди.
«У - Европанинг энг яхши футболчиларидан бири. Умид қиламанки, унинг янада ривожланишига ёрдам бераман, аммо бу қийин иш. Ахир у шундоқ ҳам юқори чўққида», деган италиялик мутахассис.
Нашрнинг тасдиқлашича, «Челси» ушбу футболчисига молиявий томондан яхшиланган янги шартнома таклиф қилмоқчи. Унинг янги шартнома бўйича ҳафталик маоши миқдори 300 минг фунтга (335 минг евро) етиши мумкин.
Азар «Челси» сафида 2012 йилдан буён тўп суриб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси муддати 2020 йилгача тузилган. Ўтган мавсумда бельгиялик футболчи«Челси» учун барча турнирлар доирасида 51 ўйинда майдонга тушиб, 17 гол урган ва 13 голга узатма берган.