Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) да юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи «Uzbek Tigers» жамоаси олдига янада жиддий вазифалар қўйилмоқда.
Бугун, 31 июль куни Миллий олимпия қўмитасида жамоанинг янги раҳбари таништирилди. Унга кўра, айни пайтда жиу-житсу федерацияси раиси сифатида фаолият олиб бораётган Комилжон Рўзиев жамоанинг менежери сифатида иш юритади.
Маълумки, AIBA томонидан ташкил қилинган Бутунжаҳон бокс серияси (WSB) мусобақаларида юртимиз шарафини «Uzbek Tigers» жамоаси ҳимоя қилади. Ушбу баҳслар орқали боксчилар Олимпия ўйинлари лицензиясига ҳам эга бўлишлари мумкин бўлади. Бу ҳам мазкур турнирнинг аҳамияти қай даражада эканлигини кўрсатиб турибди.
«Ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Умид қиламанки, келажакда боксчиларимиз Олимпия ўйинларида иштирок этишади ва юртимизга олтин медаллар билан қайтишади. Жамоанинг кучайиши учун қўлимдан келган барча ишни қиламан», – деди Комилжон Рўзиев.