Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«Шоҳсупа сари йўл». Сабина Ташкенбаева: «Осиё ўйинларидаги дебютимда максимал равишда ҳаракат қиламан»

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, 18 август куни Индонезияда XVIII Осиё ўйинлари старт олди. Миллий олимпия қўмитаси ушбу нуфузли мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар билан блиц-интервьюлар ташкил этиб келмоқда. «Шоҳсупа сари йўл» лойиҳасининг навбатдаги сонида бадиий гимнастикачимиз Сабина Ташкенбаева бўлади. Осиё чемпиони, Жаҳон кубоги ва IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” совриндори учун яқинлашиб келаётган Осиё ўйинлари дастлабкиси бўлади.

Бадиий гимнастикани илк кўришимдаёқ ёқтириб қолганман

Олти ёшимда онам спорт гимнастикаси тўгарагига олиб борганлар. Ўшанда мураббий ортиқча вазним бўлганлиги сабаб мени қабул қилишни истамаганди. Ҳафа бўлмаганман. Тўғриси, ўшанда спорт гимнастикаси мени ўзига мафтун қила олмаган. Спорт мактабидан чиқиб кетаётганимизда бадиий гимнастика бўйича ўтказилаётган машғулотларни кўриб қолдик. Ўшанда биринчи маротаба кўришимдаёқ спортнинг ушбу турини ёқтириб қолганман. Ойимга айнан ўша ерга олиб боришларини илтимос қилганман. Шу тариқа, бадиий гимнастикадаги фаолиятим бошланган.

Овқатланиш ва ташқи кўринишимиз доимо назоратда

Барча спортчилар каби менда ҳам диетологлар билан бирга ишлаб чиқилган овқатланиш тартибим бор. Гимнастикачиларнинг таом рациони бошқа спортчиларникидан фарқ қилади. Масалан бизга ҳамирли овқатлар ва ширинликлар истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки, вазн бизнинг спортимизда жуда катта аҳамиятга эга. Нонуштага асосан оқсил кўп бўлган таомлар истеъмол қиламиз: турли кашалар, баъзида пишлоқ ҳам. Тушликка эса гўштли овқат, бульонлар. Кечки овқатга эса сутли маҳмулотлар, ҳўл ва қуруқ мевалар еймиз. Вақти-вақти билан қора шоколад истеъмол қилишимизга руҳсат беришади. Агар вазн билан боғлиқ муаммо бўлмаса сиз учун кўп нарсага руҳсат бор. Аммо, биз ҳар куни тарозидан ўтамиз. Умуман олганда, ташқи кўринишимиз доимо назоратда.

Кумири – Оксана Чусовитина

Кумирим – афсонавий спортчи, мамлакатимиз фаҳри Оксана Чусовитинадир. У мен ўрнак олишим учун ҳақиқий намунадир. Унинг меҳнатсеварлиги, ўз ишини севиши ҳар қандай спортчи учун ўрнак бўла олади. У эришган ютуқларига қарамай очиқкўнгил ва оддий инсон. Чусовитина доимо қийин паллада қўллаб-қувватлай олади. Машғулотларга масъулият билан ёндошиши мени ҳайратлантиради.

Бокудан хотира

Бу 2017 йили Бокуда ўтказилган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари” вақтида бўлган. Кумирим Оксана Чусовитина ҳам ўша мусобақада иштирок этган ва бизни қўллаб-қувватлаш учун залга ташриф буюрган. Аксига олиб ўз чиқишимда мен доимо яхши бажарган машқ ўша куни кўнгилдагидек чиқмади. Бироз ҳафа бўлдим. Шунда Оксана олдимга келди ва мен бажарган машқни ўзи такрорлашга уриниб кўрди. Кейин ушбу машқни ўзининг эркин дастурига киритмоқчи эканлигини айтди. Бу мен учун бироз кулгили кўринди, аммо якунда табассум билан ўша машқни бехато бажариб бера олдим. Бу Чусовитина томонидан кўрсатилган юксак инсонийлик намунаси эди. У мени шундай таъсирли тарзда қўлладики, мен қилган хатоимни англаб етиб, мураккаб элементни беҳато бажаришни уддаладим.

Ўз ишингни севишинг лозим

Мен ва менинг севимли мураббийим Л.В Власованинг ўз орзуларимиз, чемпионликка эришиш йўлида юксак мақсадларимиз бор. Аммо бунинг учун тинмай меҳнат қилиш лозим. Ўз ишингни севишинг ва эришилган натижа билан тўхтаб қолмаслигинг керак. Шунингдек, бу йўлда яхши мураббийнинг аҳамияти катта.

Осиё ўйинларидаги дебют мен учун жуда муҳим

Олдинда турган Осиё ўйинлари мен учун дастлабкиси ҳисобланади. Бу мен учун жиддий ва жуда муҳим мусобақа. Олдиндан башорат қилишни ёқтирмайман. Аммо, мамлакатимиз учун муҳим бўлган медалларни қўлга киритиш учун максимал равишда ҳаракат қиламан.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 17:47, 02.08.2018.
Ўқилди: 1714 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.