Бугун, 29 август куни Индонезияда давом этаётган Осиё ўйинлари мусобақасининг ўн биринчи куни ортда қолди.
Ўзбекистонлик спортчилар бугунги мусобақаларда жами 5 та медаль қўлга киритишди, уларнинг 3 таси олтин, 2 таси кумуш ва яна 2 таси бронза.
Дастлаб медаль олишни дзюдочи Диёрбек Ўрозбоев бошлаб берди. У финалда япониялик Тору Шишимега қарши гиламга чиқди ва олтин маҳо эвазига рақибини мағлуб этди.
Сўнгра ўзбек кураши бўйича Мухлиса Абдумаликова ярим финалда мўғулистонлик Басаняргал Баярбатга ютқазиб қўйди. Дилдор Шерметова эса финалда жамоадоши учун реванш олди. Натижада Мухлиса Абдумаликова бронза, финалда ғолиб чиққан Дилдор Шерметова эса олтин медальни делегация ҳисобига тақдим этди. Мўғўлистонлик рақибини мағлуб этган Дилдор Шерматова мусобақа ғолибига айлангач, Ўзбекистон байроғини кўтариб кўз ёшлари билан аренани айланди.
Курашчи Сарвар Шомуродов ярим финалда эронлик Эляс Али Акбарига қарши жанг қилди ва имкониятни бой берди. Лекин шунга қарамай, Ўзбекистон ҳисобида яна бир бронза медали пайдо бўлди.
Эътиборлиси, бугунги баҳсларда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига енгил атлетикадан кумуш медаль қўшилди. Учхатлаб сакраш машқларида 16,62м натижа кўрсатган Руслан Қурбонов Осиё ўйинлари-2018 мусобақасининг кумуш медалига сазовор бўлди.
Енгил атлетикачи қизлар ҳам олтин ҳам кумушь медал соҳибасига айландилар. Баландликка сакраш баҳсларида Светлана Радзивил 1,96м натижа билан Осиё ўйинлари рекордини янгилади ва олтин медалга эга чиқди. Унга рақиблик қилган Надия Дусанова эса 1,94м баландликни забт этиб, кумуш медалга сазовор бўлди.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Светлана Радзивил 1,96м баландликни забд этиб, Осиё ўйинлари рекордини янгилади. Бундан аввалги рекорд Светанинг ўзига (2010 йил, 1,95м) тегишли эди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси спортчиси илк маротаба Осиё ўйинларида эркаклар ўртасида учхатлаб сакраш бўйича кумуш медални қўлга киритди. Бу йилги мусобада ўзбекистонлик спортчилар олтин медаль тўплаш бўйича Инчхон-2014 мусобақасидаги натижани янгиладилар.
Вакилларимиз 4 йил аввалги Осиё ўйинларида 9 та олтин медаль ютишган. Умумжамоа ҳисобида эса 45 та медаль олиб, мусобақани 11-ўринда якунлаганлар.
Дарвоқе, бугун ўзбекистонлик боксчилар Ҳасанбой Дўстматов, Иқболжон Холдоров, Миразиз Мирзаҳалилов ҳамда Исроил Мадримовлар чорак финал босқичида жангларини ўтказдилар ва рақибларини катта устунлик билан таслим этдилар. Айниқса Исроил Мадримовнинг жанги мезбон мухлисларга ҳам ёқиб тушди. У ғалабасини одатдагидек сальто отиб нишонлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон спорт делегациясининг Осиё ўйинлари мусобақасидаги жами медаллари сони 45 тага етди. Уларнинг 12 таси олтин, 17 таси кумуш ва яна 16 таси бронза ҳисобланади.
Ўзбекистон спорт терма жамоаси умумий рўйхатда икки ўринга кўтарилиб, 7-ўринга чиқди. Рўйхатнинг кучли учлигини яна Хитой (219 та медаль умужамоа ҳисобида), Япония (162) ва Жанубий Корея (129) эгаллаб турибди.