Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари гуруҳи футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати мезбони Россияга жўнаб кетди. У ерда мутахассисларимиз Россия футбол уюшмаси, Россиядаги спорт ҳуқуқшунослиги бўйича фаолият юритаётган компаниялар фаолиятини ўрганишади ҳамда улар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокараларда иштирок этишади.
Бундан мақсад, Ўзбекистон футбол ассоциацияси таркибидаги футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасига келишилган ўйинларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, футболчилар, мураббийлар, ходимлар меҳнат шартномасидаги муаммоли вазиятларни ҳал этиш, футболни молиялаштиришни тўғри ташкил қилиш ва ички аудиторлик текширувларни ўтказиш ишларида юқорида номлари қайд этилган ташкилотлар тажрибасини жорий қилишдир.
Россия сафаридан сўнг, октябрь ойида мазкур соҳа бўйича ФИФА саммити ташкил этилади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари иштирок этадиган ушбу саммитда Швейцариянинг спорт ҳуқуқшунослиги компаниялари ва фирмалари билан учрашувлар ташкил этилиб, ўзаро ҳамкорликни масалалари муҳокама қилинади.