Про-Лига 24-тури доирасида Термизда ўтган “Сурхон” – “Динамо” учрашуви шиддатли курашларга бой ўтди. Дастлаб “Динамо” ҳисобни очган бўлса, 2-бўлимда бош ҳакам Зокир Қодиров самарқандликлар футболчисини четлатгач, “Сурхон” ўйин якунида ҳисобни тенглаштирди. Баҳсдан кейин мезбонлар бош мураббийи Игорь Шквирин билан суҳбатлашдик. Термизликлар устози интервьюда жамоанинг муваффақиятсиз ўйини сабаблари ва яна бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Игорь Анатольевич, сизнингча, “Сурхон” икки очко йўқотдими ёки бир очко қўлга киритдими?
- Ўйинда бир очкони қўлга киритдик, деган бўлардим. Сабаби, “Динамо” икки очкони қўлдан чиқарди. Бугун ва умуман мухлисларимиз қаршисида кўрсатаётган бундай ўйинимиз билан уч очкони қўлга киритиш борасида гапириш қийин. Кўриниб турибдики, “Динамо” анча шаклланган жамоага айланган. Айниқса, таркибдаги ёш футболчилар ўйиндан четда қолишаётгани йўқ. Улар ҳам бошқа футболчилар қатори бир хил темпда тўп сура олишмоқда. “Сурхон” таркибидаги икки ёш футболчимиз ҳақида эса бундай дея олмайман. Ўтган ўйинларда таркибда бўлган ёш футболчиларимиздан бири жароҳат олган, яна бир қизил карточка олгани боис, ўйната олмадик. Шу боис, “Динамо”га қарши бугунги ўйинда иккита кам ўйинчи билан ўйнагандек бўлдик. Ўйин охирида ниманинг эвазига босим ўтказа олдик, билмайман. Такрорлайман, икки очко йўқотмадик, бир очкони қўлга киритдик, деб ҳисоблайман.
- “Сурхон” 3-давранинг сўнгги 5 ўйинидан фақат биттасида ғалабага эриша олди. Жамоанинг Суперлигага чиқиш имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Сўнгги ўйинлардаги натижаларимиз қониқарсиз бўлди. Шунга қарамай, вазифамиз ўзгармайди, мақсад сари курашишда давом этамиз. Аммо бундай ўйинимиз давом этаверса 1-ўрин билан Суперлигага чиқиш ҳақида гапириш ҳам, орзу қилиш ҳам қийин бўлади.
Кейинги ўйинлардаги ғалаба жамоамизга яхши туртки бериши мумкин. Ҳозирда жамоамиз руҳий ҳолати бир маромда эмас, шу боис ҳам ғалаба қозона олмаяпмиз. Айнан нима қилсак, ғалаба қозонамиз ҳозирча билмайман.
- Тажрибали мутахассис Рустам Мирсодиқов ҳам “Сурхон”да иш бошлаган. Унинг асосий вазифаси жамоага импульс беришдан ташқари нималардан иборат бўлади?
- У кишининг вазифалари клубнинг барча ташкилий ишларидан иборатдир.
- Яъни, жамоа бошлиғими?
- Билмадим, балки жамоа бошлиғи дермиз ёки спорт директори ёки техник директор, очиғи аниғини билмайман. Умуман олганда, жамоанинг футболга боғлиқ ишларини тўғри йўлга қўйиш десак бўлади, менимча. Тажрибаларидан келиб чиқиб, Рустам Тўхтамуродович жамоамизга катта ёрдам беришларига ишонаман.
- “Сурхон”нинг 3-даврани муваффақиятсиз ўтказаётганига ёзги трансферлар давомидаги селекция ишларини қониқарсиз олиб боргани сабаб бўлди, деган фикрга қўшиласизми?
- Ўринли савол, фикрингизга қўшиламан, бу тўлиқ менинг айбим бўлди. Сабаби, давралар оралиғида биз кимлар билан хайрлашдик ва уларнинг ўрнига кимларни таклиф этдик ўртадаги фарқ бир хил бўлмади. Жамоага “янги қон” қўйилгандан кейин мослашиш жараёни ва ўйинга қўшилиб кетиш борасида муаммолар сабаб маълум очколар бой берилиши мумкинлигини тушунаман, аммо биз вазифани бажариш йўлида кўп очко йўқотаяпмиз. Бундай паллада барча муваффақиятсизликни ўз бўйнимга оламан. Давралар оралиғида ҳам таркибни ўзимиз истагандек кучайтира олмаганимиз ҳам менинг айбим.
- Про-Лигада юқори ўринлар учун кураш қизимоқда. Мутахассис сифатида айтингчи, қайси жамоалар сизни ўйин ва натижа жиҳатдан ажаблантирмоқда?
- Ғузорнинг «Шўртан» клуби яхши маънода ажаблантирмоқда. Клубда аввалроқ “Бунёдкор” клуби футбол академияси, ёшлар жамоаларида муваффақиятли ишлаган Мурод Отажонов, Ёрқин Назаров сингари мураббийлар иш бошлагач, жамоанинг ўйини ижобий томонга ўзгарган. Ёш жамоанинг ўйини борлиги, охиригача тинмай югураётгани, курашаётгани сезилиб турибди. Натижа ҳам шунга яраша бўлмоқда, қаранг “Шўртан” Термиздан ҳам, Андижондан ҳам ғалаба билан қайтганди. Ёки айтайлик, ўша ўз олдига Суперлигани мақсад қилмаган “Хоразм” жамоаси ҳам Про-Лига “А” гуруҳидаги исталган жамоа билан бемалол курашмоқда, мағлуб этишга интилмоқда. Айниқса, “Хоразм”нинг “Динамо”, “Машъал” сингари жамоалар билан ҳам охиригача кураша олаётгани футболимиз ривожига хизмат қилади. Ўйлайманки, Суперлигага чиқиш учун кураш охирги турларгача давом этади.
Усмон ИБОДОВ ёзиб олди.