Бугунги кунда “Навбаҳор” бош мураббийи ҳақида футболчи Рўзимбой Аҳмедов айтган гаплар энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган мавзуга айланди. ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ушбу масалага тўҳталиб ўтди.
“Мен “Навбаҳор” бош мураббийига ҳам, футболчига ҳам ишонмайман. Ўртада пуллик масала турганидан кейин бундай можароларнинг чиқиши оддий бир ҳол. Аммо футболчи қилган ишни оқламайман.
Биринчидан, мураббий шаънига тегадиган гаплари кўп. Шунинг ўзига уни судга бериш мумкин.
Иккинчидан, агар футболчининг “Навбаҳор”дан кетишида бирор қоидабузарлик (ёки қонун) бўлса, унда мазкур иш юзасидан Профессионал футбол лигасига мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Шу йилнинг ўзида бу каби ўттизга яқин футболчининг масаласи ижобий томонга ҳал қилиб берилди.
Учинчидан, мураббий ўз функцияларини бажариши ва ақли етмаганига аралашмаслиги керак. Мураббий натижа учун, машғулотлар учун, клубнинг майдондаги фалсафаси учун жавобгар бўлган шахс. Клублар бош директорлари (менежер) эса шартномалар, ҳисоб-китоб каби ишларни жойига қўйиши керак. Ўзбекистон футболини орқага тортадиган энг аҳмоқона ишлардан бири айнан мураббийларнинг ўз вазифасидан ортиқ масалаларга даъвогарлик қилишидир.
Профессионал футбол лигаси бундай ишларни назорат қилиш юзасидан аллақачон иш бошлаган. 2018 йил сўнгига қадар барча футбол клубларига ФИФА қоидалари асосида тайёрланган шартнома нусхаси тақдим этилади. Мазкур шартномаларга клуб ва футболчи ўз шартларини, қўшимчаларини киритиши мумкин. Бироқ у ёки бу томоннинг шартномани бекор қилиши, қарздорликлар ва бошқа қатор масалалар бунда конкретлаштириладики, футболчиларда иғво, фисқ-у фасод учун ҳожат қолмайди.
Эндиликда ЎФА Хавфсизлик бошқармаси Рўзимбой Аҳмедов билан албатта кўришади (футболчи айтганлари учун жавоб бериши керак). Унинг фикрларида қанчалик жон борлиги, Мўминжоновнинг аслида қандай фаолият олиб бораётгани юзасидан текширув бўлади (ўзини ҳурмат қилган клуб сифатида буни Навбаҳорнинг ўзи амалга ошириши керак аслида).
Аввал ҳам айтганман, яна такрорлайман. Оиласини ҳаром пуллар билан боқаётган ва ўйинларни сотиш орқали тотализатордан пул ишлаётганлар орамизда кўп. Уларнинг айнан кимлигини эса факти билан билмаймиз. Уларнинг қўлга тушиши ва асл юзи фош бўлишини оддий бир мухлис сифатида жуда истаган бўлардим”, дейилади Имомхўжаевнинг теллеграмдаги каналида.