Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

«УЯТ, «НАВБАҲОР»!

Баҳо:
+ | -2

Хабарингиз бор, яқин кунларда Наманганнинг “Навбаҳор” клуби атрофида футболчи Рўзим Аҳмедов ва мураббийи Илҳом Мўминжоновлар ўртасида юзага келган келишмовчиликка оид бир нечта аудио ёзув ва мақолалар эълон қилинди.

Энг қизиқарлиси, Рўзим Аҳмедов ва Илҳом Мўминжонов ҳам бир-бири ҳақида шундай сўзларни гапирганки, бу сўзларни кимдир ўйлаб чиқмаган, ёки осмондан шунчаки тушиб қолмаган. Футболчи ҳам мураббий ҳам қанчалик аламзада эканлиги ва нималар бўлаётганини ўз оғзи билан баланд овозда “сайраган”.  

Футболчи яқинига, мураббий журналистга дардини достон қилгиси келган. Натижада, улар айтган номақбул ва аҳлоқ-одоб қоидаларига тўғри келмайдиган (хароми, ифлос, ўғри, уни итга ҳам керак бўлмайди) сўзлари Ўзбекистондаги интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда трендга чиқиб, мухлислар ўртасида бир қанча баҳс ва мунозараларни келтириб чиқарди.

Ҳатто, Мўминжонов бугун берган интервьюсида клуб раҳбариятини ишини танқид қилиб, улар “фақат амал учун ишлайди” дея жар солган эди. Илҳом Мўминжонов айтган сўзларидан 24 соат ҳам ўтмасдан, бугун “Навбаҳор” клуби тезкор йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Бозаров, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшод Сариковлар иштирок этди.

Расмиятчилик юзасидан ўтган йиғилишда айнан сўнгги кунларда ОАВ ва футбол жамоатчилигининг асосий мавзусига айланган Аҳмедов – Мўминжонов можароси ўртага ташланди. “Навбаҳор” матбуот хизматининг маълум қилишича, клубда ҳаммаси зўр! Устига-устак, бу хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги келтириб ўтилган.

Савол: Мантиқ қани? “Асосга эга эмас” сўзи қўшилган ахборот ёки маълумот бу умуман “йўқ”ни “бор” аксинча “бор”ни “йўқ” дея кўрсатилган, хуллас ёлғон ахборот турига киради. Ўйлайманки, сиз мени мендан ҳам яхши тушундингиз.

Мураббий Илҳом Мўминжонов эса бугун ҳам кутилмаган чиқиш қилиб, раҳбарият ҳақида айтган сўзлари (Янги раҳбарият менга қарши. Вилоят ҳокимидан ташқари. Улар клуб учун ишламаяпти, улар фақат амал учун ишлаяпти) ни хаддан ташқари эҳтиросга берилиб кетганлиги билан изоҳлаш билан енгилгина қутулди.

Шогирдини судга бериб, керакли жазо олишини истаган Мўминжоновнинг кўнгли бир кунда юмшади. У энди Рўзим Аҳмедовни судга бермайди. Лекин, ким билсин дейсиз, мураббий яна бугундаги каби ўз қарорини ўзгартириши мумкин. Хуллас, “айтдим-қайтдим”, “кимнингдир буйруғи” ёки юзхотиралик юзасидан Мўминжонов Аҳмедовни расман кечирди.

СУД БЎЛМАЙДИ, УРААА!

Йиғилишда Рўзим Аҳмедов ҳам сўзга чиқиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган гапларига изоҳ берди. Футболчи ўзига яқин бўлган кишилардан бирига мураббий уни майдонга туширмаётганлиги сабабли алам устида айтганлигини гапириб, йиғилиш қатнашчиларидан узр сўради.

Шунингдек, Рўзим Аҳмедов бош мураббий Илҳом Мўминжоновни ҳар қандай ўйиндан олдин жамоани фақат ғалабалар сари чорлаганлигини эътироф этиб, ёлғон маълумотлар учун ундан узр сўради.

“Ёлғон маълумотлар”? Қисқаси, аудио ёзувда Рўзим Аҳмедов эканлиги 99,9 фоизга аниқ эканлиги айтилган ҳужумчи шунчаки узр сўраш билан чекланди. Бўлди!

“Хароми”, “ифлос”, “исқирт” ва “ўғри” дея ҳақоратланган Мўминжонов шу сўзларни ўз оғзи билан айтган Аҳмедовни кечирди ва йиғилиш сўнгида у билан бирга суратга ҳам тушишни ёддан чиқармади. Илҳом Мўминжоновнинг қандайин “кечиримли” инсон эканлигига қойил қолмасдан бошқа илож йўқ. “Респект – Илҳом Мўминжонов”.

Ҳурматли, “Навбаҳор” матбуот котибиятида меҳнат қилаётган ҳамкасблар сизларга айтарим шуки, биз ОАВ асоссиз маълумотларни деярли фойдаланувчиларга тақдим этмаймиз. Чунки, сизлар каби асоссиз янгиликларга кетказган вақтни бир нечта асосли ва ишонарли хабарларга сарфлашни афзал биламиз.

Рўзим Аҳмедов ва Илҳом Мўминжоновнинг оғзидан чиққан сўзлари қанчалик рост ёки ёлғон эканлигини бутун футбол аҳли кўришга улгурди, нафақат кўрди, бу инсонлар ҳақида ўз тушунчасига эга бўлди.

Асосийси, йиғилишнинг якунида икки спорт усталарининг бир-бири билан ғиж-ғижлашига  барҳам берилди. Бу воқеадан албатта, хурсандмиз.

Лекин сўзимиз сўнгида шуни айтамизки, мураббийини ҳақорат қилишдан олдин ўйламаган, клуб сирини моддий манфаат учун оммага эълон қилган Рўзим Аҳмедов, бир кун аввал клуб раҳбариятини “ёмон отлиқ”қа чиқариб, яна бир кун ўтиб ярашган, жасурлик ҳисси уйғониб келажакдаги судни бекор қилган Илҳом Мўминжонов, ҳақиқатни ошкор қилган ОАВ (интернет сайт) ни ёлғон ва асоссиз хабар тарқатишда айблаган клуб матбуот хизмати ходимлари, шундай мухлиси кўп ва эътибордан доим четда қолмайдиган “Навбаҳор”да бўлаётган ишлардан вақтида хабар топмаган жамоа раҳбариятига УЯТ! “Навбаҳор” – УЯЛ!

Акмал Эшонхонов

Киритилди: 21:49, 26.09.2018.
Ўқилди: 14165 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.