«Реал» ҳужумчиси Карим Бензема Испания Ла лигасининг 8-тури доирасида бўлиб ўтган «Алавес»га қарши ўйинда (0:1) жароҳат олди.
Кеча франциялик футболчи тиббий кўрикдан ўтди. Унинг ўнг оёғидаги болдир мушаги жароҳатлангани аниқланди. "Қироллик клуби" расмий сайти Бензема қанча муддатда сафга қайтиши ҳақида маълумот бермади. Аммо AS нашри журналисти соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашишича, футболчининг тўлиқ соғайиши учун 2-3 ҳафта талаб қилинади.
Шу тариқа, Бензема ФИФА кунларидан кейин «Леванте»га қарши ўйинни ўтказиб юборади. У, катта эҳтимол билан, ЕЧЛ доирасида бўладиган «Виктория»га қарши ўйинда ҳам майдонга тушмайди. Каримнинг «Барселона»га қарши баҳсда иштирок этиши сўроқ остида турибди. Барчаси унинг қанчалик тез соғайишига боғлиқ.
Бензема Испания чемпионатининг ушбу мавсумида жами 8та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол урди.