Куни куни кеча Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси ашаддий ишқибозлари клуб бош директори билан учрашдилар.
Уларнинг асосий мақсади - сўнгги кунларда тарқалаётган гап-сўзларга аниқлик киритиш эди. Бу ҳақда клуб Матбуот хизмати маълум қилди.
“Бунёдкор” ПФК Бош директори Мурод Алиев учун кутилмаганда бўлган бу учрашувда мухлисларни бир саволга жавоб қизиқтирарди. Яъни, “Бунёдкор”фаолиятини давом эттирадими?
Мазкур саволга Мурод Боқиевич қуйидагича жавоб берди:
- Ҳозир жамоамизда молиявий қийинчиликлар мавжудлиги рост. Лекин биз ОЧЛ йўлланмасини учун кураш олиб боряпмиз. Сўнгги йилларда академиямизда тарбия топаётган футболчилар билан ўйинларни ўтказмоқдамиз. Демак бу борада ишларимиз ёмон эмас. “Бунёдкор” футбол клуби атрофида тарқаётган турли гап-сўзлар йўқ эмас. Лекин шуни айта оламанки, ҳеч ким бизга ҳали клуб ёпилади деган гапни расман айтгани йўқ.
Табиийки, бу жавоб мухлисларни қониқтирмади. Уларнинг айтишича, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Агар эртага рсмий қарор чиқиб қолса жуда кеч бўлади. Шунга ҳозирдан бунга ойдинлик киритиш лозим.
“Икки йил аввал Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси номинациясида бирйўла уч футболчи Ўзбекистондан бўлди ва буларнинг учтаси ҳам “Бунёдкор” аъзолари эди. Нима учун Ватанимизга мева бераётган дарахтни кесиб ташлаш керак? Клубимиздан ўзбек футболига биронта зарар етмади-ку? Аксинча, ҳар бир терма жамоага яхши савиядаги футболчиларни етказиб беряпмиз. Илтимос, “Бунёдкор”ни сақлаб қолишда ёрдам беринг”, - дейди мухлислар клуби аъзолари.
Шунингдек, мухлислар клуби аъзолари маркетинг хизматидан норози эканликларини билдиришди. Клуб фақат давлат пулига қараб қолганлиги оқибатида бугунги қийинчиликларга дуч келаётгани таъкидлаб ўтилди.
“Қачон биз ҳам ўзимиз пул ишлаб топамиз? Ахир бутун Ўзбекистон биз ҳақимизда билади. Нима учун шу бренддан фойдалана олмаймиз”, - дейди клуб мухлиси.
Йиғилиш сўнггида Мурод Алиев мухлислардан хавотирга тушмасликларини, келаси йил клуб албатта Суперлигада фаолият олиб боришини айтди. Шунингдек, ПФЛ ҳам футболимиз ривожи йўлида кучли клубларнинг Суперлигада иштирок этишидан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтди.