Сўнгги дам олиш оқшомларидан кейин Европанинг етакчи чемпионатлари вакиллари орасида фақат «ПСЖ» 100 фоизли натижани қайд этмоқда - 10та ўйин, 10та ғалаба. Париж суперклубини изма-из таъқиб қилиб келаётган «Ювентус» ҳисобот турида дурангга имзо чекди ва қимматли икки очкодан маҳрум бўлди.
Англия. Етакчилар ўша-ўша. Лекин...
АПЛда 9-турни бошлаб берган «Челси» - «МЮ» учрашуви кутилганидек ўта қизиқарли ва муросасиз руҳда ўтди. Чунки унинг натижаси ҳар икки томон учун муҳим аҳамият касб этганди. Майдон эгалари етакчидан ортда қолмаслик учун, уларни икки марта шоҳсупага олиб чиққан Моуриньо эса йўқолиб бораётган ишончни ўзига қайтариш учун ижобий натижага эришиши шарт эди. Беллашувни мезбонлар фаол бошлашди ва тез орада ҳисобни очишди. Аммо устунликни мустаҳкамлашнинг иложи топилмади.
Иккинчи бўлимда ташаббус «МЮ» томонига ўтди. Натижада Мартиаль тез орада мувозанатни тиклаб, кейинги уринишда жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Табиийки, танаффусдан кейин қарши ҳужум тактикасига ўтиб олган майдон эгалари мувозанатни тиклаш умидида олдинга интилишди. Аммо анча вақтгача рақиб дарвозасини забт этиш на у, на бу томонга насиб этди. Ниҳоят, Жозе Моуриньо ўзининг собиқ жамоасидан 3 очко тортиб олганини нишонлашга тайёр турган паллада Росс Баркли де Хеа дарвозасини ишғол этди. Мазкур баҳс шунингдек, «Челси» мураббийлар штаби вакили ва Моуриньо ўртасида кечган даҳанаки жанг билан ҳам ёдда қолди. Португалиялик мутахассисга ҳамкасбининг гапи ёқмай, унга эътироз билдирди. Афтидан, «Беназир»нинг «Стемфорд Бриж»га уюштирадиган ҳар бир сафари чоғи шу каби майдон четидаги можароларга ҳам кўникамиз, чоғи.
«Челси»нинг очко йўқотишидан унумли фойдаланган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» навбатдаги 3 очкони расмийлаштириб, мавқеларини мустаҳкамлаб олдилар. «Шаҳарликлар» «Этиҳад Стэдиум»да «Бёрнли»га кўз очиш имконини беришмади - 5:0. «Қизиллар» эса Муҳаммад Салоҳнинг ягона аниқ зарбаси эвазига Хаддерсфилд сафаридан кичик зафар, лекин тўлиқ 3 очко билан қайтишди. «Вест Хэм» ва «Тоттенхэм» ўртасидаги Лондон дербисида ҳам меҳмонларнинг минимал устунлиги қайд этилди. Турнинг якунловчи қарама-қаршилигида «Арсенал» «Лестер»дан 3:1 ҳисобида устун келгач, пешқадамларни таъқиб этаётган Лондон триоси очколар бўйича тенглашиб олишди.
Испания. «Қироллик»дан навбатдаги сенсация
Бу турга қадар қаторасига 4 учрашувда зафар қуча олмаган «Реал» яна ўз мухлисларини ранжитди. Бу гал гранд ўз майдонида «Леванте»дан енгилиб, уни ўзига қўшни қилиб олди. Эътиборлиси, меҳмонлар тезкор голлар эвазига қўлга киритилган икки тўп устунлигини 72-дақиқагача сақлаб туришди. Марсело ҳисобдаги фарқни қисқартирганидан кейин ҳам майдон эгаларида мағлубиятдан қутулиб қолиш учун кўплаб имкониятлар бўлди. Бироқ улардан фойдаланиш на Бэйл, на Бензема ва на Иско ёки Асенсиога насиб этди.
Аввалги турда карвонбоши бўлиб олган «Севилья» эса бу мақомни ўз эгасига қайтариб берди - «Камп Ноу»даги кескин кураш «Барселона»нинг ишонарли ғалабаси (4:2) билан якунланди. Аввал Коутиньонинг голига ассистентлик қилган Месси 12-дақиқада иккинчи голни ўз номига расмийлаштирди, аммо бироздан кейин жароҳат олиб, майдонни тарк этди. Ана шу йўқотиш ўйинга ўз таъсирини ўтказди ва йирик ҳисобда мағлуб бўлаётган «Севилья» иккита гол билан жавоб қайтарди. Шу тариқа «Барса» яна 1-ўринга кўтарилиб олди.
Вигодан 3 очко билан қайтган «Алавес» ҳамда Уескада дебютант дарвозасини икки бор ишғол этган «Эспаньол» совриндор ўринларга чиқиб олишди. Қизиғи шундаки, дастлабки 2 поғона ҳозирда Каталония жамоаларига тегишли: «Эспаньол» билан «Барселона» ўртасидаги фарқ эса атиги 1 очко! Очиғи, бундай манзарани илк марта кўриб турибмиз. Етакчи трионинг доимий вакили бўлган «Атлетико» «Вильярреал»ни енга олмай, 5-ўринга тушиб қолди.
Германия. «Боруссия»дан синхрон қадам
Ла Лигада «Реал» инқироз ботқоғидан чиқа олмаётган бўлса, Бундеслига гранди 4та ғалабасиз сериядан сўнг ўзига келган кўринади. Нико Ковач шогирдлари Вольфсбургдан ишончли зафар билан қайтишди - Левандовскининг «дубл»и ва самарали узатмаси чемпионга 3:1 кўринишидаги ғалабани келтирди.
Бу паллада Дортмунд ва Менхенгладбахнинг номдош жамоалари мос равишда «Штутгарт» ҳамда «Майнц» устидан бир хил - 4:0 ҳисобида зафар қучдилар. Шунингдек, «Вердер» ҳам сафарда «Шальке»дан устун келиб (2:0), 3-поғонани сақлаб қолди. «Айнтрахт» томонидан қайд этилган хоккейга хос ҳисобдаги ғалаба (7:1) алоҳида эътиборга лойиқ. «Фортуна»га қарши баҳсда «пента-трик»ка эришган Лука Йович ўз ҳисобидаги голлар сонини 7тага етказиб, тўпурарлар рўйхатида пешқадамликни ўз қўлига олди. Тўғри, мерганлар пойгасида унга жорий мавсум рақиблар дарвозасини етти марта ишғол қилган Пако Алькасер асосий рақобатчи бўлиб турибди.
Франция. «ПСЖ»га гап йўқ!
Ортда қолган турлар натижасидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Париж суперклубининг муддатидан анча аввал чемпионликни нақд қилишига шубҳа қолмайди. Ҳозир етакчи лигалар ўртасида фақат «ПСЖ» очко йўқотмасдан ўйнашда давом этмоқда. Бу гал жамоа ўз майдонида «Амьен» дарвозасига 5та жавобсиз гол урди. Тўплар нисбати - 37га 6. Сермаҳсуллик ва ҳимоя мустаҳкамлиги борасида ҳам энг юксак кўрсаткич. Хуллас, Томас Тухелнинг дебют мавсуми фантастик тарзда ўтмоқда.
Таъқибчилар ўртасидаги баҳс эса тобора қизғин тус олмоқда. Тўғри, «Лилль» ҳамда «Монпелье» навбатдаги 3 очкони ўз ҳисобларига қўшиб қўйдилар. Аммо «Лион» ва «Марсел»дек грандлар ўзларига келиб, бой берилган мавқеларини тиклашга интилишмоқда. Фақат «Монако» ҳамон муаммолар гирдобида. Ҳатто Тьерри Анридек афсонанинг келиши ҳам ҳозирча самара бермади - жамоа Страсбург сафаридан қуруқ қайтди. Тўғри, бу беллашувда омад князлик клубидан юз ўгиргани ҳам ҳақиқат. Аввалига ҳакам Фалькаонинг соф голини инобатга олмади, бироздан сўнг сермаҳсул тўпурар жароҳат олиб майдонни тарк этди. Илк дақиқадан майдонга тушган Головин эса ўйинда бурилиш ясай олмади. Якунда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган «Монако» жадвал тубидан жилмади.
Италия. Тарихий, лекин татимаган рекорд
«Ювентус» - «Женоа» беллашувида Криштиану Роналду Европа футболига тарихий рекордни туҳфа этди - португалиялик тўпурар топ-чемпионатлар доирасида 400та (Ла Лигада 311, АПЛда 84 ва «А» серияда 5) гол урган дастлабки футболчига айланди. Бироқ унинг аниқ зарбаси эвазига олдинга чиқиб олган чемпион ғалабани ушлаб қола олмади - 67-дақиқада Даниэль Бесса мувозанатни тиклади. Натижада «Кекса синьора» бир очко билан кифояланди.
«Наполи» эса Удинеда йирик ғалабага эришиб (3:0), ўртадаги фарқни қисқартириб олди. «Рома»нинг ўз уйида «СПАЛ»га имкониятни бой бергани турнинг кутилмаган натижаси сифатида эътироф этилди. «Лацио» сафарда «Парма»ни енгди - 2:0, «Интер» эса Милан дербисида азалий рақибидан 3 очкони тортиб олди. Сўнгги дақиқаларда Мауро Икарди томонидан урилган гол «нерадзурри»га муҳим ғалабани ҳадя қилди.