«Барселона» «Атлетико Мадрид» ҳужумчиси Хулиан Альваресни ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий қадам ташлади. Журналист Рубен Урианинг хабар беришича, каталонияликлар аргентиналик форвард эвазига 70 миллион евро ва Ферран Торресни таклиф қилган.
Бироқ «матрасчилар» ушбу таклифни рад этди. Мадрид клуби Альвареснинг трансферидан кўпроқ молиявий даромад кўришни истамоқда. Бундан ташқари, вазиятни Ферран Торреснинг ўз позицияси ҳам қийинлаштирмоқда — испаниялик футболчи «Атлетико»га ўтишдан манфаатдор эмас.
Маълумот учун, Transfermarkt портали Альваресни 90 миллион еврога, Торресни эса 50 миллион еврога баҳоламоқда. Ҳар икки футболчи айни дамда 26 ёшда.
Ҳозирда Альваресга «Арсенал» ва «ПСЖ» каби гранд жамоалар ҳам даъвогарлик қилмоқда. Шунга қарамай, футболчининг ўзи фаолиятини «Барселона»да давом эттиришга кўпроқ мойил бўлиб турибди.













