Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳар бир вилоятдаги футбол мураббийларининг касбий маҳорати синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Жами 1500 нафардан ортиқ мураббийлардан имтиҳонлар олинган бўлса, шулардан 400га яқин мураббийларга икки ой синов муддати берилганди. Белгиланган режа асосида, икки ойлик муддатдан сўнг улардан қайтадан имтиҳон олиш жараёни давом этмоқда.
Мураббийлар билимларини қайтадан синовдан ўтказиш навбати Нукусга етиб келди. Синов имтиҳонлари Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Мураббийликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шавкат Имамов раҳбарлигидаги вилоят комиссияси аъзолари иштирокида ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, имтиҳон давомида мураббийларнинг машғулотлар олиб боришга қандай тайёргарлик кўрганликлари, конспект ёзиш, майдонни машғулотга тайёрлаш, машғулот давомида болаларга кўрсатмалар бериб бориш усуллари, мураббийнинг машғулот давомида ўзини тутиши, футболчиларнинг машғулотдаги хатоларини аниқлаш, кўрсатиб бориш ва ўша хатоларни тўғирлаш борасида амалга оширадиган хатти-ҳаракатлари текширилмоқда. Шунингдек, мураббийларнинг машғулот пайтида болаларни назорат қилиб бориш учун позиция танлашдаги билим ва кўникмалари ҳамда машғулот давомидаги фаоллиги кўздан кечирилади.
Берилган имкониятдан фойдалана олмай, имтиҳонда салбий натижа кўрсатган мураббийлар лицензиясидан маҳрум қилинади.