Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Муроджон Тошматов: «Суперлига-2018 менда катта таассурот қолдирмоқда»

Баҳо:
+ | -

2018 йилги миллий чемпионатимиз аввалгиларидан анча фарқли тарзда ўтиб бормоқда. Янгича формат, ўйин ташкилотчилиги борасидаги янгиликлар билан бошланган PEPSI  Суперлига тез орада ўз ғолиб ва совриндорларини аниқлаб олади. 

"Бунёдкор" жамоасининг етакчиларидан бирига айланиб улгурган Муроджон Тошматов ПФЛ расмий сайтига 2018 йилги мавсумдан таасуротлари билан ўртоқлашди. 

- Жорий йилги мавсум сизда қандай таассурот қолдирмоқда?

 - Авваламбор, шуни айтишим керакки бу йилги мавсум анча қизиқарли ўтмоқда. Ушбу мавсум аввалида "Бунёдкор" клубига ўтдим ва янги клубда янгича форматдаги чемпионатда ўйнаш шахсан ўзимда катта таассурот қолдирмоқда. Шунингдек, мусобақанинг Суперлига деб номланиши, икки босқичдан иборат чемпионат биз футболчилар учун ҳам ўзига хос тажриба бўлди.

 - Жорий йилдан эътиборан миллий чемпионатимизда амалга оширилиб келинаётган янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида фикрингиз...

 - Тўғри, ушбу мавсумда мухлислар учун янада қулайликлар яратиш, мухлисларни стадионга қайтариш учун жуда кўплаб ишлар қилинди ва қилинмоқда. Футболимиз ривожи учун қилинаётган бундай ҳаракатларни қўллаб-қувватлайман. Шуни алоҳида таъкидламоқчи эдимки, стадионларда бу йилдан эътиборан оилавий секторларнинг ташкил қилиниши ҳам мухлислар учун ўйинларни оилавий кўришни хоҳловчилар учун яхшигина янгилик бўлди. Мухлисларнинг стадионни тўлдириб туриши биз футболчиларга ҳам ўзгача илҳом бағишлайди. Сабаби футбол мухлислар учун ўйналади, шу қаторида "Бунёдкор" ҳам мухлислар учун ўйнайди. Стадионга қанча мухлис кўп келса, футбол ҳам шунча қизиқарли бўлади.

 - Яна қандай янгиликлар сизга маъқул келди ёки аксинча унча хуш келмади?

 - Аввалги мавсумларда асосан пойтахтдаги ўйинлар, айрим ҳолларда эса воҳа ёки водий дербилари ТВ орқали намойиш этилган бўлса, ушбу мавсумдан бошлаб барча ўйинлар ТВ орқали намойиш этилмоқда. Кўпчилик ўйинлар эса тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда. Бу ҳам футбол ишқибозларига, ўйинни стадиондан кўриш имконияти бўлмаган ёки жамоаси меҳмонда ўйнаётган клублар ишқибозларига қулайлик яратади. Кўпчилик хотин-қизлар ҳам футбол ишқибози, уларнинг барчаси стадионга бориб кузатиш имконияти йўқ, ўйинларнинг ТВдан олиб кўрсатилиши аёлларимизнинг ҳам бемалол футбол кўриши учун имконият десак бўлади.

 - Секин-аста мавсум якунланиб бормоқда. Ўз ўйинингиз ва жамоангиз натижаларидан кўнгил тўляптими?

 - Мавсум шахсан ўзим учун яхши ўтди. Янги клуб, янги шароитлар, янги жамоадошлар ва янгича чемпионат: буларнинг ҳаммаси ушбу мавсум мен учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигидан далолат. "Бунёдкор" бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, кубок эгаси бўлган. Жамоам қайд этаётган натижалардан келиб чиқсак ушбу натижа мен учун янгилик, лекин клуб учун эмас. Ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақаларда совринларга эга чиқишни мақсад қилган эдик, лекин айрим ўйинларда ўзимизнинг хатоларимиз, айрим жойларда эса омад биздан юз ўгирганлиги сабабли афсуски ҳозирда бронза медаллар учун курашяпмиз. Қолган ўйинларда максимал даражада очко олишга ва мавсумни совриндорлар қаторида якунлаш учун курашамиз. 

"Бунёдкор" жамоаси матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди

Манба: pfl.uz
Киритилди: 20:51, 10.11.2018.
Ўқилди: 3214 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.