Маълумки, шу йилнинг 27 октябрь куни дунё аҳли мудҳиш фожиадан хабар топди: Англиянинг «Лестер» клуби хўжайини Вижай Шривадданапрабха ўтирган вертолёт «Кинг Пауэр» стадиони ёнгинасида, одамлар кўз ўнгида ҳалокатга учради.
Ачинарлиси, ҳодиса рўй берган пайтда «тулкилар»нинг «Вест Хэм»га қарши ўйини (1:1) эндигина якунига етган, клуб ишқибозлари стадионни тарк этишга улгурмаган ҳам эдилар. Олинган маълумотларга кўра, вертолёт бортида жами беш киши бўлган ва уларнинг ҳаммаси ўша заҳоти ҳалок бўлишган. Шу жумладан, клуб хўжайини ҳам.
Фожиадан кейинги терговда аниқланишича, мудҳиш ҳолатга вертолёт дум қисмидаги парракнинг ишдан чиққани сабаб бўлган. Айнан шу боис вертолёт ҳавога кўтарилган пайтида ўз ўқи атрофида айланишни бошлаган ва кейинчалик пастга қулаган.
«Аввалига вертолёт ғалати товуш чиқариб, кейин бир нуқтада айланишни бошлади, - дейди ҳалокат гувоҳларидан бири, Англия терма жамоаси ва «Лестер» клубининг собиқ дарвозабони Питер Шилтон. - Бу жуда кутилмаган, ёқимсиз ҳолат эди, нима бўлаётганини англамай қолдик. Шундан сўнг вертолёт ҳавода «спираль» ясаб, ерга қулашни бошлади. Фақат шундагина вертолёт назоратдан чиққанини ва биз томонга яқинлашаётганини пайқадик. Ёнимдаги рафиқам қўрққанидан жойида қотиб қолди. Табиийки, мен ҳам «шок» ҳолатида эдим ва ҳалигача унинг асоратларидан тўла қутулганимча йўқ. Аёлим шу пайт қўлимиздан бирор ёрдам келиши мумкинлигини айтиб қолди. Аслида эса биз фалокатнинг олдини олиш учун ҳеч нарса қилолмасдик. Вертолётнинг қай тарзда қулаши кўз олдимдан кетмаяпти».
Фалокатнинг эртасига бутун дунё аҳли «Лестер» клуби ва таиландлик тадбиркорнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдира бошлади. Футболчилар, мураббийлар, таҳлилчилар, мухлислар - ҳамма азага чўмди. Ҳодиса сабабли айтилган энг таъсирли сўзлардан бирини Риёд Маҳрез «Инстаграм»даги саҳифасига жойлади: «Мен ҳаётда учрашган, таниган ва гаплашган энг яхши одамлардан бири. Сизни ҳеч қачон унутмайман. Мангулик қаърида абадий тинч ором ол, Вижай!»
«Манчестер Сити»нинг жазоирлик футболчиси бу билан чекланиб қолмай, «Тоттенхэм»га қарши ўйинда гол ургач, қўлларини осмонга кўтарганича, муваффақиятини дунёдан бевақт кўз юмган Шривадданапрабхага бағишлади.
Маҳрезнинг голи ягоналигича қолган ва «шаҳарликлар» учун ғоят аҳамиятли бўлган мазкур ўйин якунига етгач, Риёд Sky Sports нашрига интервью бераркан, туйғуларини аранг жиловлаб тургани яққол сезилди: «Босс» мен учун ўзига хос аҳамиятга эга шахс эди. «Лестер»да тўрт ярим йил тўп сурдим ва бевосита Вижайга боғлиқ кўплаб хотиралар қолди. У кенг феълли, меҳрибон ва самимий инсон эди. Ҳалокат ҳақида эшитганимда, бунга асло ишонгим келмади. «Лестер» ва «Босс»нинг оиласига ҳамдардман».
29 октябрь куни «Лестер»нинг уй стадиони - «Кинг Пауэр»да марҳумлар билан видолашиш маросими бўлиб ўтди. Шривадданапрабхани сўнгги манзилга кузатиш учун минглаб одамлар йиғилди. Шунингдек, «Кинг Пауэр»нинг асосий эшиги тагига эрталабдан кечга қадар гулдасталар қўйилди.
Маросим қатнашчилари орасида клуб хўжайинининг турмуш ўртоғи Аимон ва уларнинг ўғли Айаватт ҳам бор эди. Уларнинг ёнида Таиланд футбол ассоциацияси раҳбари рафиқаси билан жой олди.
Маросим охирида азадорларни «Лестер» ўйинчилари қўлларида гулдасталар билан кутиб олишди. Маросимда клубнинг барча аъзолари, техник ходимлар, раҳбарият ва клуб академиясининг ёш тарбияланувчилари ҳозир бўлишганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Стадион марказига ҳамдардлик гулдасталари териб чиқилди. Шундан сўнг клуб аъзолари Вижайнинг оила аъзолари билан бирма-бир кўришиб, таъзияларини изҳор қилишди. Сешанба куни тонг-саҳарда стадионга улкан китоб қўйилди ва ҳамдардлик билдириш мақсадида келган ҳар бир инсон бу китобга ўзининг дил изҳорларини ёза бошлади. Шунингдек, кутилмаган фожиа муносабати билан Англия Лига кубогининг «Саутгемптон»га қарши ўтиши керак бўлган ўйини бошқа кунга қолдирилди.
Стадионга келганлар орасида Лестердаги энг машҳур рок-гуруҳ - Kasabian хонандаси Том Мейган ҳам кўриниш берди. Унинг сўзларига кўра, мудҳиш ҳалокат унда шундай туйғуларни уйғотдики, бу ҳиссиётларни фақат энг яқин одамидан бевақт ажралган инсонларгина ҳис қилишлари мумкин. Албатта, Томнинг сўзларига ўзини футболга озгина алоқадор деб билган ҳар қандай одам қўшилади. Жумладан, сизу-биз ҳам... Алвидо, Вижай, алвидо, «тулкилар»нинг тарихдаги энг буюк йўлбошчиси...