«Бавария» жорий мавсум барқарор натижа кўрсатолмаяпти. Боз устига, жамоа ичидаги вазият ҳам яхши эмас, чоғи. Бош мураббий Нико Ковачни ҳамма танқид билан «сийламоқда», ҳаттоки, футболчиларнинг турмуш ўртоқлари ҳам бу жараёндан четда қолишмаяпти.
Мисол учун Томас Мюллернинг ҳамхонаси Лиза хоним Бундеслига 10-туридан ўрин олган «Бавария» - «Фрайбург» ўйини (1:1)дан сўнг хорватиялик мутахассисга ошкора эътироз билдирди. Унга эрининг 70-дақиқага қадар захира ўриндиғида қолиб кетгани асло ёқмаган кўринади.
Лиза Мюллер ўз аламини «Инстаграм» тармоғи воситасида тўкиб-сочди: «Унинг (Нико Ковач назарда тутилгани ўз-ўзидан аён)ҳаммага аён ҳақиқатни англашига қадар 70 дақиқа ўтиб кетди». Хуллас, Лиза эрининг захирадан ўйинга қўшилган вақтини шундай изоҳлади. Тўғри, у кейинроқ ёзувларни ўчириб ташлади.
Нико Ковач миссис Мюллернинг истеҳзосига қандайдир муносабат билдиргани йўқ, Томас эса оддий изоҳ берди: «Ҳа, Лиза нималар ёзганини айтишди. Менимча, бу шунчаки, эҳтирос натижасида юзага чиққан реакция.
Тўғри, турмуш ўртоғим бундай кескин фикр билдирмаслиги керак. Ҳар ҳолда, барчасини шу тариқа баён этиш ярамайди. Бироқ Лиза мени яхши кўргани ва азбаройи ачинганидан шундай йўл тутганки, унга қарши нима ҳам қила олардим...?»
Клубда эса Мюллер хонимнинг изоҳини анча жиддий қабул қилишди. Хусусан, «Бавария» расмий сайтида алоҳида баёнот ҳам берилди. Ваҳоланки, одатда бундай воқеликлар мутлақо эътиборсиз қолдириларди.
«Томас Мюллернинг турмуш ўртоғи Лиза Бундеслига доирасида «Фрайбург»га қарши кечган ва 1:1 ҳисобида тугаган ўйиндан кейиноқ «Альянц Арена» стадионида мураббий Нико Ковачни қидириб топди ва «Инстаграм»да эрининг 70-дақиқагача захирада қолгани юзасидан билдирган фикри учун узр сўради. Ковач уни тўғри тушунди», - дейилади клуб баёнотида.
Бироқ воқеанинг узвий давоми ўлароқ, Лиза Мюллер кейинроқ Томаснинг «Инстаграм»даги барча фотосуратларини ўчириб ташлади. Ўз ўрнида қўшимча маълумот бериш жоиз: Томас ва Лиза 2009 йили оила қуришган. Лизанинг профессионал чавандоз эканлигини ҳам айтиш ўринли.