Андижон вилояти болалар ва ўсмирлар футбол академиясининг турли ёшдаги тарбияланувчилар Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган мусобақаларда ижобий натижалар қайд этишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 7-13 ноябр кунлари Қарши шахрида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилган тайёрлов гуруҳлари ўртасидаги “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақасида Шокир Галимов бошчилигидаги U-16 жамоаси фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, 5-10 ноябр кунлари Наманган шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақасида қатнашган Лочинбек Гулдаев бошчилигидаги академиянинг U-12 жамоаси ҳам 2-ўринни қўлга киритди.
7-13 октябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган 14 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақасида эса Язгелди Кутданов бошчилигидаги футболчилар 3-ўрин билан кифояланишганди. 15-20 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган яна бир “Ўзбекистон биринчилиги” мусобақасида футбол академиясининг U-17 жамоаси Ёдгорбек Хурхонов бошчилигида 2-ўринни қўлга киритган.
Андижон вилояти болалар ва ўсмирлар футбол академиясида совриндор бўлган академия тарбияланувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Вилоят ҳокимлиги, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Андижон вилоят Футбол Ассоциацияси, "Андижон” жамоаси, Ёшлик жисмоний тарбия ва спорт жамияти масъуллари ва тарбияланувчилар ота-оналари, мухлислар иштирок этишди.