Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Сардор Теляков: «Ҳакамлар ўйин натижасига таъсир ўтказишди»

Баҳо:
+ | -

«Андижон» клуби икки йиллик танаффусдан сўнг яна кучлилар сафига қайтди. Илдар Сакаев шогирдлари Про-лига якунланишига бир тур қолганда Суперлига йўлланмасини нақд қилишди.

Андижонликлар чемпионлик ўйинида Фарғонанинг «Истиқлол» жамоаси устидан иродали ғалабага эришишди - 2:1. ПФЛ аҳамияти юқори бўлган мазкур беллашувни бошқаришни ФИФА рефериси Шерзод Қосимовга ишониб топширганди.

Лекин иккинчи бўлимда Равшан Эрматовнинг шогирдига етарлича эътирозлар бўлди. Биз Андижондаги ўйиндан сўнг «Истиқлол» футболчилари билан суҳбатлашдик.

Уларнинг аксарияти ҳакам чиқарган қарорлардан норози эканликларини билдиришди. Лекин ўша пайтда улардан фақат Сардор Теляков(суратда 22-рақамда)гина интервью беришга рози бўлди. 

- Жуда аламли мағлубиятга учрадик, - дея сўз бошлади «Истиқлол» марказий ярим ҳимоячиси. - Бутун учрашув давомида ташаббусга айнан биз эришдик, деб ўйлайман. Дарвозабонимиз майдондан четлатилгунига қадар ўйинни ўз назоратимиз остида ушлаб тургандик. Бу беллашув қийин кечишини олдиндан билганимиз учун тайёргарлик ҳам бошқача бўлганди. Суперлигага чиқиш имконияти бизда ҳам сақланиб қолганди. Шу сабабли ҳам майдонга фақат ғалаба илинжида тушгандик. Таъбир жоиз бўлса, рақибдан бир бош баланд эдик. Ким кучли эканлигини мухлислар ҳам кўришди. Ҳаттоки, айрим андижонлик ишқибозлар ҳам жамоамизни олқишлашди. Бизни қўллаб-қувватлаш учун Фарғонадан кўплаб мухлислар келишганди. Тўғриси, уларга чин кўнгилдан ачиндим. Биз мағлубиятга лойиқ эмасдик. Ҳакамлар ўйинни «синдиришди». Катта байрамга тайёрланган «Андижон»нинг кайфиятини бузишни исташмади, шекилли. Улар учрашувнинг бориши ва якуний натижага таъсир ўтказишди. Фикримни учрашувни томоша қилганлар тасдиқлашлари мумкин.

- Мураббийлар томонидан биринчи бўлимга қандай тактика танланганди?

- Асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, юзага келтирилган кичик имкониятдан максимал даражада фойдаланишимиз кераклиги айтилганди. Амалда ҳам шундай бўлди. Қарши ҳужумдан сўнг мезбонлар дарвозасини ишғол қилдик. Ҳимояда бехато ўйнаганимиз учун «Андижон» футболчилари жарима майдончамиз ичида ҳеч нарса қила олишмади. Биз жамоавий ўйин кўрсатдик.

- Танаффус чоғида мураббийлар нима дейишди?

- Иккинчи бўлимда ҳам худди биринчисида бўлгани каби ҳимояда кўпроқ ўйнашимиз кераклигини уқтиришди. Аммо вазият умуман ўзгариб кетди. Жуда оддий вазиятда дарвозабонимизга иккита сариқ карточка кўрсатилди ва бунинг натижасида майдонда бир киши кам бўлиб қолдик. Ҳар битта тўқнашувдан кейин ҳуштак чалиниб, футболчиларимизга сариқ карточка кўрсатилди. Ҳакамлар бизга ўйнаш имкониятини беришмади.

- Иккинчи бўлимда ғалабани сақлаб қолиш учун интилгандек бўлдинглар. Тўғрими?

- Очиғини айтаман, ниятимиз бундай эмасди. Чунки ҳимояга ётиб олсак, рақиб бизни аёвсиз жазолашини билардик. Шу сабабли ҳам «Андижон» футболчиларини майдон марказидаёқ кутиб олишга ва зарарсизлантиришга эътибор қаратдик. Қарши ҳужумда ҳеч бўлмаса битта имконият юзага келишига умид қилгандик.

- Стадиондаги атмосфера, яъни муҳит ҳақида нима дея оласиз?

- Иккала жамоа мухлислари ҳам ажойиб тарзда футболчиларни қўллаб-қувватлаб туришди. «Андижон» клуби мутасаддилари ҳам чемпионлик ўйинига ҳар томонлама тайёргарлик кўришган экан. Афсуски, мухлисларимизга ғалаба тортиқ эта олмадик. Лекин улар стадионни ёмон кайфиятда тарк этишмади. Бу билан биз кўрсатган ўйиндан хафа бўлишмади, демоқчиман. Табиийки, ҳакамлар қароридан яхшигина ранжишди. Шу ўринда Фарғона, Қўқон ва ҳатто Намангандан бизга мухлислик қилиш мақсадида етиб келган барчага жамоамиз номидан раҳмат айтмоқчиман.

- «Истиқлол» сўнгги тур натижасидан қатъий назар мавсумни учинчи ўринда якунлайди. Нима деб ўйлайсиз, бу поғона жамоангиз учун муносибми?

- Бир томондан, яхши ўйнаб ютқаздик. Қайсидир маънода бундан хафа бўлмадик. Лекин ҳакамлар сабаб мағлубиятга учраганимиз ҳамон алам қиляпти. Кучли ўйнаб ютқазиш ҳам мардлик белгиси экан.

- Таққослайдиган бўлсак, жорий мавсум «Андижон» кучли кўриндими ёки «Истиқлол»?

- Бутун мавсум бўйича оладиган бўлсак, барибир «Истиқлол» кучлидек кўриняпти. Буни ушбу жамоа аъзоси бўлганим учун айтмаяпман. Шунчаки, биз биринчи давра учрашувида ҳам «Андижон»ни мағлуб этгандик. Ўша учрашувда андижонлик футболчилар ҳеч нарса қила олишмаганди. Андижондаги ўйинда ҳам биз яхшироқ кўриндик. Битта ноҳақ қизил карточка ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди.

- Ҳакамларнинг ўйинга таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳақида мураббийлар сизларни огоҳлантиришганмиди? «Провокация»га берилманглар, дейишмаганмиди?

- Мураббийлар ҳакамнинг хатти-ҳаракатига эътибор берманглар, ўз ўйинингларни кўрсатинглар, деб уқтиришганди. Телефонда мухлислар томонидан олинган видеолар ҳам ижтимоий тармоқларга чиқиб кетди. У ерда нима бўлганини ҳамма кўрди. Шу боис, бу мавзуга ортиқ тўхталиш ниятим йўқ. Бизда ўтиш ўйинларида қатнашиш имконияти бор. Шундай экан, курашишда давом этамиз. 

Манба: InterFutbol
Киритилди: 23:42, 19.11.2018.
Ўқилди: 2095 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.