«Тоттенхэм» ва «Манчестер Юнайтед» клубларининг собиқ ҳужумчиси, болгариялик Димитар Бербатов FourFourTwo журнали учун интервью бериб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
- ЦСКАда ўйнаб юрганингизда сизни ўғирлаб кетишгани ростми?
- Умуман олганда, бу ўғрилик бўлмаган. Ёш бўлганим учун роса қўрққанман. Мени ярим тунда нотаниш жойга олиб бориб, бошқа клубга ўтишимга мажбурламоқчи бўлишган. Улар Болгариядаги энг катта босқинчилар гуруҳи аъзолари эдилар. Хайриятки, зиён кўрмаганман.
- Айтишларича, ЦСКА ёшлар жамоасида ўйнаётганингизда, Мартин ва Стилиян Петровлар билан бирга сизнинг ҳам умуман пулингиз бўлмаган экан. Натижада кафеда овқатланиб, насияни бошқа футболчилар номига ёздириб қўяр экансизлар. Шу ростми?
- Тўғри, пулимиз йўқ эди. Ёш бўлганимиз учун айёрликни ўрганганмиз. Ёши катта футболчилар биз учун ҳам нималарнидир харид қилишарди. Баъзида насия қилиб, уларнинг номларини ёздириб қўярдик. Ёшлар жамоасидаги футболчилар билан бирга яшардик. Оилаларимиз озиқ-овқат жўнатишарди. Егулигимиз тугаганидан сўнг пул йиғардик. Ичгани ҳеч нима қолмаганида, консерва тузламаларнинг банкаларида қолган сувларни ичардик. У жуда шўр бўларди. Лекин бошқа нарса тополмасдик. 16 ёшда эдим. Ўша йиллар ҳаётимдаги энг қийин дамлар бўлган. Баъзида ўтириб шу даврларни эслаб қоламан. Аммо бу фойдадан холи бўлмаган, айнан ўша кунлар мени кучли қилган.
- Бир пайтлари «Байер» сафида ЕЧЛ финалида мағлубиятга учрагансиз. Ўшанда «Реал» етакчиси Зиданнинг ажойиб голи ўйин тақдирини ҳал қилганди.
- Фаолиятимдаги энг оғриқли лаҳзалардан бири. Зидан зарбани амалга оширган пайт унинг ортида тургандим. Биз гигантларга «уруш» эълон қилган кичкина жамоа сифатида ҳаттоки, бош совринга ҳақли эдик. Финал йўлида «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпул»ни доғда қолдирганмиз. Буни биздан ҳеч ким кутмаганди. Умуман олганда, ўша мавсум бироз омадсиз келган. ЕЧЛдан ташқари, Германия чемпионати ва кубогида ҳам иккинчи бўлганман. Ваҳоланки, «хет-трик» қайд этишимиз ҳеч гап эмасди. Таркибимизда Михаэль Баллак, Ульф Кристен ва Зе Роберто каби буюк футболчилар тўп суришган. Улардан кўп нарса ўрганганман.
- 2004 йили Ханс Йорг-Бутт дарвозасига антиқа гол урилганидан сўнг «Байер»нинг асосий пенальтичиси бўлгансиз. Бу ўша воқеага боғлиқмиди?
- «Шальке» футболчиси дарвозамизни майдон марказидан ишғол қилганидан кейинми? Қизиқ ҳолат кузатилган. Йорг бизнинг дарвозабонимиз бўлиши билан бирга асосий пенальтичимиз эди. 11 метрли жаримани аниқ амалга оширганидан сўнг Бутт голни жамоа билан нишонлашга киришиб кетди. Ўзини худди Марко ван Бастендек тутганди. Ханс нишонлаш билан овора бўлган пайтда «Шальке» тезда ўйинни бошлади ва Майк Ханке тўпни дарвозамизга йўллади. Биз «Йорг, нима қиляпсан?!» деб қийқириб қолаверганмиз. Шундан сўнг пенальтини мен тепаман деганман.
- Нима учун «Тоттенхэм»ни танлагансиз? У пайтлари «шпорлар» Европада унчалик ном қозонишмаганди?
- «Байер» сафида кетма-кет голлар урардим. Агентим «Тоттенхэм» қизиқаётганини айтди. Мен эса: «Нима? Мен «Юнайтед», «Барселона» ёки «Реал» каби буюк клубларда ўйнашни истайман», деб ўйлаб қолдим. Ёшлик қилган эканман. Кейин «Тоттенхэм»ни ўрганиб чиқдим. Қарасам, стабил жамоа экан. Бу клубни Мартин Йол бошқарарди. Ушбу мутахассис «Бу менинг ўйинчим. У менга керак», деган.
- Мартин Йолнинг охирги ўйинларида сиз захирада ўтириб, «разминка»га чиқмагансиз. Нима учун?
- Менга «Манчестер Юнайтед» қизиқаётганини билганимдан сўнг ўзимни бошқача тута бошлаганман. Агар трансфер ҳақида ўйлай бошласангиз, ўзингизга ўзингиз муаммо ортириб оласиз. «Ньюкасл» майдонига сафар уюштирганимизда худди шундай бўлганди. Захирада ўтирардим ва ўйнашни истардим. Иккинчи бўлимда машқ қилиб туришимни сўрашди. Мен эса «шарт эмас, ўйнашга тайёрман», дедим. Ёш бўлсангиз, ўзингизга кўп ишониб юборасиз. Майдонга тушганимдан сўнг ўйиним қовушмади. Ўшанда мураббийларга нисбатан ҳурматсизлик қилгандим. Кейинчалик узр сўраганман. Чунки Мартин ажойиб инсон. У қилиғимни юрагига яқин олмаган.
- 2008 йили Лига кубоги финалида пеанльтини аниқ амалга оширганингизда ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
- Бу жуда хавотирли вазият эди. «Уэмбли»да, 90 минг мухлис қаршисида пенальтини тепишим керак эди. Петр Чех дарвозада, «Челси» ва «Тоттенхэм» финалда. Ўша вазият ҳаммасини ўзгартириб юборган. Чунки «кўклар» фаворит эдилар. Якунда кубокни бошимиз узра кўтарганмиз. Бу «Тоттенхэм»нинг кўп йиллардан бери қўлга киритган илк соврини эди. Ундан кейин ҳам ҳали соврин ютилмади.
- 2008 йили «Манчестер Юнайтед»га ўтишингиз осон кечганми?
- Енгил бўлмаган. Футболчилар мунтазам равишда клубларини ўзгартиришади. Мен шунчаки ўз йўлимдан борганман. Болалигимдан буюк клубларнинг бирида ўйнашни орзу қилганман. Қарорим кўпчиликни хафа қилишини билганман. Лекин орзуим йўлидан кетганман.
- «Юнайтед»дан ташқари «Манчестер Сити» билан ҳам шартнома имзолашга яқин келган экансиз. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Тўғрисини айтсам, шартномага яқин келмаганман. Агентим «Сити»нинг қизиқиши ҳақида айтган. Аммо унга «Бошқа клублар ҳақида гапирма, фақат «Манчестер Юнайтед»да ўйнайман», деганман. Бу «Сити» Робиньо билан шартнома имзолашидан бир кун олдин рўй берганди. Ўшанда агентим «шаҳарликлар»нинг кўпроқ маош беришларини айтган. Лекин «Юнайтед»га ўтаман деганимда кўзларим ёнарди. Бу тўғри қарор эди. Ҳамиша чўққиларни забт этишни истаганман. Айниқса, Шарқий Европанинг кичик мамлакатидан бўлсангиз, шундай қилгингиз келади. Бутун фаолиятим давомида тинимсиз меҳнат қилганман. Жаҳоннинг буюк клубларидан бирига йўл олиш мен учун мукофот эди.
- Уэйн Руни, Карлос Тевес ва Криштиану Роналду ҳақидаги қизиқ воқеаларни эслай оласизми?
- Роналдунинг қандай машқ қилишини кўрсангиз эди. У машғулотларга ҳаммадан олдин келиб, охири кетарди. Кейин залга борарди. Кўриб турганингиздек, у замонамизнинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди. Уэйн Руни майдондаги энг муҳим ўйинчи эди. У ёш футболчиларнинг жамоага киришиб кетишларига ёрдам берарди. Гарчи Уэйн сардор бўлмасада, ўзини шу ролда яхши кўрсатарди. Гиггз, Скоулз, Гари Невилл каби футболчилар машғулотларда ҳам етакчи бўлишган.
- Ойна олдида ким кўп вақт ўтказарди - сизми ёки Роналду?
- Бизда ойналар кўп эди. Кийиниш хонасига кирсангиз мен, Роналду, Рио, Эвраларни кўрардингиз. Ажойиб вақтлар эди.
- Сизни Эрик Кантона билан таққослашлари борасида қандай фикрдасиз?
- Буни ёқтирмаганман. Ҳеч қачон бировга ўхшашга ҳаракат қилмаганман. Умуман олганда, солиштирувни нотўғри деб ҳисоблайман. Футболчини бошқасига таққослаш уни босим остида қолдиради. Чунки ҳамма ҳар хил ўйнайди. Ҳеч ким Кантонага ўхшай олмайди. Чунки у ўзгача. Мен эса ўз ўйинимни намойиш қилганман.
- «Ливерпуль» билан ўйинда «хет-трик» қайд этганингиз «МЮ»даги энг эсда қоларли кунларингиздан бирими?
- Ҳа. Чунки биз «Ливерпул»га қарши ўйнаб, ғалаба қозонганмиз. Ўшанда ажойиб формада эдим ва истаганимни қилганман. Айниқса, чалқанча усулда урган иккинчи голим жуда чиройли чиққанди.
- Сиз ёқтирган ҳужумчи ким?
- Икки форвардни ёқтираман. Улардан бири Алан Ширер. У ҳар қандай позициядан гол уриши мумкин. Унинг голларни қандай нишонлаганини эслайсизми? «Блэкберн»га мухлислик қилардим. Чунки бу жамоада Ширер ўйнарди. Хуллас, «Ньюкасл»га меҳрим тушди. Ота-онам шу клубнинг 9-рақамли футболкасини олиб беришган. Негаки, Ширерни жуда ёқтиришимни яхши билишарди. Кейин ўша либос йўқолиб қолди. Яқинда уни онамнинг уйларидан топиб олдим. Жуда хурсанд бўлиб кетдим. Яна бир ёқтирган футболчим Марко ван Бастен бўлган. Унинг ўйин услубини ўзлаштиришга интилардим.
- Бир ўйинда «Блэкберн» дарвозасини беш бор ишғол қилиб, Ширернинг натижасини такрорлаганингиздан фахрланасизми?
- Агар Пол Робинсон бўлмаганида, олтита уришим ҳам мумкин эди. Мен бир ўйинда бешта тўп киритган дастлабки хорижлик футболчи бўлганман. Ширер ва Энди Коул сингари бир ўйинда «пента-трик» қайд этиш ёқимли. Жаҳоннинг энг кучли лигасида битта учрашувда бешта гол уриш буюк натижа.
- 2009 йилги ЕЧЛ финалида захирада ўтиргансиз. 2011 йили «Уэмбли»да кечган финалда эса, ҳаттоки, ўйин рўйхатига ҳам киритилмагансиз. Бундан жаҳлингиз чиққанми?
- У ерда ўйнашга ҳақли эдим. Шунга ранжиганман. Лекин мураббийнинг қарори шундай эди. Кейинчалик у мени майдонга туширмай хато қилганини тан олган. Бунинг учун Сэр Алексдан хафа эмасман. Бўлар иш бўлди. Майдонга тушган тақдиримда ҳам ҳеч нимани ўзгартира олмасдим. Чунки ўша пайтдаги «Барселона» жуда кучли эди.
- «Олтин бутса»ни қўлга киритганингиздан сўнг 2011-2012 йиллар мавсумида Алекс Фергюсон сизни захира ўйинчисига айлантириб қўйганди. Нима учун?
- Билмайман. Ўшанда жамоа Хавьер Эрнандесни харид қилганди. У бошқача ўйинчи ва ёш эди. Ўйнамаётганингиздан жаҳлингиз чиқади ва бунга жавоб олишга ҳаракат қиласиз. Сэр Алексдан ҳамиша майдонга тушмаётганимнинг сабабини сўрардим. Балки бу билан унинг жонига теккан бўлсам керак.
- 2012 йили нима учун «Ювентус»га ўтмай, «Фулхэм»ни танлагансиз?
- Чунки Англияни яхши кўрардим. Боз устига, жамоани Мартин Йол бошқарди ва асосий таркибда майдонга тушишимга ишонганман. Ўша пайтда бу мен учун муҳим эди. Ўйнамай қўйсангиз, ўзингизга бўлган ишонч йўқолиб боради. Йол ҳамиша менга ишонарди. «Тоттенхэм» ҳам ортга қайтаришни истаган. Лекин Мартинга ваъда бериб қўйгандим. «Фулхэм»га ўтганимдан сўнг бир мавсумда 15та гол урганман.
- «Монако»да ўйнаганингизда, жамоанинг шунчалик юқори чўққиларга чиқа олишини сезганмисиз?
- Аввалига ёш футболчилар машғулотлар пайтида атрофимда жуда тез ҳаракат қилишарди. «Наҳотки қариб қолган бўлсам?» деб ўйлаб қолардим. Ўшанда 33 ёшда эдим. Хамес, Фалькао ва Мартиалларнинг мендан тезлиги шундоқ кўриниб турарди.
- Чекишингиз машғулотларга халақит бермаганми?
- Бу мен ҳақимда тарқатилган ёлғонлардан бири. Чунки ҳаётим давомида умуман чекмаганман. Дўстларим чекишарди ва уларга қаршилик қилардим. Шунчаки, бир сафар сигарета чекаётгандек суратга тушганман. Шундан сўнг гап-сўзлар тарқалиб кетган.