Гарет Бэйл, Криштиану Роналду, Златан Ибрагимович ва бошқа етук футболчилар 2008 йили қандай ҳолатда эдилар? Бу мавзу кўпчиликни алоҳида қизиқтирса, ажабмас.
Демак, championat.com сайтининг қуйидаги фотожамланмаси ёрдамида топ-футболчиларнинг ўтмиши ва бугунига зимдан нигоҳ ташлаймиз.
Гонсало ИГУАИН
2008 йил. Аргентиналик ҳужумчи «Реал» захирасига «мустаҳкам» ўрнашганди. Чунончи, «Мадрид»нинг ҳужумида асосий ишни Рауль, Робиньо ва Рууд ван Нистелрой бажаришарди. Тўғри, Гонсало атиги 1 йилдан кейин бошланғич таркибдан жой олганди.
2018 йил. Игуаин «Реал», «Наполи» ва «Ювентус» билан ўнлаб соврин ютгач, энди «Милан» учун голлар урмоқда.
Уэйн РУНИ
2008 йил. Йўқ, сурат тўғри танланган. Шунчаки, Уйэн ҳозир чиндан ҳам, 10 йил олдингига нисбатан яхшироқ кўринишга эга... Ҳа, у 2008 йили «МЮ» юлдузи бўлишга, ЧЛда ғалаба қозонишга, яна Англия матбуоти орқали тарбияси оғир футболчи сифатида ном қозонишга улгурганди.
2018 йил. Руни айни пайт MLSнинг янги юлдузи мақомида. У океан ортида бир неча чиройли голлар уришни ҳам уддалади.
Криштиану РОНАЛДУ
2008 йил. Криштиану май ойида фаолиятидаги ЧЛнинг биринчи финалига тайёргарлик кўраётганди. У якунда ўз мақсадига эришган ҳам...
2018 йил. Криштиану - мукаммал футболчи. У шу 10 йиллик оралиғида «Реал»да 9 мавсум тўп суриб, барча совринларга эга чиқди, чин афсонага айланди. Навбатда - «Ювентус»ни юксакликка кўтариш миссияси.
Лионель МЕССИ
2008 йил. Ҳали «Барселона»нинг бош юлдузи эмас (Роналдиньо асосий етакчи эди), ҳали Аргентина термасининг 10-рақамли футболчиси эмас (18-рақам остида ўйнарди), аммо «Олтин тўп»нинг реал даъвогари.
2018 йил. 5та «Олтин тўп» ва беҳисоб татуировкалар эгаси. Яна замонавий футболнинг икки қиролидан бири.
МАРСЕЛО
2008 йил. Айтишларича, Марсело болалигида дўстларига сўз берган экан: «Агар мени «Реал»га олишса, сочимни ҳеч қачон калталаштирмайман». Эҳтимол, бу рост эмасдир, лекин Марсело 10 йил давомида узунсоч бўлиб юрди, дарҳақиқат. Асосийси, у 2008 йилиёқ «Реал» ҳимоясининг чап қанотида бош ролга чиққанди.
2018 йил. Марсело ҳамон «Мадрид»нинг асосий чап қанот ҳимоячиси. Ҳа, у барқарорлик рамзи ҳам.
Серхио РАМОС
2008 йил. 22 ёшли Серхио - қўпол ва қатъиятли ҳимоячи, Испания терма жамоаси ва «Реал» клубининг асосий таркиби аъзоси. Яна қизлар каби соч турмагига эга йигит...
2018 йил. Ўша-ўша образ. Битта фарқи, у энди сардор. Ўйини ҳам образига мувофиқ.
Гарет БЭЙЛ
2008 йил. Уэльс «шаҳзодаси» 10 йил олдин истиқболли, лекин жароҳатланишга мойил чап қанот ҳимоячиси эди. «Тоттенхэм» унинг трансферига 11 млн. фунт сарфлаб, нишонни тўғри урди.
2018 йил. Бэйл - «Реал»нинг ўнг қанот вингери. Трансфер баҳоси эса 100 млн. евродан баланд. Аммо у ҳамон тез-тез жароҳатланмоқда.
Арьен РОББЕН
2008 йил. Жароҳатлардан азобланган яна бир футболчи. Дейлик, Арьен 2008 йилги мавсумнинг ўзида 5 марта сафдан чиққанди. Соғлом бўлган вақти эса, «Реал»нинг етакчи ўйинчилари қаторига қўшиларди.
2018 йил. Қайсидир маънода айтсак, Роббен атрофидаги воқеалар сценарийси ўзгаргани йўқ. Фақат манзил бошқа - «Бавария».
Давид СИЛЬВА
2008 йил. Аввалига Европа чемпионатида ғалаба нашидасини сурган Давиднинг кейинроқ узоқ вақт даволанишига тўғри келганди. Бу вақтда унинг «Манчестер Сити» сафига қўшилишига 2 йил қолганди...
2018 йил. Сильва - «Сити» сардори ва афсонаси. Хосеп Гвардиола сўзларига ишонсак, у айнан испан йигити туфайли «шаҳарликлар»ни бошқаришга мойиллик сезган эмиш...
БОНУС - ЛУКА МОДРИЧ
Хорватиялик футболчи қиёфасида мутлақо ўзгариш йўқ. Қаранг, бу суратлардан бири 10 йил олдин олинган...