Кириш Регистрация

Йилнинг энг яхши спортчиси ва мураббийига овоз беринг

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

2018 йил ўзбек спорти учун ҳар томонлама муваффақиятли бўлди. Спортчиларимиз Индонезияда ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида, шунингдек, Аргентинадаги III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам рекордларни янгилашди.

Йил якунлангани сари, ҳар бир соҳада эришилган ютуқлар, камчиликлар сарҳисоб қилинади, энг яхшилар эътироф этилади. Шу жумладан спорт соҳасида ҳам. Шу мақсадда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан мухлислар ўртасида сўровнома ташкил этилмоқда. Унга кўра, olympic.uz сайти, сайтнинг ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилари йилнинг энг яхши спортчилари ва мураббийини аниқлашлари мумкин бўлади.

Миллий олимпия қўмитаси томонидан ташкил этилган сўровномада энг яхши бўлиш учун номзодлар рўйхати:

«Йилнинг энг яхши эркак спортчиси»:

Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш)

Абдураҳмонов йил давомида Осиё ўйинларида олтин медаль, жаҳон чемпионатида бронза медалига сазовор бўлди. «Олтин Мангуст-2018» мукофоти соҳиби.

Вадим Меньков (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Тажрибали Вадим Осиё ўйинларида юртимиз ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди. Энди у Осиё ўйинларида тўрт карра чемпион бўлган ўзбекистонлик ягона спортчига айланди.

Денис Истомин (теннис)

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Индонезияда ўзининг азалий орзусига эришди ва Осиё ўйинларида Ўзбекистон учун олтин медални тақдим этди. Ушбу натижа орқали Денис Ўзбекистонлик спортчилар ичида биринчи бўлиб Токио 2020 Олимпиадаси лицензиясига эга бўлди.

Акбар Жўраев (оғир атлетика)

Акбар ёш бўлишига қарамай Туркманистон мезбонлик қилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, ёшлар ўртасидаги жаҳон ва Осиё чемпионатларида ҳам шоҳсупага кўтарилди.

Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо)

Ўрозбоев Осиё ўйинларида терма жамоамиз ҳисобига олтин медални қўшиб қўйди, Тошкентда ўтказилган Гран-Прида кумуш медалга сазовор бўлди.

Елмурат Тасмурадов (юнон-рум кураши)

Елмурат Осиё чемпионатида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медаль соҳибига айланди, Будапештда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса финалгача етиб борди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Исроил Мадримов (бокс)

Индонезиядаги Осиё ўйинларида делегациямиз байроқдори вазифасини бажарган Исроил якунда олтин медални қўлга киритди, бир неча кун олдин у профессионал боксдаги илк жангини ўтказди ва дебют жангидаёқ ғалаба қозониб, WBA Intercontinental камари соҳибига айланди.

Никита Рафалович (таэквондо)

Никита Жакартадаги Осиё ўйинларида олтинни қўлга киритди. Осиё чемпионати ҳам тенгсиз бўлди, йил давомида ўтказилган Гран-При турнирлари совриндорига айланди.

Энг яхши аёл спортчи:

Надия Дусанова (енгил атлетика)

Дусанова баландликка сакраш бўйича нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келди. Индонезиядаги ўйинларда эса жамоадоши Радзивилга сўнгги паллагача қаршилик кўрсатди ва якунда кумуш медалга эга чиқди.

Оксана Чусовитина (спорт гимнастикаси)

Жаҳон гимнастикаси афсонаси йил давомида нуфузли мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олди. Осиё ўйинларида эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Светлана Радзивил (енгил атлетика)

Узоқ танаффусдан сўнг яна спортга қайтди ва Индонезиядаги Осиё ўйинларида рекорд ўрнатиб, олтин медални қўлга киритди. Бу Радзивил учун Осиё ўйинларидаги учинчи олтин медаль эди.

Гулнор Сулаймонова (кураш)

Курашчиларимиз Осиё ўйинларида терма жамоамиз рейтингини яхшигина кўтариб беришди. Бунда қизлар терма жамоаси аъзоси Гулнор Сулаймонованинг ҳам ҳиссаси катта.

Сабина Ташкенбаева (бадиий гимнастика)

Бугунги кунда бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи рақамли спортчисига айланиб улгурди. Осиё ўйинларида яккалик баҳсларида ҳам, жамоавий баҳсларда ҳам кумуш медалга сазовор бўлди. Шунингдек, жаҳон кубогидаги кумуш медаль, Осиё чемпионатининг олтин медали ҳам спортчининг ушбу йўналишда ғолиб бўлиш имкониятларини ошириши шубҳасиз.

Дилноза Раҳматова (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Осиё ўйинларида Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича терма жамоамиз учун муҳим бўлган медалларни тақдим эта олди. Дилноза Индонезияда жуфтлик баҳсларида кумуш, яккаликда эса бронза медали эгасига айланди.

Йилнинг энг яхши ёш спортчиси:

Гулбаҳор Файзиева (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Аргентинада ўтказилган Олимпия ўйинлари ғолибаси. Қайд этиш лозимки, Файзиева спортнинг ушбу тури билан шуғулланишни бошлаганига икки йил бўлди.

Улуғбек Рашитов (таэквондо)

Ўсмирлар Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби. Шунингдек, йил давомида бир қатор халқаро турнирларда шоҳсупадан ўрин олди.

Кумушхон Файзуллаева (оғир атлетика)

Кумушхон Аргентина Олимпиадасида терма жамоамиз учун муҳим бўлган олтин медалга эга чиқди. Шунингдек, Тошкентда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олди ва оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган илк ўзбекистонлик қиз спортчи бўлди. Осиё чемпионатида ҳам ғалабани тантана қилди.

Абдумалик Халаков (бокс)

Истеъдодли боксчимиз Аргентинаги ўсмирлар Олимпия ўйинларида барча рақибларини мағлуб этган ҳолда, олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, ёшлар ўртасидаги жаҳон ва Осиё чемпионатларида ҳам боксчимизни хеч ким мағлуб эта олмади.

Мадина Маннопова (таэквондо)

Мадина ёш бўлишига қарамай Индонезиядаги Осиё ўйинларида катталар ўртасидаги баҳсларда финалгача етиб борди ва кумуш медаль соҳибасига айланди. Қолаверса, бир неча халқаро турнирларда совриндор бўлди.

«Йилнинг энг яхши мураббийи»:

Ризомат Солиев (кураш)

Кураш бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси мураббийи. Йигитларимиз Жакартадаги Осиё ўйинларида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлдилар.

Равшан Ҳайдаров (футбол)

Равшан Ҳайдаров қўл остида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

Екатерина Зорькова (байдарка ва каноэда эшкак эшиш)

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мураббийи. Зорькова ва унинг шогирди Гулбаҳор Файзиева Аргентинадаги ўсмирлар Олимпия ўйинларидан олтин медаль билан қайтишди. Шунингдек, мураббий қўл остида спортчилар жаҳон ва Осиё чемпионати, Осиё ўйинларида совриндорлар қаторидан ўрин олишди.

Марат Қурбонов (бокс)

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи. Осиё ўйинларида боксчиларимиз 5 та олтин, 2 та кумуш медалга эга чиқдилар.

Фарҳод Тўраев (дзюдо)

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи. Дзюдочиларимиз Осиё ўйинларида 1 та олтин, 3 та бронза медалларини қўлга киритдилар. Шунингдек, Тошкентда ўтказилган Гран-При турнирида ҳам муваффақиятли иштирок этдилар.

www.olympic.uz cайтида ташкил қилинган сўровномада иштирок этинг ва ўзингиз муносиб кўрган номзодга овоз беринг. Сизнинг овозингиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Овоз бериш жараёни 20 декабрга қадар сайтнинг бош саҳифасида ўтказилади.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 16:00, 01.12.2018.
Ўқилди: 3321 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.