Кириш Регистрация

Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси қаҳрамонларига Президент совғалари – «Спарк» автомашиналари топширилди

Баҳо:
+ | -
Бўлим: СПОРТ

Хабарингиз бор, 24 ноябрь - 2 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси ўтказилган ва мусобақа якунларига кўра ўзбекистонлик ёш ақл-идрок соҳиблари шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллагандилар.

Бугун ана шу Олимпиадада муваффақиятли иштирок этган шахматчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқар экан, қўлга киритилган муваффақият замирида мамлакатимиз раҳбари томонидан спортга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик тургани ҳақида гапирди.

"Ушбу муваффақиятингиздан Сиз учун барча шароитларни яратиб бераётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев жуда хурсанд бўлдилар. Бугун мамлакатимиз раҳбари номидан Сизларни табриклаш мен учун катта шарафдир. Сиз мусобақада шахмат оламида ўзига яраша нуфузга эга бўлган мамлакатлар - Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, шунингдек, Украина, Венгрия, Польша, Молдова вакилларини мағлубиятга учратдингиз. Бу эса ғалабангиз салмоғини янада ошириши шубҳасиздир.

Бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. У кишининг қўл остида турли ислоҳотлар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси албатта спортчиларимизга янада яхшироқ шароитлар яратишга қаратилган. Сизларнинг халқаро аренада қайд этган ушбу ғалабангиз биз тўғри йўлда эканлигимизни яна бир бор тасдиқлади.

Бунгача ақл-идрок соҳибларимизнинг мазкур ўйинларда кўрсатган энг яхши натижалари 2004 йилда бўлганди. Ўшанда спортчиларимиз учинчи ўринга эга чиққандилар. Бу сафар эса сиз тарихий натижани қайд этиб, олдингизга қўйилган вазифани аъло даражада бажардингиз.

Сизлардан келажакда умидимиз катта. Ишонаманки, эришилган муваффақият билан тўхтаб қолмайсизлар ва келажакда ўзбек шахмати тарихида янги саҳифа очишда давом этасизлар", - деди Бош вазир ўринбосари.

Сўнгра Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдалиев сўзга чиқиб, яратилган шароитлар учун миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг шахмат Олимпиадаси қаҳрамонлари - Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидовларга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси - "Спарк" автомобиллари топширилди.

Маълумот учун, терма жамоамизнинг яна бир аъзоси, 12 ёшли Жавоҳир Синдаров октябрь ойида халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлгани учун Шавкат Мирзиёев томонидан 3 хонали уй билан тақдирланганди.

Мураббий Сайдали Йўлдошевга эса Миллий олимпия қўмитаси номидан 15 000 000 сўм миқдоридаги мукофот пули тақдим этилди.

Маросимда сўзга чиққан Нодирбек Абдусатторов кўрсатилаётган бундай эътибор, ғамхўрлик учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Ушбу рағбатга жавобан бундан кейин ҳам юксак марраларни забт этишга ваъда берди.

Тақдирлаш маросими якунига етганидан сўнг Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Нодирбек Абдусатторов ўртасида шахмат бўйича ўртоқлик ўйини ташкил этилди. Дўстона рухда кечган учрашув дуранг ҳисобда якунланди.

Манба: www.olympic.uz
Киритилди: 17:58, 06.12.2018.
Ўқилди: 4106 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.