Кириш Регистрация
16/12 00:00 Челси 2-1 Брентфорд
16/12 00:00 Саутгемптон 0-5 Тоттенхэм
16/12 00:45 Милан 0-0 Женоа
16/12 01:00 Барселона 0-1 Леганес
17/12 00:45 Лацио 0-6 Интер
17/12 01:00 Борнмут 1-1 Вест Хэм

«Қора-оқ ўйинқароқ» ёхуд Мойзе Кин ҳақида гаплашамиз

Баҳо:
+ | -

Нима учун «Ювентус» аъзоси Мойзе Кин сўнгги пайтларда мутахассислар эътиборини жалб этаётганига ҳайрон бўлманг. 18 ёшли ҳужумчи Турин гранди сафида кам кўринаётган бўлсада, Роберто Манчини унга яқинда бўлиб ўтган Италия - АҚШ ўртоқлик учрашуви (1:0)да ярим соат тўп суриш имконини берди. Апенниндагилар ёш иқтидор соҳибини мақтовларга кўмиб, иккинчи Марио Балотелли унвони билан мукофотлашган, футболчининг ўзи эса шиддатли парвозни давом эттирмоқда. «Спорт-Экспресс»нинг қуйидаги мақоласи италиялик ғунча юлдуз ҳақида.

Отаси учун тракторлар

Мойзе 2000 йилнинг 28 февралида, Турин ва Милан шаҳарлари ўртасида жойлашган Пьемонт провинциясининг Верчелли шаҳрида дунёга келди. Унинг ота-онаси - Кот-д~Ивуар фуқаролари. Онаси Изабель болалик пайтида ўз юртидаги урушдан қочиб, оиласи билан Италияга кўчиб ўтган, отаси Бьору эса йигитлик пайтида рисоладагидек ҳаёт умидида келганди. Улар ўша ерда учрашиб, турмуш қуришди. Мойзега онасидан Италия фуқаролиги, отасидан эса мақсадга эришмагунча тинчимайдиган ўжарлик хислати мерос бўлиб ўтди.

Ана шу ўжарлик сал бўлмаса Киннинг «Ювентус»га ўтишини барбод қилиши ҳам мумкин эди. Бундан 1,5 йил аввал Бьору Tuttosport нашрига берган интервьюсида Турин клуби шартномада кўрсатилган талабларни тўлиқ адо этмасдан, уни чув туширганидан шикоят қилганди. Маълум бўлишича, туринликлар катта Кинга икки дона трактор ваъда қилишган экан: «Мен фермерман, Ивуарда бир неча гектар ерим бор. У ерда маккажўхори ва шоли етиштиришим учун техника керак. Бу масалани илк бор муҳокама қилганимизда, «Ювентус» вакиллари трактор билан таъминлашга ваъда беришган, мен Райоланинг Мойзени Англияга олиб кетишига изн бермагандим. Шартномада эса бу борада ҳеч нарса ёзилмаган. Сўрасам, талабим бюджетга оғирлик қилишини айтишди. Менга ваъда қилинган тракторларни беришсин, акс ҳолда, ўғлим кетади», - деганди Бьору қизишиб.

Райоланинг мижози

Бьору Киннинг қизиққонлиги ҳужумчининг фаолиятига таъсир қилмади. Чунки у клуб ёки ўғлига босим ўтказиш воситасига эга эмасди. Айни паллада замонавий футболнинг таниқли агентларидан бири - Ибрагимович, Погба, Мхитарян, Лукаку, Доннарумма, Верратти ва Балотелли каби юлдузлар билан ҳамкорлик қилаётган Мино Райола катта саҳнага чиқди. Мойзени «Италия футболининг дарбадар ўғлони»га қиёслашларининг сабабларидан бири ҳам шу.

Ноёб иқтидор соҳибларини кашф этиш бобида ажойиб сезгирликка эга бўлган мутахассис «Юве» тизимидаги жавоҳир ҳақида эшитгач, Изабель билан танишди ва онанинг дуосини олган ҳолда Мойзенинг тақдири билан шуғулланишга киришди. Анчадан бери алоҳида ҳаёт кечираётган катта Кин ўғли балоғат ёшига етгунга қадар музокараларда иштирок этган бўлсада, амалда барча ишни Райола бажарди.

«Торино»дан «Ювентус»га

«Қора-оқлар» академиясига Мойзе 11 ёшида келди. Бунга қадар болакай Турин яқинидаги «Дон Боско» ва «Асти» футбол мактабларида, шунинг-дек, «Торино» тизимида таҳсил олганди. Лекин Турин гранди уни ўз томонига оғдиргач, Мойзенинг шиддатли парвози бошланди. 2016 йилнинг кузига ҳужумчи қуйидаги натижалар билан етиб келди: «Юве»нинг ёши 17гача бўлган жамоасида 26 учрашувда 24та, УЕФА ўсмирлар лигасининг 2 турида 2та, турли ёш тоифаларидаги (15-17) Италия терма жамоаларида 21та ўйинда 10та гол! Оқибатда юз бериши муқаррар бўлган воқеа кузатилди - 2016|2017 йиллар мавсумининг 8-турида Массимилиано Аллегри Мойзени «Удинезе»га қарши баҳс «заявка»сига киритди. «Кин - улкан салоҳият соҳиби. Бироқ энди 16га чиқди. Бугунгидек чақирувлар ёш футболчининг тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади», - деганди мураббий ўйин арафасидаги матбуот анжуманида.

Шонли тарих сари

дастлабки Қадамлар

Асосий таркибдаги илк беллашувни Мойзе захира ўридиғида ўтказди. Дебютни нишонлаш учун эса роса бир ой кутишига тўғри келди. Ниҳоят, 2016 йилнинг 19 ноябрида Кин «Пескара»га қарши ўйинда майдонга тушди. Шу тариқа «кўҳна қитъа»даги энг сара чемпионатлар квартети (Англия, Испания, Италия, Германия) вакиллари орасида биринчи марта 2000 йилда таваллуд топган футболчи иштирок этди: «Ювентус»-нинг йирик (3:0) ғалабаси билан якунланаётган ўйиннинг 83-дақиқасида 16 ёш, 264 кунлик Мойзе Марио Манжукич ўрнини эгаллади. Топ-чемпионатлар сафига Францияни киритмаганимиз боиси шуки, «Метц» клубининг люксембурглик легионери Венсан Тилль Мойзедан 2 ой аввалроқ, 2016 йилнинг сентябрида 16 ёш, 230 кунлик пайтида «Бордо»га қарши (0:3) бир неча дақиқа тўп сурганди.

Лекин африкалик итальяннинг ЕЧЛ доирасида ўрнатган рекорди ҳозирча янгилангани йўқ - бир неча кундан кейин Мойзе энг нуфузли клуб турнирида «Севилья»га қарши (3:1) тўп сурди. Лекин ЕЧЛ тарихидаги энг ёш иштирокчи унвони қаҳрамонимиздан ярим ёш кичикроқ пайтида майдонга тушган «Андерлехт»нинг собиқ вакили Селестин Бабаярога тегишли.

Верона сафари

2017 йилнинг май ойида бўлиб ўтган ва «Болонья» устидан 2:1 ҳисобидаги зафарни таъминлаган Киннинг дебют голи навбатдаги унвонни келтирди: у 2000 йилда туғилган футболчилар ичида биринчи бўлиб рақиб дарвозасини ишғол этди. «Бу голни меҳрибон онажоним ва оиламга бағишлайман. Гарчи у менинг гол урганимга ишонмаслигини билсам ҳам», - деганди ёш тўпурар ҳаяжонини яшира олмай.

2017|2018 йиллар мавсумида Массимилиано Аллегри ёш шогирди етарли ўйин амалиётига эга бўлиши ва тажриба ошириши учун уни «Верона»га ижарага юборди. Мойзе «А» серия доирасида 19 марта майдонга тушиб, 4та гол урди. Жумладан, «Фиорентина»га қарши баҳсда «дубл»га эришиб, жамоасининг йирик ҳисобдаги (4:1) ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Лекин «Верона»ни «В» серияга тушиб кетишдан сақлаб қола олмади ва Туринга қайтди.

СуперМарио ва СуперМойзе

Шу йилнинг июлида қаҳрамонимиз 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатида «Скуадра Адзурра» шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юртига кумуш медаль билан қайтди. Эътиборлиси, турнирда Мойзе 4та гол урган бўлса, уларнинг 2тасини Португалияга бой берилган (3:4) ҳал қилувчи беллашувда амалга оширган ва 0:2 ҳисобини 2:2га айлантириб (1 дақиқа ичида 2та гол!) жамоадошларини тушкунликдан халос этганди. Бундан ташқари, ҳужумчи ўзининг иккинчи голини нишонлаш орқали «кумир»и ким эканини ҳам ошкор этди.

Италияда Кинни «Юве» туфайли «қора-оқ ўйинқароқ» ва СуперМариога тақлидан Супермойзе тахаллуслари билан чақиришади. Голни Балотелли услубида нишонлашидан ташқари, ёш ҳужумчи машғулотлардан бирида «Манчестер Сити»нинг собиқ аъзосига тегишли машҳур «Нима учун доимо мен?» ёзуви туширилган футболкада келганди.

Манчинидан чақирув

Криштиану Роналду «Кекса синьора» сафига қўшилган жорий мавсумда Мойзе Кинда ўз маҳоратини намойиш этиш имконияти деярли қолмади. У фақат ЕЧЛ доирасидаги «Янг Бойз»га қарши учрашувда захирадан майдонга тушиш билан кифояланишга мажбур бўлди. Аммо ўсмирлар терма жамоасидаги муваффақиятлари ёш ҳужумчига миллий жамоа эшикларини очди. Агар Роберто Манчини Марио Балотелли ўйинларини соғиниб қолган ва унинг ўрнини 18 ёшли вориси ҳисобига тўлдирмоқчи, деган фикрга келсак, Кинга нисбатан адолатсизликка йўл қўйган бўламиз. У «Скуадра Адзурра» шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган иқтидор соҳиби. Фақат нисбатан жуда ёш эканлиги бироз халақит бериши мумкин. Мойзе кучли босим ва ҳаяжонни енга олса, ҳаммаси жойида бўлишига шубҳа йўқ.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 07:58, 10.12.2018.
Ўқилди: 2802 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.