Бугун интернетда бир маълумотни қидириб, кўзим мана ушбу расмга тушиб қолди. Юрагим жиз этгандек бўлди...
Эсимда... Дадам билан «Пахтакор» - «Ниса» жамоалари ўйинига тушган эдик. Ўшанда «Пахтакор» йирик ҳисобда ғалаба қозонган эди. Ёш бола бўлишимга қарамасдан футболга жуда ҳам қизиқар эдим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, стадиондаги атмосфера шундоққина кўз олдимда турибди. Майдон деярли лиқ тўлган эди. Тўғриси, ҳалигача ўша ўйин ҳақида эсласам юрагим ҳапқириб кетади. Ҳозирги «Пахтакор»га қараб эса юрагим эзилади. Билмадим, билмадим, ўша пайтлар ОЧЛ ўйинларида «Пахтакор» стадионида доим аншлаг бўлар, бирон маротаба мухлислар «Пахтакор»ни ёлғиз қолдиришмасди. Ҳаттоки, ўша «Бунёдкор» жамоасининг бразилиялик юлдузлари билан ҳам жойи келганда тенгма-тенг олишиб келган жамоа эдику!
Яна бир ўйинни эсласак... «МҲСК» стадиони. Одамлар билан тўлган стадионда «Бунёдкор» «Пахтакор»ни қабул қилмоқда. Ўйин тугашига чамаси 10 дақиқалар қолганди. Ҳисобда «Бунёдкор» олдинда борар. Стадион эса тўлиқ «Пахтакор»га мухлислик қиларди. Ишонинг, «Бунёдкор» ўша пайт «шерлар»дан анча кучли эди. Лекин «Пахтакор»нинг орияти ундан ҳам кучлилик қилди. Ва Зайниддин Тожиев ўйин тугашига 2 дақиқа қолганда ҳисобни тенглаштирди. Ана ўшанда бутун стадион оёққа қалқиган эди. Мен учрашувни стадиондан кузатгандим. Ўшанда «Бунёдкор» фан клубидан ташқари ҳамма қийқириб юборганди, мен эса чин юрагимдан сезган эдим - халқимизнинг қанчалар «Пахтакор»ни севишини! Молиявий бақувват рақиби олдида халқ ҳеч ҳам «Пахтакор»ни ёлғиз қолдирмасди у пайтлар...
Мен яқин ўтмишни қўмсайман... Аниқ эсимда 2003-2004 йилги мавсум сўнгида «шерлар» жамоаси Осиё қитъасида клублар рейтингида биринчи ўринда борарди. Жамоа ҳеч қачон ички чемпионат ўйинларидаги ғалабаларида ҳеч кимда шубҳа қолдирмасди. Тошкентда эса деярли ҳеч кимга енгилмас эди. ОЧЛ ярим финалида «Бектеро Сасана» жамоасини қандай аҳволга солганини ёши катта мухлислар яхши эслашади. Ўша барчамиз ишонган «Пахтакор» жамоасини жуда ҳам соғиняпман. Менинг Ҳумоюн исмли укам бор. У ҳозиргача «Пахтакор»нинг ашаддий мухлиси. Ҳатто у ҳам тобора «Халқ жамоаси»дан совуб бораётганини тез-тез айтмоқда. Бу эса шонли жамоамиз обрўсини тобора тўкилиб бораётганига, ҳумоюнларнинг камайиб кетаётганидан далолатдир.
Бир эсланг, бу жамоа ўз даврида Уругвай термасини ортиқча қийинчиликсиз енгган, ўз тарихига, мухлисларига эга яхлит бир куч эди. Осиёнинг ҳар қандай жамоасини «Халқ жамоа»мизнинг олдида оёқлари қалтираб қоларди. «Пахтакор» ота-боболаримиз ардоқлаб келган, улардан бизга қолган футбол дурдонаси эди. Минг афсуслар бўлсинки, келишилган ўйинлару ғирром трансферлар, чўнтагини қаппайтириш учун юртимизга четдан келган бошқа миллат вакиллари бу жамоанинг биз учун қанчалар қадрли эканлигини қаердан ҳам билишсин?! Тўғри, футбол бизнес билан чамбарчас боғлиқ. Лекин ҳаётда пул билан сотиб олиб бўлмайдиган нарсалардан бири бу - мухлислар муҳаббати ва ишончи. «Пахтакор» жамоаси ўзбек халқининг эркатой фарзанди эканлигини тушуна оладиган мутахассислар клуб бошқарувига келмагунича бу жамоа сув остига чўкишда давом этаверади.
Сўнгги сўз: Мана шу видеони албатта кўринг! Ўша даврларни бир эсланг...!
Яҳёхўжа УЛУҒХЎЖАЕВ